Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 01:51

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Бошдан айтиб қўяй: шахсан мен муаммоларни уруш йўли билан ечишни қоралайман, урушларсиз, бузғунчиликларсиз ҳаётни орзу қиламан. Лекин воқеликда бунинг сира иложи йўқ. Кишилик тарихи турли-туман урушларга тўла.

Модам урушлар муқаррар экан, урушлар тирикликнинг ажралмас бир бўлаги экан ва инсоният бу қонли можаролардан қочиб қутулолмас экан, ўтган ва бўлаётган урушларга баҳо унинг сабаб-оқибатларига қараб берилади.

Урушлар икки турли бўлади: адолатли ва адолатсиз.

Ўрисия – Украина урушида менинг ўлчовим оддий: ўзини қанча оқламасин, қанақа сабаблар кўрсатмасин, бировнинг юртига бостириб кириш ўта адолатсизликдир. Бунинг тескариси – юртини, халқини, эркини, мустақиллигини босқинчилардан ҳимоя қилиш адолатлидир.

Бу ерда Ўрисия тажовузкор давлат экани очиқ. Икки ярим ойдан бери давом этаётган бу урушда шаҳарлар, қишлоқлар ер билан битта бўлди. Тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар кўп. Беш милёндан ортиқ украиналик уйини-жойини ташлаб қочишга ва бошқа юртларга сиғинишга мажбур қолди ва қочоқлар оқими ҳануз тўхтагани йўқ. Украинада инсоний фалокат яшаняпти, деса бўлади.

Булар барига Ўрисиянинг украин халқини ўз измига юргизишга бўлган ҳирси сабабдир. Шу нарса уни адолатсиз қилади.

Эси бор одам бу урушда Ўрисияни оқламайди. Натижада дунёнинг қирқдан ортиқ давлати бу урушда Ўрисияни яккалаб қўйди, Украинанинг ёнини олиб бирлашди. Ўрисияга қарши турли-туман чоралар қўллаяпти, Украинага эса чекланмаган миқдорда ҳарбий, моддий ва маънавий кўмак беряпти.

Адолат нуқтаи назаридан айтмасам бўлмайди: худди шу нуқтада мен Ғарб давлатлари сиёсатида иккиюзламачиликни ҳам кўраман.

Биринчидан, Украинага ҳар томонлама ёрдам бераётганлари, Ўрисияни ҳар томонлама синдиришга ҳаракат қилаётганлари адолат тараф бўлганларидангина эмас. Бу ерда Амрика бошлиқ Ғарб билан Ўрисия орасида эскидан давом этиб келаётган душманлик ва рақобатнинг ҳам катта ҳиссаси бор.

Иккинчидан, шу Ўрисиянинг Сурияда кўрсатган ваҳшийликларига Ғарб кўз юмиб келди. Ҳолбуки, у ерда Украинадагидан бир неча баробар кўп одамларни қириб юборди, шаҳару қишлоқларни вайрон қилди.

Нимага унда Ғарб Ўрисияга қарши ҳозиргидай уюшмади? Иқтисодий уруш эълон қилмади? Оғзаки қоралаб, қуруқ гап билан кифояланди?

Бу ўринда одам ажратиш, миллат ажратиш, дин ажратиш яққол кўриниб турибди.

Инсоният 21-асрда маданий жиҳатдан янги босқичга кўтарилди деб ҳисоблайман. Энди бир давлат бошқа бир давлатни қўшин тортиб бориб истило қилишдек ёввойи одатлар даври ўтди, деб ўйлардим. Чунки бостириб боришдан мақсад моддий бойлигини талаш, ўзига бўйин сундириш бўладиган бўлса, ҳозирги даврда бу кир ишнинг ҳам анча “маданий” услублари чиқиб кетган. Масалан, бозор (ва ҳоказо) орқали ҳам эгалласа бўлади. Одамлар ва мамлакатлар бошига шунча кулфат солишга ҳожат йўқ ҳозирги замонда.

Ўрисиянинг империячилик ва шовинистлик иддаолари ва ҳаракатлари ёввойи (варвар)ликдан бошқа нарса эмас. Энди бу уруш ўзининг бошига катта фалокат келтириши муқаррар бўлиб қолди".

XS
SM
MD
LG