Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2022, Тошкент вақти: 16:00

Украина русларнинг Одессага ҳужумини қоралади


Одесса портидаги вазият

Украина Россия шанба куни Қора денгиздаги Одесса портига ракета учиргани ва бу билан Москва ва Киев ўртасида эришилган жума кунги келишувни хавф остига қўйиши мумкинлигини айтди. Россия ҳужумга алоқаси йўқлигини айтган.

23 июль куни Россия ракеталари Украинанинг йирик порти Одессага келиб тушди, дея хабар берди Украина армияси. Бу Қора денгиз орқали Украина дон экспортини тиклаш бўйича келишув имзоланганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Жума куни Москва ва Киев ўртасида имзоланган муҳим келишув глобал озиқ-овқат нархларини жиловлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб кўрилмоқда. БМТ расмийлари келишув бир неча ҳафта ичида ишга тушишига умид қилишган. Аммо шанба кунги ҳужум ҳисобга олинадиган бўлса, келишув кучга кириш кирмаслиги сўроқ остида қолди.

Украинанинг “Жануб” операция қўмондонлиги матбуот котиби Наталия Гуменюкнинг айтишича, ракета зарбаси натижасида қурбон бўлганлар йўқ ва “катта” зарар етмаган.

Унинг сўзларига кўра, иккита ракета инфратузилма объектига урилган, яна иккитаси эса Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.

Украина ташқи ишлар вазирлиги келишувида воситачилик қилган БМТ ва Туркияни Россия ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлашга ва ғаллани эркин олиб ўтишга тўсқинлик қилмасликка чақирди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳужумни "қатъий қоралашини" айтди.

Туркия мудофаа вазирининг айтишича, Россия Анқарага бу ҳужумга алоқаси йўқлигини ва бу масалани “жуда яқиндан ва батафсил” ўрганаётганини билдирган. 24 февраль куни бошланган босқиндан кейин Россия Қора денгиздаги Украина портларини тўсиб қўйиши натижасида ўн миллионлаб тонна дон Украина портларида тиқилиб қолган эди.

Асосий глобал буғдой етказиб берувчилар Россия ва Украина ўртасидаги уруш глобал озиқ-овқат нархини кўтарилишига олиб келди. Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, инқироз 47 миллионга яқин одамни "ўткир очлик" ёқасига олиб келди.

Босқинини "махсус ҳарбий операция" деб атаган Россия озиқ овқат инқирозида жавобгарликни тан олмади.
Кремль Ғарбни санкциялар билан Россиянинг озиқ-овқат ва ўғит экспортини секинлаштирганликда Украинани эса Қора денгиз портларини миналаштирганликда айблаган.

Жума кунги келишувга кўра, Украина расмийлари кемаларни миналанган ҳудудлар бўйлаб хавфсиз каналлар орқали учта портга, жумладан Одессага олиб боради ва у ерда дон кемаларга юкланади.

Украина президенти Владимир Зеленский келишувдан сўнг 10 миллиард долларлик дон сотувга қўйилиши ва ўтган йилги ҳосилнинг тахминан 20 миллион тоннаси экспорт қилинишини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG