Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 01:12

Дилором Каримова, актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

“Россия Украинага босқинини махсус операция деб атаганига бутун дунё таажжубда. Бу уруш, қирғинбарот уруши. Мен энг аввало аёлман, онаман. Оналар ҳеч қачон уруш тарафдори бўлмаган. Бу уруш оналар қалбига отилган ўқ бўлди. Албатта, она сифатида бу урушга бутун вужудим билан қаршиман. Агар мен эркак бўлиб яралганимда украинлар тарафида уришаётган грузиялик, белоруслик, чеченлар ёки бошқа миллат вакиллари қаторида қўлимга қурол олиб урушган бўлар эдим.

Россия шовинист бўлганидан кейин, дунёда ўзидан энг буюк миллат ясаб олганидан кейин, кўз кўр бўларкан, қалб кўр бўлар экан. У ўзининг энг қадрдон биродарини ҳам танимас экан, ота-онасини ҳам билмас экан. Тахт учун, ҳукмронлик учун курашганлар отани ҳам ўлдирган, ака-укаларини ҳам ўлдирган. Россия ҳам ҳозир дунёда ўзининг қудратлилигини намойиш қилиш учун худди шу вазифани бажаряпти.

Мен рус зиёлиларига қараб туриб жудаям хафа бўлиб кетяпман. Бунга битта мен эмас, бутун дунё хафа бўляпти. Биз рус адабиёти, санъатини катта бир ҳурмат билан, ҳайрат билан қабул қилардик. Мана шу миллатнинг баъзи зиёлилари Путиннинг бу агрессиясини маъқуллаб турибди. Миллатнинг ойдинлари эса чет элга чиқиб кетмоқда, чунки уларнинг урушни қораловчи чақириқлари қамоқлар билан якун топмоқда.

Мен Россияда бутун халқ урушга қарши бўлиб, уруш бўлмасин, болаларимизни урушга бермаймиз деб кўчаларга чиқади, деб ўйлаган эдим. Йўқ бундай ҳодиса бўлмади. Россиядаки шундай бўлмагандан кейин, бизда нима бўлади экан деб ўйлайманда.

Тўғри уруш бошланган биринчи кунда бизнинг бир қанча ёзувчиларимиз, шоирларимиз, адабиётчиларимиз ўз сўзларини ижтимоий тармоқларда айтдилар. Лекин мени ҳайрон қолдираётган нарса шуки, жуда кўпчилик шу даражада бефарқ, шу даражада лоқайдки, буни кўриб оғир ўйга толаман. Лекин улар ҳам онаку, мен қатори аёлларку, мен улардан бир бошқа жиҳатим билан фарқ қилмайманку. Ўзининг фаразндини уларнинг ўрнига қўйиб кўрмасмикин, дейман.

Бундан ташқари ер жойининг бир жойида бомба портласа унинг чанги менга келади. Бир жойда уруш бўлса унинг таъсири айланиб-айланиб менга келади. Менга ҳеч нарса бўлмаяптику деб, бунақа лоқайд ўтириш ниҳоятда калтабинлик. Барибир уришнинг ўзими, таъсирими бизга ҳам келади. Шунинг учун лоқайд бўлмаслигимиз керак, қўлимизга қурол олиш имкони бўлмаса ҳам ҳеч бўлмаганда “ бўлмасин уруш, йўқ бўлсин уруш” деб ҳайқиришимиз керак. Айнан ана шу лоқайдлик мен учун жуда оғриқли нуқта ва мен бундан жуда қаттиқ риёзат чекяпман”.

XS
SM
MD
LG