Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:07

“Марказий Осиё хонликлар замони каби уйқуда” – Тармоқлар Медведевнинг пости ҳақида


2 августга ўтар кечаси Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте”даги расмий саҳифасида империячилик руҳидаги баёнот чоп этилди.

Унда Грузиянинг давлатчилик тарихи ва тажрибаси узил-кесил рад этилади, Қозоғистон эса сунъий тузилган давлат дея иддао қилинади.

“Бундан буён суверенитет парадлари бўлмаслиги”ни урғулаган муаллиф Москва славян халқлари етакчилигидаги “бепоён мамлакат” чегараларини тиклаш учун навбатдаги юришни бошламоқчи эканига шама қилади.

Русия империясини, СССРни қайта тиклашга бағишланган пост кўп ўтмай ўчирилди.

Унинг Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари саҳифасида пайдо бўлиши эса “ҳакерлар ҳужуми” билан изоҳланди.

Кимсан собиқ президент Д.Медведев номидан эълон қилинган пост ижтимоий тармоқда кескин эътироз уйғотди.

Аксар фойдаланувчилар наинки Қозоғистон, Грузия, балки Ўзбекистон ҳам буни огоҳлик қўнғироғи ўлароқ қабул қилиш кераклигини таъкидлади.

“Атрофингизга, тарихингизга қараб кўринг, Грузия билан Бухоро, Хоразм ва Туркистон республикалари Ўзбекистонга айлантирилгани ўртасида параллел кўринмаяптими? Шу баҳона Ўзбекистонни ҳам “сунъий тузилган давлат” деб эълон қилиши ҳеч гап эмас бу босқинчиларнинг. “Россиядан эҳтиёт бўлинг!” деган огоҳлик қўнғироғининг энг яхшиси ва энг жарангдорини Россиянинг тепасида турган ақлдан озганлар айтяпти. Бу огоҳлантиришни кўрмаслик, эшитмаслик, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олиш – ўз жонига суиқасддан бошқа нарса эмас”, деб ёзди таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Медведев саҳифасида чоп қилинган фикрлар кейинги икки ўн йилликда Путин томонидан олиб борилаётган асосий трендни очиқ-ошкор ифодаланишидир.

“Менимча, Марказий Осиё минтақасидаги вазият кейинги беш-ўн йил ичида РФнинг ўта жиддий босими остида бўлади. Чунки конфронтацияга кирган Путин режимининг охирги ҳамласи МОга бўлиши мумкин. Сабаби, Кремль минтақамизни “мўрт ва енгил ўлжа” деб кўриши мумкин”, деб ёзди сиёсий таҳлилчи.

Ўзбекистон молия вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодчи Абдулла Абдуқодировга кўра, Д.Медведев номидан чоп этилган пост Россия ҳамда Қозоғистон, умуман, туркий дунё ўртасидаги уруш муқаррар эканидан далолат бераётир.

“Реал хавф-хатарни идрок этмаган, англамаган, ҳатто ушбу воқеликдан ҳам шахсий манфаат излашга уринаётган давлат арбобларимиз халқларимизни оғир мусибатга етаклаши турган гап. Бу шунчаки ваҳима кўтариш эмас, балки реалликни англаш ва теран нигоҳ билан қабул қилишдир. Украина уруши олдидан ҳам худди шундай ҳолат рўй берган эди”, деб ёзди Абдулла Абдуқодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.


Тармоқ фаоллари наздида, Москва Марказий Осиёга кўз тикиб турган ҳозирги паллада минтақа давлатлари ўзаро бирлашмоғи ва хатарга қарши биргаликда курашмоғи лозим. Айни чоқда, минтақа давлатларининг ўзаро иттифоқи омонат эканидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

“Россиянинг келажакдаги мақсади аниқ. Лекин Ўрта Осиё раҳбарлари ҳамон уйқуда. Хонликларимиздек. “Дўстона”, “эҳтиёткор” деган сўзлар билан ўзларини овутиб келишади”, деб ҳисоблайди Муҳаммадали Орипов.

“Туркманистон ва Тожикистон ҳеч қандай тортишувларсиз Москвага ён бериш эҳтимоли юқори. Тожикистон толиблардан панада бўлиш иштиёқида бунга хайрихоҳ бўлса, Туркманистон диктаторлик тузумининг ўта радикаллиги туфайли бунга кўнади. Қирғизистон ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо улар ҳам ён беришга мойил. Энг катта ва бевосита чегарага эга русларга муаммо бўладигани бу – Қозоғистон. Улар очиқ-ойдин қарши турмоқда. Ўзбекистон ҳақида бир нима дейиш мушкул. Илгари қилинган хатолар такрорланмаслигидан умидворман. Акси бўлса, ҳукумат Кремль билан келишиш йўлини танласа ва бу халқни ўйлаб қилинаётгани иддао этилса, мен бу юртни тарк этаман!” дейди Ш.Шералиев исмли ватандош.

Шерзод Турдиалиев исмли фойдаланувчи эса шимолдан кутилаётган ҳужумни қайтариш учун Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон қуролланиши лозимлигидан баҳс этади.

“Максимал даражада янги қуроллар билан тўлдириш, Украина мисолида маҳаллий мудофаа бўлинмаларини яратиш, уларни тайёрлаш билан шуғулланишимиз керак. Лекин булар вақтни бой бериб, толибларнинг бошини силаш ва русларнинг “отбашара” ташқи ишлар вазирини тақдирлаш билан овора. Эртага Қозоғистонга ҳужум бўлса, биринчи ўринда биз ёрдамга боришимиз керак”, деб ҳисоблайди у.

Таниқли журналист Рўзибой Қўлдошев эса Россия таҳдидига муносиб жавоб қайтариш учун туркий давлатлар ҳарбий блок таъсис этиши лозим деган тўхтамда.

“Нима эмиш, тарихда Қозоғистон деган давлат бўлмаган эмиш. Индамасак, эртага Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон деган давлатлар ҳам бўлмаган деган даъво қилиши аниқ бу малъунларнинг. Шунинг учун ақлимиз борида этагимизни йиғайлик. Туркий давлатлар иттифоқини расмий битта давлат ёки федерация мақоми сифатида бирлаштириш, ягона пул ва ягона чегара, мустаҳкам ҳарбий блок жорий этиш керак. Бундан ташқари, конституциявий қонун лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси ўрнига Турон ёки Туркистон Республикаси дея ўзгартиш киритиш зарур. Турон давлати Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларининг ҳуқуқий вориси ва меросхўридир деб ёзиб қўйиш шарт. Ана ўшанда қонхўр медведга ўхшаганлар кўз олайтира олмайдилар”, дейди Р.Қўлдошев.

Кремль мулозими номидан чоп этилган баёнот ижтимоий фикрдаги тафриқани яна-қайта юзага чиқарди. Жумладан, айрим фойдаланувчилар ҳозирги мураккаб замонда Россия шамсияси остида яшаган маъқул деган фикрни асослашга уринди.

“Ит кийикдан “Нега мендан доим ўзиб кетасан?” дея сўради. Кийик жавоб қилди: “Чунки мен ўзим учун чопаман, сен эса хўжанг учун”. Ҳақиқат учун кийик бўла олмасангиз, лоақал ноҳақлик учун ит бўлиб олманг!”, дея масал тилида мужда йўллади Сарвар Жониқулов кремлпараст ватандошларга жавобан.

Баҳс-мунозалар асносида “Хўш, шундан кейин ҳам биз яхши гумонда қолиб, ўзимизнинг “нейтрал позициямиз”ни сақлашда давом этаверамизми?” дея иқтидор эгаларини саволга тутди Телеграмдаги “Файзбоғ” канали муаллифи.

Форум

XS
SM
MD
LG