Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2022, Тошкент вақти: 17:44

"Путин ва Зеленский бир эмас". Inkuzart чизган навбатдаги сурат тармоқларда танқидга учради


Inkuzartнинг Тошкент деворига ишланган охирги суратида турли томонлардан қаралганда Путин ва Зеленскийнинг портретлари кўринади.

Inkuzart тахаллуси билан танилган Ўзбекистондаги илк стрит-арт рассомининг янги деворий сурати турли талқинларни келтириб чиқарди. Турли бурчаклардан кўринадиган икки портрет — Владимир Путин ва Владимир Зеленский тасвирларини мужассамлаштириб, рус ва украин тилларида "Ким ҳақ, ким ноҳақ-қайси томондан боқишга боғлиқ" деб ёзган санъаткор танқидлар остида қолди.

Зиддиятли деб кўрилган граффити ўзбек жамиятида Украинадаги уруш борасида расмий матбуот эътиборсиз қолдираётган мунозарани юзага чиқарди.

Ўзбекистон ҳукумати Россия-Украина уруши юзасидан "бетараф позицияда" эканини эълон қилган, расмий матбуот эса урушнинг даҳшатлари, жумладан, у ерда содир этилаётган қотилликлар ва эҳтимолий уруш жиноятлари борасида сукут сақламоқда.

"Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор"

Тошкентнинг Чилонзор тумани 1-даҳасидаги турар-жой биносида 17 июль куни пайдо бўлган суратда Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг портретлари тасвирланган. Портретлар “Стерео-варио” усулида махсус қурилма устига чизилган бўлиб, турли бурчакдан қаралганда бирин-кетин икки президентнинг тасвирлари кўзга ташланади.

Сурат муаллифи ўзининг Телеграм саҳифасида асарга икки тилда – украинча ва русчада “Кто прав или нет, зависит с какой стороны смотреть. - Хто правий чи ні, залежить з якого боку дивитися” (“Ким ҳақ ёки ноҳақ экани қайси томондан қарашга боғлиқ”) дея қисқа изоҳ ҳам берди.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизиган бир паллада Чилонзор деворидаги сурат қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғойиб бўлди. Аввалига унинг ўчирилгани, кейинроқ бўяб ташлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Танқидлар боис расмни муаллифнинг ўзи олиб ташлагани тахмин қилинди.

18 июл куни кечга ижодкорнинг расмий саҳифасида "2 лагерга ажраган одамларнинг фикрлар хилма-хиллигини кузатиш қизиқ, картина шуни яна бир бор исботлади. Дунёга тинчлик!" деган ёзув пайдо бўлди.

2021 йилдаги Covid-19 пандемияси авжида ушбу граффити ўрнида Inkuzartнинг тиббиёт ходимлари қахрамонликларига бағишланган “Умид кўзи” тасвири жой олганди.

Ўзингизнинг позициянгиз қани, Inkuzart? ..

Тошкентлик блогер Евгений Скляревский Inkuzartнинг бу асарини юқори баҳолаб, у жамиятдаги “бўлинишни аниқ тасвир этаётгани”га эътибор қаратди.

- Оилалар ва жамоалар, жамият, қизиқиш бўйича клублар ва ҳовлидаги қўшнилар ўртасига низо тушди. Танишларимнинг (очиқ айтганларининг) катта қисми Россияни қўллаб-қувватлаяпти. Мен урушга қаршиман, ҳар бир инсоннинг ҳаёти бебаҳо ва сиёсий ўйинлардан қимматроқ, тинч йўл билан келиша олмайдиган сиёсатчиларга шармандалик ва лаънат. Изоҳларни ёпаман, барча тарафдорлар ва қарши мулоҳазалар аллақачон маълум, ҳеч ким ҳеч кимни фикрини ўзгартира олмайди, биз ақл ғалаба қозонишига умид қилиб қоламиз. Бузилган жамиятни эслатганинг учун раҳмат, Инкузарт.

Айни пайтда кўча рассомининг сўнгги асари унинг аввалги ишларини олқишлаган кўплаб блогерлар ва жамоат фаолларининг кескин танқидига учради.

Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Inkuzartнинг охирги ишини унинг фаолиятидаги энг заиф асар, деб ҳисоблашини айтди.

- Айнан кўча санъати аниқ ижтимоий ва сиёсий позицияси билан ажралиб туради ва бу рассомнинг олдинги асарлари шундай эди. Бу сафар у ўзини четга олиш позициясини эгаллади. Қолаверса, у жаллод-жиноятчи ва ўз мамлакати суверенитетини рус тажовузидан ҳимоя қилаётган демократик миллат раҳбарини бир даражага қўйди. Ўзингизнинг позициянгиз қани, Inkuzart? .. Тасаввур қилинг-а, агарда у Гитлер ва Черчиллни (ёки Рузвелтни) "бир томондан, иккинчи томондан" деб, бир хил даражага қўйса.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов ҳам кўча рассомининг бу асарини Россиянинг Украинага босқинини оқлашга уриниш, деб таърифлади:

- Жиноий урушни оқлашга уриниш санъат сифатида кўрсатилаётгани жуда ачинарли ҳол. Ҳеч бир нуқтаи назар урушга ён боса олмайди ёки уни оқлай олмайди ва оқламаслиги ҳам керак. Ахлоқий қадриятлар ва кўрсатмаларсиз маданий қадриятлар мавжуд эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигига аминман.

Блогер Ҳикмат Убайдуллаев эса, босқинчи ва қотиллар тарафида ҳақиқат бўлиши мумкин эмас, деб ёзди:

- Уруш мавзусида хайп қилиш бу энг катта пасткашлик. Тажовузкор тарафида ҳақиқат бўлиши мумкин? Бегуноҳ болалар, аёллар, қариялар қотили тарафида қанақа ҳақиқат? Ўзга давлатни босиб олган, шаҳарларини вайрон қилганларнинг ҳақиқати нимада? Улар томонида ҳақиқат йўқ! Уларни романтиклаштиришнинг ҳожати йўқ!

Ўзбекистонлик блогер ва жамоатчилик фаоли Никита Макаренко эса Inkuzart дан ҳафсаласи пир бўлганини яширмади.

Макаренко ҳақиқий рассом яхшиликни ёвузликдан ажрата билиши керак, деган фикрда.

- Менга кўпроқ расмнинг ўзимас, рассомнинг баёноти тегиб кетди. У “иккита ҳақиқат бор ва улар тенг” деб, уларни тенглаштириб қўйди. Менимча, бундай қилиш мумкин эмас, чунки босқинчи ва унинг қурбони бор. Босқинчида ҳеч қандай ҳақиқат бўлиши мумкин эмас – уни оқлаб, сиз қурбонлар хотирасини оёқ-ости қиласиз. Рассом бундай қилишга ҳаққи йўқ! У яхшиликни ёвузликдан ажрата олиши керак. Пикассонинг “Герника” асарини мисол келтирдим: у ҳеч қачон жоҳиллар тарафини олмаган ва бу асарни ҳозир ҳам кўриб биз ёвузликдан даҳшатга тушамиз. Inkuzart асарида мен таслимчилик кайфиятини кўрдим. Йўқ, бу икки тараф тенг эмас.

"Мен жамиятнинг бўлинишини тасвирладим, холос"

Ҳозиргача исмини очиқламасдан келаётган ва ўз суратларини инкогнито чизаётган Inkuzart Озодлик билан суҳбатда ўз граффитисига изоҳ берди.

У деворий сурат унинг шахсий ифодасимас, балки жамиятдаги парокандалик ва қарама-қаршилик тасвири эканини айтди:

- Ҳар бир одамнинг ўз ҳақиқати бор. Бу менинг сиёсий позициям эмас. Ҳозир Россия томон ва Украина томонида бўлган одамлар бор – шунинг ортидан шу расм келиб чиқди. Икки тарафда ишлаётган пропаганда туфайли одамлар ҳақиқатни йўқотиб қўймоқда. Шу боис “ким ҳақ – ким ноҳақ” дегани қайси томондан қарашга боғлиқ. Мен бу билан Россия тарафини ёки Украинани ҳимоя қилаётганим йўқ, шунчаки одамларнинг калласидаги фикрларни тасвирлаяпман! Масалан, Ўзбекистонда кимдир “Слава России!” деб юрибди, қўшним ҳар куни “Слава Украине!” деб сўрашади. Хуллас, мен жамиятдаги бўлинишни, одамларнинг онгидаги ўз ҳақиқатини чиздим.

Ўзининг тинчлик тарафдори экани ва жамиятларда қарама- қаршилик ошиб бораётганидан хавотирда эканини айтган рассом тасвир унинг шахсий фикрини ифода этмаслигини бот-бот такрорлади.

Inkuzartнинг жамият ҳаёти ва сиёсатга оид бошқа асарлари ҳам жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

"Нейтрал", аммо Россияга яқинроқ

Айни дамда Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш борасида тутган позицияси, гарчи расман нейтрал деб айтилган бўлса-да, тушунарсиз қолаётир.

Расмий матбуот Украинадаги уруш, жумладан, у ердаги оммавий қотилликлар ва эҳтимолий уруш жиноятлари борасида сукут сақламоқда.

Урушни мустақил ёритишга уринган айрим ва журналистлар хавфсизлик хизматларига чақирилиб огоҳлантирилган.

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Газета.узга берган интервьюсида Ўзбекистоннинг бетараф позициясини тушуниши, айни пайтда расмий Тошкент Украинадан кўра Россияга яқинлик кўрсатаётганини айтди.

Шу йилнинг 17 март куни Сенатдаги чиқишида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий бутунлигини дастаклаши ва бўлгинчи ЛХР ҳамда ДХР республикаларини тан олмаслиги ҳақида баёнот берган эди.

Сенатдаги баёнотидан 10 кун ўтиб, Комилов истеъфога чиқарилган. Унинг ўрнига Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Владимир Норов ўтган 4 ой мобайнида Украина борасида бирон-бир баёнот бергани йўқ. Ўтган ҳафта Москвага сафар қилган Норов Қорақалпоғистон воқеалари чоғида Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлигини дастаклагани учун Россияга миннатдорчилик билдирган.

XS
SM
MD
LG