Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:03

Мусанниф Адҳам, блогер


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Босқинчи Россия ақлини еган раҳбари Путин бошчилигида бутун дунё кўз ўнгида, 8 йил аввал ўзи қўл қўйган "Минск шартномаси"даги Украина ҳудудлари дахлсизлиги ҳақидаги бандга ҳам тупуриб, мустақил мамлакат бўлган Украинага ҳарбий тажовуз бошлади.

Дунё эса худди 1938 йили Гитлер Чехословакияни қандай қилиб бўлаклаб олганини жим томоша қилиб турганидек, айни воқеаларни қўрқа-писа кузатиб турибди. БМТ расмийлари "чуқур хавотирда".

Тўғри, бунда эҳтиросга берилиш, "буюк" бир мамлакатнинг "шонли" раҳбарини ҳақорат қилиш белгилари бордир. Аммо бу урушга, агрессияга нисбатан муносабатим ҳали ҳам шундай: Россия тўла-тўкис босқинчилик урушини олиб боряпти. Аммо ўтган уч ой давомида бир нарса ўзгарди: энди Ғарб мамлакатлари фақат "чуқур хавотир" ва "қоралаш" билан банд бўлмай, Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлай бошлади. Чунки украинлар босқинчи Россияга қарши ўзларининг нималарга қодир эканини исботлаб бера олишди.

"Украина пост-совет ҳудудида фақат ўзининг эмас, бошқа собиқ иттифоқдошлар мустақиллигини ҳам ҳимоя қиляпти", деб кўп айтишяпти, ёзишяпти. Мен шу фикрга қўшиламан: Украина ўн йиллар давомида шаклланган афсона – Россия армиясининг "қудрати" ва "енгилмас" эканлиги ҳақидаги чўпчакларни йўққа чиқарди.

Шу пайтгача собиқ совет мамлакатларида ҳақиқий ислоҳотларни ўтказиш айнан Россия босқини, ҳеч бўлмаса, босимига учраш таҳдиди туфайли ҳам кечиктириб келинган. Бироқ кўрдикки, Россияда бундай куч, қудрат йўқ экан: коррупция, бюрократия бу мамлакатни ичдан емириб бўлган экан.

Рус тарғибот ТВ каналларини "эмиб" улғайган, шулар асосида фикри шаклланган омма ўзбеклар Россия-Украина урушида тажовузга учраган Украинани эмас, босқинчи Россияни қўллаётгани бугунги кунимизнинг энг катта фожиаларидан.

Аммо Украина ўзи учун адолатли ва ҳақли бўлган бу урушда муваффақиятга эришиб борса, бу нарса Ўзбекистондаги россияпараст тоифанинг ҳам онгини секин-аста ўзгартиради, деган умиддаман.

XS
SM
MD
LG