Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:29

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Россия суверен давлат ҳисобланмиш Украинага бостириб кирди. Бунинг учун ҳар қанча сабабу баҳонаси топиб кўрсатилмасин, қўшни мамлакатга қурол кўтариб киришни оқлабу ёқлаб бўлмайди.

21 асрда яшаб туриб ҳам инсониятнинг бир қисми ҳалигача ғор тафаккури ва тасаввури билан яшаётганлигининг исботи бу. Демак, башар аҳли қаршисида улғайиш томон чўзилган машаққатли узун йўл турибдики, уни босиб ўтиш керак бўлади.

Агрессияни ҳатто кўнгилда ёқлаш ҳам унга овоз бериш билан, агрессорнинг ёнида туриш билан баробар. Аслида, бундай агрессиялар кўнгилда агрессияга мойилликдан келиб чиқади. Ёмонликка, бузғунчиликка, урушга мойилликни йўқ қилиш учун эса, дунё миқёсида жуда катта маърифий ишлар олиб бориш кераклиги ҳам билиниб қолди.

Дунёда ҳали-ҳамон қўпол куч бирламчи эканлиги мени ташвишга солади. Инсониятнинг бунёдкор руҳга эга сара фарзандлари эмас, балки бузғунчиликка мойил, тафаккур бобида қуйи табақага тегишли тасодифий вакилларининг ҳокият тепасига келиб қолиши замонавий дунёнинг чинакам фожиаси.

Чунки юз йил олдинги диктатор истаса ҳам ер шарини ўз ўқи орбитасидан чиқариб юбора олмасди, бугун эса, ҳозирги қуроллар билан курраи заминни бир эмас, минг карра тескари айлантириб юбориш мумкин.

Яъни қарийб 7.5 миллиардни ташкил қиладиган ер аҳолисининг тақдири бир ёки бир неча кишининг кайфиятига қараб қолаётгани аянч. Бунга ҳеч қандай замону ҳеч қайси маконда йўл қўйиб бўлмайди.

Камина юртимиз мустақилликка ноил бўлиб, энди атак-чечак қилиб юра бошлаган 90-йилларда “Мувозанат” деган роман қоралаганман. Асар ҳозиргача 7 марта нашр бўлди.

Унда мустақиллик бизга Яратганнинг тортиғи бўлди, энди уни асраб, ҳимоя қилиш ва асралганни ривожлантириш ўз қўлларимизда; бунинг учун модда ва руҳ ўртасидаги мувозанатга эришмоғимиз лозимки, бунинг бирламчи шарти – илғор тафаккурли, бунёдкор руҳли инсонларни жамиятнинг тўрисига, яъни бошқарув нуқталарига олиб келадиган тизим яратишдир, дейилган.

Бунга яна қўшимча қилиб шуларни айтишим керакки, бугун давлатимиз ўзининг мудофаа қудрати устида кўпроқ қайғурмоғи, суверенитетни сақлаб қолишнинг замонавий йўлларию воситалари нима бўлса, ана ўшаларга эга бўлмоғи шарт, деб биламан. Яъни мамлакат мустақиллигини энди наинки амалда, балки сўзда ҳам бой бериб бўлмайди.

Сиз мендан бир ўзбек зиёлиси сифатида уруш, мустамлакачилик ва мустақиллик масалаларига қандай қарайсиз, дея сўрар экансиз, бу саволга менинг катта жавобим ана шу романда батафсил айтилган. Кичик жавобни эса, юқорида андак баён қилдим. Не бахтки, улар ўртасида ихтилоф йўқ. Соғ бўлинг!"

XS
SM
MD
LG