Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2022, Тошкент вақти: 17:30

Дунёни ўзгартирган раҳбар. Михаил Горбачёвнинг ҳаёт йўлига назар


Михаил Горбачёв даврида собиқ СССРда биринчи марта сўз ва дин эркинлигига рухсат берилган, хусусий тадбиркорликка йўл очилганди.

Собиқ СССР коммунистик партияси марказий қўмитасининг охирги бош котиби ва СССРнинг собиқ раҳбари Михаил Горбачёв 91 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС давлат агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, Горбачёвнинг ўлими ҳақида 30 август куни Москвадаги Марказий клиник шифохона маълум қилган.

Михаил Горбачёв даврида собиқ СССРда биринчи марта сўз ва дин эркинлигига рухсат берилган, хусусий тадбиркорликка йўл очилганди. Горбачёв бошлаган ислоҳотлар пировардида шарқий ва марказий Европада коммунистик режимларнинг қулашига олиб келган.

91 ёшли Горбачёв давомли хасталик ортидан дунёдан ўтган. Маълумотларга кўра, у Москвадаги Новодевичье қабристонида хотини Раиса Максимовна ёнига дафн этилади.

90 ëшни қаршилаган Горбачëвнинг тарихни ўзгартирган фаолиятига назар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:17 0:00

Дунёни ўзгартирган раҳбар

Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда Ставропол ўлкасининг Привольное қишлоғида дунёга келган. Мактабни кумуш медал билан битиргач Москва давлат университети ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради.

Университетнинг 2-босқичида коммунистик партияга аъзо бўлган Горбачёв ўқишни битиргач ўзи туғилган Ставрополга қайтиб, партия арбоби сифатидаги сиёсий карьерасини бошлади.

1956 йилда Ставропол шаҳар комсомол қўмитасининг биринчи котиби, кейинроқ ўлка партия қўмитаси биринчи котиби этиб тайинланади.

1970 йилдан СССР Олий Совети депутати, 1978 йил ноябрида КПСС Марказий қўмитаси котиби этиб сайланади. Ўзининг сўзларига кўра, Горбачёвнинг мансаб поғоналаридан кўтарилишида СССР КГБсининг собиқ раҳбари Юрий Андропов муҳим рол ўйнаган.

1980 йилда Горбачёв КПСС МҚ сиёсий бюроси аъзоси, 1985 йил мартида эса партия Бош котиблигига сайланади. Орадан уч йил ўтиб у СССР Олий Совети Президиумининг раиси давозимини ҳам эгаллайди.

1990 йилдан СССР тарқалиб кетгунича, яъни 1991 йил якунигача СССРнинг биринчи ва охирги президенти лавозимини эгаллаган.

Горбачёв раҳбарлигида СССРда "перестройка" - "қайта қуриш" номи билан тарихга кирган илк кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатда бозор иқтисодиётига ўтиш бошланди, хусусий тадбиркорликка рухсат берилди, сўз ва дин эркинлигига йўл очилди, кўплаб сиёсий маҳкумлар қамоқдан озод этилди ва оқланди.

Михаил Горбачёв раҳбарлик қилган йилларда дунёда “совуқ уруш” якунланди. Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилди, биринчи марта эркин сайловлар ўтказилди, Коммунистик партиянинг “раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши” принципидан воз кечилди. Марказий ва Шарқий Европа социалистик системадан бош тортди. Иккига бўлиб юборилган Германия яна қайта бирлашди.

1990 йилда Горбачёв Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

Собиқ СССР ҳудудида Михаил Горбачёвни “улкан давлатни йўқ қилиш”да айбловчилар ҳам бор. Горбачёвнинг ўзи ҳам қатор хатоликларга йўл қўйганини тан олган.

1991 йилнинг 4 августида Горбачёв оиласи билан Қора денгиз бўйидаги Қримга йиллик таътилга жўнаб кетди. СССР парчаланиб кетиши хавфи ошиб борар экан, Горбачёв иттифоқни сақлаб қолишни кўзловчи шартноманинг янги версиясини якунлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди.

18 август куни бир гуруҳ ҳукумат амалдори Форос шаҳарчасидаги президент дачасига борди. Улар Горбачёвдан фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекишни ёки истеъфога чиқишни талаб қилишди. Горбачев имзо чекишданам, истеъфо беришданам бош тортди. Расмийлар «ядро портфелини», яъни Совет Иттифоқининг ядровий қуролларини ишга тушириш учун зарур бўлган кодларни мусодара қилдилар. Горбачёв ва унинг оиласи амалда уй қамоғига олинди.

Давлат телевидениеси «1991 йил 19 август куни Москва вақти билан соат 16:00 дан бошлаб» фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди. Телевидение бу чора «аҳолининг кенг қатламларининг жамият миллий фалокатга дучор бўлишига йўл қўймаслик учун энг қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги талабларига жавоб» эканлигини даъво қилди.

Уч кундан сўнг, фитначиларнинг ношудлиги, Россиянинг янги сиёсий раҳбари Борис Ельцин томонидан кўрсатилган қаршилик ҳамда ҳокимиятни эгаллаш уринишларга қарши намойишлар туфайли тўнтариш уриниши барбод бўлди.

«Бошқача тус олди»

Кейинги ойларда Москвадан мустақиллигини эълон қилган республикалар сони ошиб борди. 8 декабрь куни Ельцин Белоруссия ва Украина раҳбарлари билан биргаликда Совет Иттифоқи тугатилгани ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) деб номланган янги ташкилот тузилганини эълон қилувчи битимларни имзолади.

Горбачёв яна бир неча ҳафта Кремлда қолди, аммо у ҳокимиятни қўлдан бой берганди. 25 декабрда у истеъфога чиқди ва амалда ўз фаолиятини тугатган мамлакат раҳбари лавозимини тарк этди.

«Бу қарорни принцип юзасидан қабул қилдим. Халқлар мустақиллиги ва республикалар суверенитети учун курашдим», - деди у жонли эфирда истеъфога чиққанини эълон қилар экан.

«Аммо, айни дамда, мен бутун мамлакат ҳудудида ягона давлатни сақлаб қолиш учун курашдим. Аммо ҳодисалар бошқача тус олди».

Горбачёв ва Путин

Горбачёв ҳокимиятдан кетгач, АҚШнинг Pizza Hut ресторан тармоғи рекламасида иштирок этиб, ўзига катта эътибор тортди. Тармоқнинг Москвага келиши Горбачёв ўзи тарғиб қилиб келган танлов эркинлиги рамзи эди. Шунингдек, рестораннинг келиши ва Горбачёвнинг рекламадаги иштироки Ғарб капитализмининг Горбачёв узоқ вақт давомида қўллаб келган коммунизм устидан ғалаба қозонганини, ҳатто Совуқ урушда Москва мағлуб бўлганини англатарди.

Аммо Горбачёв атайин ёки беихтиёр ўз мамлакатини тугатиш жараёнини бошлаган ва бу жараёнга бош-қош бўлган давлат арбоби сифатида тарихда из қолдирди, бугунги кунда биз яшаётган дунё шаклланишида муҳим роль ўйнади.

1991 йилда у Россия ишларида ўз овозини сақлаб қолиш мақсадида «Горбачёв жамғармаси»га асос солди. 1996 йилда эса президентликка номзодини қўйди, аммо 0,5 фоиз овоз билан ўн номзод ичида еттинчи ўринни эгаллади. Кейинчалик Горбачёв 1999 йилнинг сўнгги кунида Ельциндан президентликни олган Путиннинг танқидчисига айланди.

2013 йилда Россияда рухсат этилмаган намойиш ташкилотчиларини жаримага тортувчи ва мансабдор шахсларни танқиддан ҳимоя қилиш йўлида туҳмат учун жазони кучайтирувчи қонунлар қабул қилинар экан, Горбачёв BBC нашрига берган интервьюсида Путинни «ўз халқидан қўрқмасликка» чорлади.

Горбачёв, шунингдек, Путиннинг яқин доираси «ўғрилар ва порахўр амалдорларга тўла» эканини таъкидлади, аммо президент улардан бири эканини айтишгача бормади.

Айни дамда, Горбачёв Путиннинг халқаро майдондаги энг зиддиятли ҳаракатларини, жумладан, 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим ороли Москва томонидан босиб олинганини маъқуллади. Горбачёв аннексияга Россиянинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда қарашига шама қилиб, матбуотга Путиннинг ўрнида бўлганида «худди шундай йўл тутган бўлишини» айтди.

Бунга қарамай, Горбачёв Путиннинг кўплаб репрессив ички сиёсатини танқид қилишда давом этди ва 2012 йилда Путиннинг президентликка қайтиш қарорига қарши чиқди. Ўша йили 2008 йилдан бери ислоҳотларни амалга оширишини ваъда қилиб келган Дмитрий Медведев тўрт йил давомида шунчаки президентлик курсисини Путин учун эгаллаб тургани аён бўлди. 2013 йилда Горбачёв Россияда «сиёсат тобора тақлид демократиясига айланиб бораётганини» айтди.

Горбачёв 2012 йилда Озодлик радиосига берган интервьюсида Путинни юмшоқ танқид қилди ва узоқ йиллар давомида Россия раҳбари ҳақида айтган танқидини такрорлади. Хусусан, Горбачёв Путин ўз резидентлиги давомида назоратни кучайтирганини ҳамда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин демократия ва инсон ҳуқуқлари йўлида эришилган ютуқларнинг бир қисмини ортга қайтарганини қоралади.

«Мен унинг ўрнида бўлиб қолмаслик учун қўлимдан келганини қилган бўлардим», - деди у.

«Биринчи президентлик даврида Владимир Владимирович нима бўлган тақдирда ҳам мамлакатни барқарорлаштириш учун кўп ижобий ишларни амалга оширади, деб ўйлагандим. Жуда кўп иш қилди. Унда Россияни демократия сари етаклаш йўлида пухта ишлаш имконияти бор эди. Назаримда, у муваффақиятга эриша олмади».

«Эндиликда мен (Путин) ўз олдига бундай мақсад қўйганига шубҳа қиламан», - дея қўшимча қилди у.

Форум

XS
SM
MD
LG