Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2022, Тошкент вақти: 19:59

Украина буғдойининг ҳосили икки баробарга камайиши мумкин. Уруш хроникаси

Урушнинг 159-куни

Ғалла юкланган илк кема 1 август куни Одессадан Ливаннинг Триполи бандоргоҳига қараб йўлга чиқди.

Украина буғдойининг ҳосили 2022 йилда икки баробарга камайиб кетиши мумкин, деб ёзди твитер саҳифасида президент Владимир Зеленский.

Қизил Хоч халқаро қўмитаси сепаратчилар назоратида бўлган Донецк вилоятининг Еленивкадаги колониясига киришга расман рухсат олмаганини билдирди.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Севастопол шаҳрида учувчисиз самолёт Россия Федерацияси Ҳарбий-денгиз флоти Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ҳужум қилди. Олти киши яраланди.

Президент маслаҳатчиси Алексей Арестович Россия ҳудуднинг босиб олинган қисмларида қўшин тўплаётганини айтди.

Ҳарбий-денгиз кучлари куни парадида сўзга чиққан Путин денгиз флотига яқинда Россия икки ярим йилдан бери синовдан ўтказаётган гипертовушли ракеталарни етказиб берилишини айтди.

12:22 1.8.2022

Ғалла юкланган биринчи кема Одесса бандаргоҳини тарк этди

Ғалла юкланган илк кема 1 август куни Одессадан Ливаннинг Триполи бандоргоҳига қараб йўлга чиқди. Кема хавфсизлигини БМТ ва Туркия назорат қилувчи йўлак бўйлаб сузади. Сьерра-Леоне байроғи остида ҳаракатланаётган Razoni кемаси 26 минг тонна жўхори олиб кетмоқда.

Туркия Мудофаа вазирлиги Одесса бандоргоҳидан ғалла юкланган илк кема йўлга чиққанини тасдиқлади. Razoni кемаси Истанбулга 2 август куни етиб келади ва ўша ерда текширувдан ўтказилади.

УНИАН агентлиги кеманинг Одессадан йўлга чиқиши видеосини эълон қилди.

06:03 1.8.2022

Украина буғдойининг ҳосили икки баробарга камайиши мумкин

Украина буғдойининг ҳосили 2022 йилда икки баробарга камайиб кетиши мумкин, деб ёзди твитер саҳифасида президент Владимир Зеленский. У ўз маълумотида муайян бир рақамларни келтирган эмас.

«Бизнинг асосий мақсадимиз Россия босқини оқибатида юзага келадиган глобал озиқ-овқат инқирозига йўл қўймасликдир»,-деб ёзди Зеленский.

Украина статистикасининг билдиришича, 2021 йилда Украинада 107 миллион тонна ғалла ва мойли ўсимликлар етиштирилган. Украина ғалла ассосиацияси июнда 2022 йил ҳосили 66,5 миллион тонна бўлишини прогноз қилган.

05:23 1.8.2022

Қизил Хочга ҳозирча ўнлаб украин ҳарбий асири ҳалок бўлган Еленивкага киришга рухсат берилмади

Еленивка қамоқхонаси.
Еленивка қамоқхонаси.

Қизил Хоч халқаро қўмитаси сепаратчилар назоратида бўлган Донецк вилоятининг Еленивкадаги колониясига киришга расман рухсат олмаганини билдирди.

31 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги БМТ ва Қизил Хоч экспертларини Еленивкадаги қамоқхонага қилинган ҳужумни тергов қилиш учун расман таклиф қилганини билдирган эди. Россия томони мустақил тергов объектив хулоса чиқаришига ишонишини билдирган. Украина расмийлари ҳам халқаро экспертларни жалб қилишни талаб қилган эди.

БМТ ва Қизил Хоч Еленивкага ўз экспертларини жўнатишга тайёр эканини маълум қилган.

Донецк вилоятининг Еленивка қишлоғидаги ахлоқ тузатиш колонияси казармаларидан бири 28 июлдан 29 июлга ўтар кечаси вайрон қилинган. У ерда ушлаб турилган 193 нафар украиналик ҳарбий асирдан камида 53 нафари ҳалок бўлган.

Россия қўмондонлиги ва Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг айтишича, колонияга зарба Украина армияси томонидан Американинг ҲАЙМАРС ракеталари билан берилган. Украина томони, аксинча, Еленивкадаги колония Россия томонидан ҳужумга учраган ва айирмачи “ДНР” қўшинлари уни қўллаб-қувватлаган, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, ОАВда Еленивкага ҳеч қандай ракета ҳужуми бўлмагани, маҳбуслар сақланаётган бино ичкаридан портлатилгани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди.

19:20 31.7.2022

Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси асирларни қатл этишга даъват қилди

29-июл куни Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси Твиттердаги расмий саҳифасида Украина Азов полкининг асирга олинган аскарларини осиб ўлдиришга чақирган хабар эълон қилинди. Твит Еленивкадаги (Донецк вилояти) колонияда ўнлаб украиналик ҳарбий асирлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлардан бир неча соат ўтиб чоп этилди.

"Азов жангчилари қатл этилишига лойиқ, отиб ўлдириш эмас, балки осиб ўлдиришга, чунки улар ҳақиқий аскарлар эмас. Улар шармандали ўлимга лойиқдир", деб ёзилган элчихонанинг расмий саҳифасида.

Элчихонанинг Ютуб каналида жойлаштирилган видеога ҳавола илова қилинган. Бу видеода ўзини Мариуполда яшовчи деб даъво қилаётган эркак ва аёл “Азовстал” заводи ҳудудидан украиналик ҳарбийлар уларга қарата ўқ узганини айтган.

Видеода осиш ҳақидаги сўзларни ҳикоя иштирокчиларидан бири айтгани, аммо Россия элчихонаси бу иқтибос эканлигини ва бу элчиликнинг фикри эмаслиги кўрсатилмаган. Видео остидаги изоҳларда кўпчилик фойдаланувчилар ҳикоядаги қаҳрамонлар ҳақиқий эканига шубҳа қилмоқда.

Ижтимоий тармоқ Россия элчихонасининг твитини ўчирмади. Эълон қилгандан сўнг, Тwиттер модераторлари ушбу постга хабар қўшиб, бу изоҳ нафратни ифода этмаслик қоидасини бузганлиги, бироқ ижтимоий тармоқ уни ўчирмасликка қарор қилгани, чунки пост жамоатчилик учун қизиқ эканини таъкидлаган.

Бугунги кунда "ДХР" деб аталмиш сепаратистлар назорати остидаги ҳудудда расман ўлим жазоси мавжуд. Айни дамда Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилган ва асирга олинган уч нафар чет эл фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинган. Улардан иккитаси британиялик. Ҳозирча бўлгинчилар томонидан расмий қатл амалга оширилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG