"Россиянинг Украинани босиб олишга қаратилган уруши кўпчилик томонидан 1930 йилларни эслатаётгани айтилди. Бир давлат қўшни давлат территориясига бостириб кириши ва унинг чегаралари дахлсизлигига рахна солиш, миллатчиликка, ўз манфаатларига асосланган пропаганданинг илгари сурилиш айнан ўша даврни эслатган бўлса ажабмас.
Россия босқини: Гапириш фурсати
Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.
Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.
Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?
Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.
Владимир Путин бу урушда ўзини икки йўл билан оқлашга ҳаракат қилди. Биринчиси, у Россияни НАТО агрессиясининг жабрланувчиси қилиб кўрсатди. Иккинчиси ,Укранада нацист фашистларнинг вужудга келгани ва рус тилли Украин халқини қириб ташлаётганини сабаб қилиб кўрсатди.
Бу кўрсатилган сабаблар қанчалик мантиқли деган бир савол туғулади. Агар биз тарихга назар ташлайдиган бўлсак Россияга бир неча марта ҳозирги НАТО аъзоларининг ҳужум қилганини кузатишимиз мумкин, жумладан 1610-1612 йилларда Полшанинг Кремлни босиб олиши, Швециянинг 1708-1709 йилларда Россияга бостириб кириши, Наполеоннинг 1812 йилдаги ҳужуми ва Германиянинг 1914-1918 йилларда Россияга ва яна 1941 йилда Совет Иттифоқига уруши.
НАТО иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда тинчлик ўрнатишга бўлган ҳаракатлар натижаси ўлароқ тузилган бўлса-да, у ҳар доим Коммунист системасига қарши куч сифатида кўрилган. НАТО бошланғич 12 аъзо давлатларидан кейин унинг кенгайиб боришида мантиқ кўрмайман.
Урушга Россиянинг Ғарбдан шубҳа-гумонлари ва қўрқуви сабаб бўлган бўлиши мумкин, аммо, бу тарихий воқеаларнинг бирортаси, Россиянинг ички руҳи, унинг Украинага бостириб киришини ва Украинани НАТО ва Европа иттифоқига киришига қарши агрессив жавобини оқлай олмайди.
Украина мустақил давлат сифатида бу қарорларни ўзи беришга ва суверен ҳуқуқларидан фойдаланишга ҳақли. Агар Россиянинг бу урушдан мақсади НАТО кенгайишини олдини олиш бўлса, бу уруш тескари натижалар берди. НАТО ҳамжамиятига кирмоқчи бўлаётган давлатлар сони яна бир нечтага кўпаяётганини кўраяпмиз.
Россиянинг иккинчи баҳонаси қабул қилиб бўлмайдиган баҳона. Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши ва қонунга ғилоф равишда ўз территориясига қўшиб олиниши бугун Украинада бўлаётган ҳодисаларнинг бошланиши эди. Донбасда Россиянинг ажратувчи кучлари доим фуқаро кийимида мавжуд бўлгани ва регионда нотинчликлар олиб боргани тўғрисида маълумотлар жуда кўп. Яна суверен давлат ҳуқуқидан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, Украина территориясида бўлаётган воқеликлар учун Россиянинг ҳужуми мантиққа сиғмайди.
Урушлар жуда қимматга тушадиган сиёсий ўйинлар. Россия агрессияси Украин халқини хонавайрон қилиш билан бирга Россияни жуда оғир иқтисодий аҳволга туширганига шубҳа йўқ. Бутун дунё бу иқтисодий юкни ҳис қилади.
Путин бу урушнинг бунчалик узоққа чўзилишини кутмаган эди ва энг асосийси Украина кучларига писандсизлик билан қараган эди. Украина хаёлга келмаган чидамлилик кўрсатди. Аммо бу уруш Украина замини ва халқига етказган зарарни кўриб, ҳатто уруш Украина ҳисобига ҳал бўлгандаям, уни ғалаба дейиш қийин бўлади. Балки сиёсий ғалаба дейиш мумкиндир".