Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:18

Ўзбекистонда ОТМларга талабаликка қабул қилишда инглиз тилига талаб кучаяди


Самарқанд Давлат университети қабул комиссияси.
Самарқанд Давлат университети қабул комиссияси.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида инглиз тили мажбурий фанлар блокига киритилаётгани шу кунларда тармоқларда қизғин муҳокама мавзусига айланган .

Баъзи абитуриентлар бу ўзгариш кириш имтиҳонларига уч ой қолган бир пайтда эълон қилинганидан норози.

“2-3 йилдан бери тарих ва она тилидан тайёрланаётганлар бор. Энди имтиҳонга уч ой қолганда иккинчи фан сифатида инглиз тилини қўйишяпти, қачон тайёрланиб улгурамиз”, - деб ёзди Телеграм каналида фарғоналик мактаб битирувчиси.

Баъзи бошқа абитуриентлар инглиз тилига талаб кучаяётганига қарши эмасликлари, лекин босқичма-босқич ўтилиши кераклигини айтишади

Ўзбекистон давлат тест маркази мулозими Озодликка абитуриентларнинг ҳавотирлари ўринсиз эканини урғулади.

“Инглиз тилини қўшиш тўғрисида лойиҳа бор. Биласиз, умумий мажбурий фанлар бор она тили, математика тарих, ўша блокка энди инглиз тили қўшилади. Лекин, бу йил фақат чет тили зарур бўлган ОТМларда шу ўзгариш киритиляпти. 2023-2024 ўқув йил учун имтихонларда эса тўлиқ бунга ўтилади”, дейди ДТМ мулозими.

“Инглиз тилини билиш ўзбекларни ғарбга яқинлаштиради”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг май ойида ҳар қандай таълим муассасасининг битирувчилари камида иккита чет тилини билиши шарт, деган эди.

2022 йилдан бошлаб эса барча давлат идораларида ишга янги қабул қилинганларнинг камида битта чет тилини билиши талаб этила бошланди.

Бу талаб, шунингдек, юқорироқ лавозимга кўтарилиш истагида бўлган давлат идоралари ходимларига ҳам тегишли.

Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишга талаб тобора ортиб борар экан, мазкур тенденцияни айрим экспертлар Ғарбга яқинлашувга интилиш белгиси ўлароқ кўрмоқда.

Швецияда яшовчи сиёсатчи Пўлат Оҳунов фикрича, инглиз тилини билиш ўзбекларни Ғарбга яқинлаштиради

“Инглиз тилини яхши биладиганлар инсоният тарихига ғарб адабиётлари орқали қарайди. Қолаверса, инглиз тили ўзбекларга рус маданияти, менталитети ва рус дунёси қадриятлари асирлигидан қутулиш имконини ҳам беради.

Бир пайтлар Москвадаги пропагандистлар томонидан ёзилган ва уларнинг маъқуллови билан миллий тилларга таржима қилинган тарих китобларини ҳозир ҳам ўқишади. Инглиз тили ғарбга ўзига хос кўприк.

Швецияда кекса авлод инглиз тилини яхши билмаган ва шунинг учун 80-йилларнинг ўрталарига қадар уларга совет тарғиботи жуда кучли таъсир кўрсатган ва кўпчилик одамлар сўл партияларга овоз берган.

80-йилларнинг охиридан бошлаб инглиз тилини яхши биладиган ёшлар сиёсатга кела бошладилар. Ўзбекистонда Инглиз тилига эътибор ва талаб кучаяр экан бу жуда яхши тенденция, бу инсонларнинг дунё қарашини ўзгаришига олиб келади, бунга ишончим комил”,- дейди Оҳунов.

Инглиз тилини билиш даражаси паст бўлган давлат

Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси жуда паст бўлган давлатлардан ҳисобланади.

EF English Proficiency Index ўтган йили дунёнинг турли давлатларида инглиз тилини билиш даражаси бўйича тадқиқот ўтказган.

Ўзбекистон рўйхатдаги 112 давлат орасида 88 ўринни эгаллаган.

Рейтингда Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси “жуда паст” ҳисобланувчи мамлакатлар гуруҳига киритилган бўлиб, ундан юқори поғонада Афғонистон (87-ўрин), пастида Сурия (89-ўрин) жойлашган.

Ўзбек тили Ўзбекистоннинг расмий давлат тили бўлса, рус тили, айниқса, пойтахт ва йирик шаҳарларда қўлланиш кўлами бўйича ҳануз иккинчи тил ҳисобланади.

Сўнгги йилларда эса ёшлар орасида инглиз тили ҳам оммалашаётгани ҳам кузатиляпти.

Олий ўқув юртларига кириш имтихонларига инглиз тили мажбурий фанлар блокига киритилиши ортидан эса қизиқиш яна ҳам ортган.

Тошкентдаги “Полиглот” тил ўргатиш маркази ходими Озодликка сўнгги бир ой очида Инглиз тилини ўрганишга талабгорлар сезиларли кўпайганини айтади.

“Ҳозир жуда кўп келяпти, айниқса мактаб битирувчилари. Группалар бир пастда тўлиб қоляпти”, дейди марказ ходими.

“Полиглот” тил ўргатиш марказида уч ойлик Инглиз тили курси 2 миллион 100 минг сўм атрофида.

Бу эса энг кам ойлик 800 минг сўмни ташкил этувчи давлат аҳолиси учун арзон эмас.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар ва Тошкентдаги АҚШ элчихонаси инглиз тили ўқитилишига кўмакчи бўлмоқда.

Улар кўмаги билан бепул кутубхона ва тил ўрганиш марказлари ташкил этиляпти.

Жумладан АҚШ элчихонаси кўмаги билан ўтган ой Қаршида Америка маркази очилди.

АҚШ кўмаги

Мамлакатда яқин келажакда яна шу каби олтита марказни очиш режалаштирилган бўлиб, АҚШ элчихонаси бу ташаббусга қайриб 1 миллион доллар маблағ ажратган.

Қўшма Штатлар ўзбекистонлик ўқитувчилар ва ўқувчиларга дарсликлар етказиб бериш билан ҳам кўмаклашмоқда.

Бу йилги ўқув йилининг бошида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID Ўзбекистоннинг икки вилоятидаги 208 мактабга 385 минг дона дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ҳадя қилди.

Cambridge University Press нашриёти томонидан ишлаб чиқилган ва умумий қиймати 10 миллион долларга тенг дарсликлар 5-11 синфлар учун ахборот-коммуникация технологиялари, 1-11 синфлар учун инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитишга ёрдам беради.

USAID шунингдек, 1000 дан ортиқ инглиз тили ва АКТ ўқитувчиларига янги дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан фойдаланиш ҳамда ўқувчиларга йўналтирилган ўқитиш стратегияларини ўргатмоқда ва қўллаб-қувватламоқда.

XS
SM
MD
LG