Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:23

Энергетик ислоҳотга старт берилди: Нарх ошади; лимит ўрнатилади


Энергетик бўҳрон сабаб одамлар йиллардан бери газни таппига алмаштирган.
Энергетик бўҳрон сабаб одамлар йиллардан бери газни таппига алмаштирган.

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан Зарафшон дарёси бўйида иккита гидроэлектр станцияси қурилишига старт берди. Ушбу ГЭСлар ишга тушса, жами 600 мингдан ортиқ оилани электр энергияси билан таъминлаш режаланган.

Ушбу хабар давлат телеканаллари орқали олқишланаётган бир пайтда Ўзбекистонда энергетика ислоҳотига ҳам старт берилди.

1 июлдан электр ва табиий газга табақалаштирилган нарх белгиланиб, “ижтимоий норма” жорий қилинади, лимитдан ортиқча ишлатганлар икки баравар қиммат тўлаши шарт бўлади.

Режага кўра, аҳоли учун 1 кВт электр энергия тўлови 10,16 % қимматлайди, лимитдан (250 кВт соат) ошиқ электр учун икки баравар нарх белгиланади.

1 метр\куб табиий газ нархи эса 7,89 %га ошади, лимитдан зиёд газ учун қарийб уч баравар нарх белгиланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 1 кВт\соат электр нархи 295 сўмни ташкил этади. Табиий газ нархи эса 1 куб\м учун 380 сўм қилиб белгиланган.

Янги тартиб: Ижтимоий норма

Янги ислоҳотларга доир ҳукумат қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида 15 июнгача муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага кўра, электр ва газ учун “ижтимоий норма” қуйидагича:

  • Электр энергияси истеъмоли бўйича лимит 250 кВт соатгача;
  • Табиий газ бўйича лимит мавсумга қараб белгиланади: апрель-сентябрь ойлари учун 200 куб метргача;
  • октябрь-март ойлари учун 700 куб метргача;

Расмий релизда таъкидланишича: “Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда, бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади”.

Нарх ошади

Режага кўра, аҳоли учун 1 кВт электр энергия тўлови 295 сўмдан 325 сўмга қимматлайди, лимитдан (250 кВт соат) ошиқ электр учун 650 сўм нарх белгиланади.

1 метр\куб табиий газ нархи эса 380 сўмдан 410 сўмга ошади, лимитдан зиёд газ учун 1200 сўм нарх белгиланади.

  • 1 кВт\соат электр учун – 325 сўм;
  • 1 куб\м табиий газ истеъмоли иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм;
  • Электр истеъмоли 250 кВт\соатдан ошса, ҳар 1 кВт\соат учун- 650 сўм;
  • Табиий газ белгиланган лимитдан ошса, 1 куб\м учун 1200 сўм бўлади.

Ўзбекистонлик иқтисодий блогер Отабек Бакиров энергетика ислоҳотини шарҳлар экан, индексация ва инфляция ҳисоб-китобини шундай келтиради:

“Амалдаги, 2019 йил августдан бери амал қилаётган тарифларга солиштирилса, индексация электр энергияси бўйича 10,16%ни, газ бўйича эса 7,89%ни ташкил этади. Ушбу даврда расмий инфляция 27%дан ошгани инобатга олинса, ижтимоийлик тамойили тарифларда ҳам сақланган”.

Бизнес учун қиммат нарх

Янги қоидага кўра, юридик шахслар учун қимматроқ нарх белгиланган:

Электр учун ҳар кВт\соат учун 600 сўмдан, газ учун эса ҳар куб\м учун 1150 сўмгача нарх белгиланган.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва бюджет ташкилотлари, шунингдек давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари учун тарифлар янада қимматроқ ўрнатилган:

Электр учун ҳар кВт\соат учун 800 сўмдан, газ учун эса ҳар куб\м учун 1300 сўмгача нарх белгиланган.

Ўзбекистонда электр энергия ва газ нархи охирги марта 2019 йилнинг август ойида оширилган эди.

Ҳукумат режасига кўра, 2023 йил 1 апрелдан юридик шахслар учун электр нархлари 700 сўмгача, газ нархлари эса 1200 сўмгача оширилади. 2024 ва 2025 йилларда фақатгина йиллик инфляция даражаси миқдорида индексация қилиб борилади; 2026 йилдан бошлаб табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

Нега айнан 250?

Электр энергияси истеъмолига лимит ўрнатилиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Жумладан, депутат Расул Кушербоев бу аҳоли эътирозига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди:

“Назаримизда аҳолининг ҳарид қобилияти ва реал даромадини инобатга олмаган ҳолда белгиланиши кутилаётган бундай ижтимоий норма кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлади.

Хуллас агар нон ортидан 250 квт ижтимоий норма белгиланиб, ундан ортиғига отни калласидек нарх белгиланадиган бўлса бу тасаввур қилиб бўлмас салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Таклиф бераётганлар шунга тайёр туришсин”.

Тошкентда яшовчи Абдураҳмон эса янги ислоҳотларга қарши эмас. Унинг айтишича, 5 киши яшайдиган уч хонали уйи учун ҳар ой белгиланаётан лимитдан ҳам кам электр ишлатади.

У тақдим қилган ҳисоб нусхасида унинг хонадони апрель ойида 208 кВт, май ойида эса 210 кВт электр ишлатгани қайд қилинган.

Блогер Отабек Бакиров эса масаланинг бошқа бир жиҳатига аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлайди:

“Битта ҳовлида 3-4 оила, 20-25 та одам яшайди, қишлоқ туманларда шундай оилалар етарли. Улар учун ягона 250 киловатт электр ёки 200/700 куб газ ижтимоий нормаси берилиши адолат посангисини унча тўғри ушламайди. Бу тоифа бўйича, масалан Грузия ва Украинада кўрганим - агар истеъмолчилар ўзларининг автономлигини исботлай олишса, ҳар бир оила учун алоҳида истеъмолчи сифатида рўйхатга олиш ва ҳар бири алоҳида ижтимоий нормага эга бўлиши мумкин”.

Ижтимоий норма дунёнинг айрим давлатларида қўлланилаётган амалиётдир. Жумладан, қўшни Қирғизистонда ҳам электр энергияси учун ижтимоий норма ўрнатилган бўлиб, уларда Ўзбекистонга нисбатан қарйиб 3 баробар кўпрок - 700 кВт\соат лимит белгиланган. 1 кВт электр нархи 77 тийин (106 ўзбек сўми) бўлиб, агар нормадан ошса, 2 сом 16 тийин тўлаш шарт.

“Қозоқ қиши” ва ўзбекларнинг энергетик ислоҳоти

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда энергетик ислоҳот ўтказиш режаси “қозоқ қиши” воқеаси ортидан ўртага чиққан. Қўшни Қозоғистонда жорий йил бошида ёқилғи нархидан норози аҳоли қўзғолони мамлакат бўйлаб тартибсизликларга сабаб бўлганди.

Шу пайтгача кўз юмиб келинаётган электр ва газ тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларни Тошкент ҳукумати ислоҳотлар йўли билан бартараф этишга қарор қилган кўринади.

Янги ислоҳотнинг асосий мақсадларидан бири “аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг манфаатларини ҳисобга олиш” экани таъкидланган.

Расмий маълумотга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробарга ошган яъни 61 млрд кВт\соатдан 72 млрд кВт\соатга ошган.

Бироқ кейинги 20 йил давомида кузатилаётган электр тақчиллиги сўнгги 5 йилда ўзгаргани сезилмади.

Буни расмийлар ҳам тан олишган. Иқтисодий тараққиёт, Молия ва Энергетика вазирликларининг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги қўшма баёнотида қайд қилинишича, 2021 йилда аҳоли учун электр энергияси етишмовчилиги 2−3 млрд кВт\ соатни ташкил этган.

Таҳлилчиларга кўра, жорий йил 25 январь куни энерготизимдаги “йирик носозлик” туфайли содир бўлган блэкаут ҳодисаси ҳам расмий Тошкентни соҳани ислоҳ қилишга ундаган. Қозоғистон томони ушбу ҳодисада Ўзбекистонни айблаган эди.

Ўша пайтда президент Мирзиёев Ўзбекистон энергетика тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Айни пайтда мамлакатда газ ва электр тақчиллиги барҳам топмаган бўлсада, бу маҳсулотларни экспорт қилиш тўхтаганича йўқ:

  • Жорий йил бошида ички талабни қондириш учун Хитойга газ экспортини тўхтатган Ўзбекистон ўтган ойдан экспортни қайта тиклади.
  • Ўзбекистон Афғонистонга 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолаган.
Блэкаутга сабаб бўлган ягона энергоҳалқа нима ва у қандай ишлайди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG