Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:15

English Index: Инглизчаси "жуда паст" Ўзбекистонда ота-оналар пулини репетиторга сарфлаяпти


Дунё мамлакатлари аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасини ўрганиб, бу соҳада ҳар йили рейтинг тузувчи EF English Proficiency Index тадқиқот маркази бу йил ҳам Ўзбекистонни тилни “жуда паст” билувчи мамлакатлар қаторига қўйди.

Айни пайтда ўзбекистонликлар ўз болаларининг чет тилларни ўрганишига катта эътибор қаратмоқда, имкони борлар ўғил-қизларини тил ўрганиш курсларига, репетиторларга бермоқда.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда чет тилларни оммалаштиришга доир бир неча қарор чиқарган, бундай қарорлардан сўнггиси жорий йил баҳорида қабул қилинган эди.

Мутахассислар фикрича, инглиз тилини билиш даражасини кўтариш йўлида тўсиқлардан бири дарсликлар сифатсизлиги бўлса, иккинчиси инглиз тили ўқитувчилари билими пастлигидир.

"Қолоқ"лар орасида илғорроқ

Аҳоли ўртасида инглиз тилини билиш даражаси бўйича EF English Proficiency Index рейтингида Ўзбекистон жорий йилда 122 мамлакат орасида 88-ўринни эгаллади. Бу ўтган бир йил ичида инглиз тилини билиш бўйича мамлакат позицияси ўзгармаганини кўрсатади.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қозоғистон рейтингда 96-ўринга, Қирғизистон 101-ўринга, Тожикистон эса 103-ўринга қўйилган. Туркманистон рейтингга киритилган эмас.

Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган.

Тўрттала фарзандимизни ҳам инглиз тили ўргансин деб қўшимча курсларга берганмиз.

Бу йилги рўйхат бошида аҳолиси инглизчани “жуда юқори” даражада ўзлаштирган Ҳолландия, Австрия, Дания, Сингапур ва Норвегия каби давлатлар турибди. Рўйхат охиридан эса Ливия, Руанда, Конго, Жанубий Судан ва Яман каби мамлакатлар ўрин олган.

Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси бўйича Марказий Осиёдаги қўшниларидан олдинда, бироқ минтақадаги бу постсовет давлатлари ёппасига “жуда паст” даражада қолаётганини мутахассислар бу давлатларнинг ўн йилликлар давомида асосий эътиборни рус тилига қаратгани билан тушунтиради. Рус тили асосий тил бўлган Россия рейтингнинг 51- поғонасини эгаллаган.

Ўзбекистонликлар бутун ер юзи бўйлаб “миллатлараро сўзлашув тили”га айланиб қолган инглиз тилини болаларига ўргатишга катта қизиқиш билдираётгани Озодлик ўтказган суҳбатлардан маълум бўлди.

Инглиз тили учун ойига 2 млн сўм

Тошкентлик Шоира Ғуломова, тўрт фарзанднинг онаси. Унинг Озодликка айтишича, катта ўғли Миллий университетнинг иккинчи курсида, кичиги Дипломатия университети лицейида ўқийди. Учинчиси - қиз, у ўрта мактабнинг 3- синфида ўқийди, тўртинчиси -ўғил, у ҳозирча боғчада.

“Тўрттала фарзандимизни ҳам инглиз тили ўргансин деб қўшимча курсларга берганмиз. Хўжайиним ҳар бири учун ойига 500 минг сўмдан, жами 2 миллион сўм тўлайди. Мақсадимиз - фарзандларимизни чет элда ўқитиш. Бунинг учун эса, улар инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро тестдан ўта олишлари керак. Мактаб дастури доирасида оладиган билимлари бундай тестдан ўтишга имкон бермайди”.

Қизим бу йил мактабга борди. 1- синфда ўқийди. Мактабдан кейин инглиз тилига боради.

Шоира Ғуломованинг айтишича, шу кунда Тошкентда тил ўргатадиган юзлаб курслар, улар орасида бир ойлик ўқиш бир миллион сўм турадиганлари ҳам бор.

Яна бир суҳбатдошимиз Қарши шаҳридан. Исми айтилишини истамаган бу аёлнинг сўзларига кўра, у бир қизи билан ёлғиз яшайди – эридан ажрашган:

“Қизим бу йил мактабга борди. 1- синфда ўқийди. Мактабдан кейин инглиз тилига боради. Ҳафтада 3 кун 2 соатдан дарс олади. Ойига 200 минг сўм тўлаб ўқитяпман. Тилни ўзлаштирвосин, кейин чет элдаги мактабга қўяман”.

Ўқитувчилар савияси жуда паст

Қашқадарёнинг Косон туманидаги мактаблардан бирининг инглиз тили ўқитувчиси Д.Ш. инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон жуда паст баҳо олганини қишлоқ мактабларида тил ўқитиш сифати пастлиги билан изоҳлади. Ўқитувчининг фикрича, сифат пастлиги биринчи навбатда ўқитувчилар савияси пастлигидан:

У ёки бу ҳамкасбимнинг аттестациядан ўтолмаганини эшитамиз. Кейин қарасак, яна ишлаётган бўлади.

“У ёки бу ҳамкасбимнинг аттестациядан ўтолмаганини эшитамиз. Кейин қарасак, яна ишлаётган бўлади. Бас, шундай экан, унда нима учун аттестация ўтказиб, ўзларини ҳам, ўқитувчини ҳам овора қилишади?!”

Косонлик ўқитувчи у яшайдиган туманда ҳам болаларига инглиз тилини ўргатишга қизиқувчилар кўплигини, тумандаги 10 дан зиёд ўқув марказларида ўғил-қизларга инглиз тили ўргатилаётганини эътироф этди.

Инглиз тилини ўргатиш билан боғлиқ вазиятга баҳо берар эканлар, қашқадарёлик мактаб ўқитувчиси билан фарғоналик ўқитувчи Баҳодир Элибоевнинг гапи бир жойдан чиқди.

9 йилдан бери инглиз тилидан дарс бериб келаётган муаллим Элибоев Ўзбекистоннинг халқаро рейтингда пайт ўринни эгаллаганидан ҳайрон бўлмаганини айтади:

“Халқаро рейтингда Ўзбекистон аҳолиси инглиз тилини жуда паст ўзлаштирган мамлакатлар сафидан жой олгани мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Чунки аҳвол чиндан ҳам шундай. Бироқ тил ўрганишга қизиқиш жуда катта. Буни биргина бизнинг Риштон тумани марказида очилган 15 га яқин ўқув марказларида инглиз тили курслари борлигидан ҳам билса бўлади. Ўқув марказларида ҳар бир ўқувчи 1 ойга битта фан учун ўртача 100 минг сўм тўлайди. Бундан ташқари ўқувчи курсга қатнаш учун сарфлайдиган йўл кирани қўшсангиз, ҳаражат ўртача 200 минг сўмга айланади. Фарғона шаҳрида бундай курслар ойига 200 минг сўмдан бошланади”.

"Биз бир нарсани ўқитамиз, ДТМ бошқа нарсани сўрайди"

Дарсликлар ўқувчида reading ва speaking кўникмаларини пайдо қилиш ва уларни ривожлантиришга қаратилган. Давлат тест маркази имтиҳонлари эса, асосан, грамматикага асосланади.

Баҳодир Элибоев инглиз тилини ўқитиш ва бу соҳадаги билимни синаш масаласи бир-бирига боғланмаганига эътибор қаратади:

“Дарсликлар ўқувчида reading ва speaking кўникмаларини пайдо қилиш ва уларни ривожлантиришга қаратилган. Давлат тест маркази имтиҳонлари эса, асосан, грамматикага асосланади. Инглиз тили ўқитувчилари шунинг учун грамматикани ўргатишга зўр беради. Натижада, бола инглиз тили грамматикасидан анчайин билимли бўлиб қолар, лекин у гапира олмайди”.

Инглиз тили ва... энергия тақчиллиги

Инглиз тили ўқитувчисининг фикрича, ўқитиш сифатини оширишга тўсқинлик қилаётган яна бир омил мактаблар моддий-техник базаси заифлиги ҳамда энергия тақчиллигидир:

“Ҳозир чекка жойлардаги таълим усули эски совет давридан қолиб келаётган усулдир. Кейинги йилларда пайдо бўла бошлаган анча-мунча янги дарсликларда эса, илова қилиниши лозим бўлган listening учун CD бўлмайди. CD бўлган тақдирдаям, электр тақчиллиги учун уларни эшитиш имконсиз. Reading ва speaking масаласида проекторлар ҳамма мактабларга ҳам берилмаган. Берилганлари ҳам ё ишламайди ёки электр қуввати узилишлари сабабли ишлата олмайсиз”.

Баҳодир Элибоевнинг фикрича, муаммоларнинг каттаси - ўқитувчилар билимсизлигидир:

Репетиторлик курслари ягона таълим таянчи бўлиб қолмоқда.

“Аксари инглиз тили ўқитувчилари ўқишни контракт асосида битирган. Уларни мустақил тестдан ўтказсангиз, дипломларини бекор қилишга тўғри келади. Афсуски, таълимдаги коррупция ва таниш-билиш илик туфайли сифатсиз кадрлар ҳам мактабларда дарс беришда давом этмоқда. Оқибатда ,репетиторлик курслари ягона таълим таянчи бўлиб қолмоқда”.

Ҳукумат тан олган аччиқ ҳақиқат

Инглиз тили ўқитувчиларининг билими ўта пастлигини ҳукуматнинг ўзи ҳам тан олган.

1400 та мактабда чет тилини ўқитиш аҳволи талабга жавоб бермаслиги, 2000 та чет тили ўқитувчилари лавозими вакант қолаётгани, мактабларда ишлаётган жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эгалиги жорий йилнинг 6 майида президент Мирзиёев раислигида чет тилларни ўқитишни такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда эътироф этилган эди.

Ўша йиғилишда 11 минг нафар инглиз тили ўқитувчиси тест топширгани, уларнинг 49 фоизи тестдан ўтолмагани ҳам айтилган.

6 май кунги видеоселектор йиғилиши ортидан 19 майда Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

XS
SM
MD
LG