Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2022, Тошкент вақти: 00:15

Путин Мирзиёевни Александр Невский ордени билан тақдирлади


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги учрашувда. 19 октябрь, 2018 йил.

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Путиннинг тегишли фармони 23 июль куни Россия ҳукуматининг расмий ҳуқуқий ахборот интернет-порталида эълон қилинди.

Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.

Александр Невский ордени таниқли хорижий сиёсий ва жамоат арбобларига, хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакилларига РФ билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматлари ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги кўмаги учун берилади. Александр Невский Россия тарихидаги уч давр - Россия империяси, совет даври ва бугунги Россия Федерациясида амал қилган ягона ордендир.

Шавкат Мирзиёев 24 июль куни 65 ёшга тўлади. Аммо Россия президенти фармони матнида Ўзбекистон раҳбарининг 65 ёшга тўлиши эслатилмаган.

Ўтган ой Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия ҳукуматининг Александр Невский орденини рад этгани хабар қилинганди. Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати Тоқаев президентлик ваколатлари тугагунича миллий ва хорижий мукофотларни қабул қилмасликка аҳд қилганини билдирган.

Tengrinews агентлиги президент матбуот хизматига иқтибосан Тоқаев Александр Невский орденини олишдан айни сабаб билан бош тортганини хабар қилган. Ундан аввалроқ Тоқаев Қозоғистон Украинанинг бўлгинчи ДНР ва ЛНР республикаларини тан олмаслиги ҳақида баёнот берган эди.

Кремль Тоқаевни Александр Невский ордени билан тақдирлаш масаласи кўрилмаганини маълум қилган.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Мирзиёев Александр Невский ордени билан тақдирлангани ҳақида ҳозирча расмий хабар тарқатгани йўқ.

Александр Невский ордени бундан аввал Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Беларус раҳбари Александр Лукашенко, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовларга берилган.

XS
SM
MD
LG