Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2022, Тошкент вақти: 14:07

Бахмут ва Авдиивкада қақшатқич жанглар. Херсон яна ҳужумлар остида. Уруш хроникаси

Урушнинг 276-куни

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби: Россия армиясининг ҳужумининг асосий йўналиши ҳозир Бахмут ва Авдиивкадир.

Журналистлар Украинада 9300 дан ортиқ рус аскари ҳалок бўлганини тасдиқлади

Путин чақирилувчиларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Европа Иттифоқи, Москванинг Украинага ҳужумларига жавобан, Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини жорий қилди. Пакет қандай жазо чораларини кўзда тутиши ҳозирча айтилмади.

Владимир Зеленский Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига берган зарбаларидан кейин ишдан чиққан элeктр, сув ва алоқа босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди.

Украинадаги уруш чоғида 15 мингдан зиёд киши бедарак йўқолди, дея маълум қилди Бедарак йўқолганлар масалалари бўйича халқаро комиссия (ICMP) директори Мэтью Ҳоллидей.

Нидерландия Вакиллар палатаси (парламентнинг қуйи палатаси) Россияни Украинага босқини туфайли терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат деб топди. Бу ҳақда маҳаллий NRC агентлиги хабар берди.

20:05 26.11.2022

Украина ЕХҲТ ПА йиғилишларини Россия ундан чиқарилмагунча бойкот қилмоқчи

Украина делегацияси ЕХҲТ Парламент ассамблеяси йиғилишларини Россия ундан чиқарилмагунча бойкот қилишга қарор қилди.

ЕХҲТ ПА Россия делегациясини аъзолигидан чиқариш қоидаларини ўзгартира олмади. Бу ҳақда делегация аъзоси Евгения Кравчук маълум қилди.

“Биз, Украина делегацияси, бу халқаро ташкилот россияликларнинг ундан чиқарилмагунича, ЕХҲТ ПАни бойкот қиламиз”, — деб ёзади Кравчук.

Пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Россияни ташкилотдан чиқариб юборишга чақирди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик учун масъул бўлган ЕХҲТ ПА таркибига 57 давлат киради. Улар орасида 2022 йил февралида Украинага бостириб кирган Россия ҳам бор.

Бугун ЕХҲТ ПАнинг Варшавадаги 20-сессиясининг сўнгги куни. Унда россиялик делегатлар қатнашмаяпти, чунки Польша уларга виза бермаган. Польша делегацияси раҳбари Барбара Бартуснинг фикрича, Россия делегациясининг қабул қилиниши “Украина билан бирдамлик тамойилини бузади”.

19:44 26.11.2022

Беларус Ташқи ишлар вазири вафот этди

Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макей вафот этган. Бу ҳақда дастлаб БелТА агентлиги хабар берди.

Кейинроқ Беларус ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз ҳам маълум қилди.

Хабарларга кўра, Макей тўсатдан вафот этган. "Ҳеч нарса олдиндан айтилмаган", - деди матбуот котиби. Ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ.

Владимир Макей 64 ёшда эди. Унинг касаллиги ҳақида хабар берилмаган. Шу ҳафтанинг ўзидаёқ у Беларус делегацияси таркибида Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида иштирок этгани, бир кун аввал эса Ватикан вакили билан учрашгани хабар қилинганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Москва Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан ҳайратда” эканини айтди.

2020 йилгача россиялик кремлпараст ОАВ ва Телеграм каналлари Макейни Беларус ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни Россия манфаатларига зиён етказишга уринаётганликда бир неча бор айблаган.

Шу билан бирга, Макей ва унинг бўлими Александр Лукашенко сиёсатига амал қилдилар - шу жумладан Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, Беларус раҳбари Москвани қўллаб-қувватлаган.

16:52 26.11.2022

Журналистлар Украинада 9300 дан ортиқ рус аскари ҳалок бўлганини тасдиқлашди

25 ноябрь ҳолатига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги уруш пайтида камида 9311 россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, улардан 326 нафари янги сафарбар қилинган рус аскарларидир.

Йўқотишларни ББC рус хизмати ва "Медиазона" кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда ҳисоблаб чиқди.

Урушнинг тўққизинчи ойининг охирига келиб, тасдиқланган йўқотишлар сони бўйича Краснодар ўлкаси биринчи ўринга чиқди. Бу ердан урушга жўнатилган аскарлардан камида 407 нафари ҳалок бўлгани тасдиқланган. Иккинчи ўринда Бурятия, учинчи ўринда Доғистон.

Ўлганларнинг умумий сонидан 1449 киши, яъни 15 фоизи офицерлардир.

Ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар генерал ва 47 нафар полковник ҳам бор.

2500 дан ортиқ ўлганлар элита мутахассислари: махсус кучлар бўлинмаларининг аскарлари ва офицерлари, денгиз пиёдалари ва ҳарбий учувчилар.

Урушнинг тўққизинчи ойи охирига келиб, энг кўп қурбонлар, яъни 18 фоиз пиёда аскарларга тўғри келди.

Украина ҳудудидаги жанговар зонада сафарбар қилинган 290 киши ҳалок бўлди. Яна 35 киши Россияда вафот этди - кўпинча юрак муаммолари, бахтсиз ҳодисалар ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш сабаб.

Шу билан бирга, журналистларнинг таъкидлашича, сафарбар қилинганлар орасида ҳақиқий йўқотишлар кўпроқ бўлиши мумкин, чунки ўлганларнинг кўп хабарларида уларнинг ҳолати кўрсатилмаган.

Журналистлар жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар ҳақида маълумот йиғишган.

Мониторингга фақат очиқ манбалар асосида аниқланган шахслар киради.

Журналистлар Россиянинг 60 дан ортиқ аҳоли пунктларидаги қабристонлардаги вазиятни ўрганиб, шундай хулосага келди.

“Бинобарин, энг консерватив ҳисоб-китобларга кўра, Украинадаги Россия армияси ва Миллий гвардиясининг йўқотишлари 18, 6 минг кишидан ортиқ бўлиши мумкин”, — дейилади хабарда.

16:49 26.11.2022

"Бугун яна шам ёқамиз" - Зеленский Голодомор куни муносабати билан халқига мурожаат қилди

Украина президенти мамлакатда 26 ноябр куни нишонланадиган 1932-33 йиллардаги Голодомор қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан мамлакат халқига мурожаат қилди.

Владимир Зеленский Россиянинг Украина энергетика тизимини йўқ қилишга уринишларини Сталинист режим томонидан атайлаб уюштирилган очарчилик - Голодоморга қиёслади.

“Бугун биз яна шам ёқамиз, чунки Москва бизни зулмат ва совуқ билан йўқ қилишга уринмоқда”, деди Зеленский.

Голодомор кунида кўплаб украиналиклар одатда шам ёқиб, қурбонлар хотирасини шарафлаш учун деразаларга қўйишади.

Дунёнинг кўплаб давлатлари 1930-йиллар бошидаги воқеаларни Украина халқининг геноциди деб билади, Россиянинг ҳозирги расмийлари бу баҳога қўшилмайди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Голодомор куни муносабати билан қилган баёнотида, худди коммунистик ҳукумат каби, "Путин режими бутун дунё бўйлаб очлик ўйинларини ўтказаётганини" таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси вайрон бўлиши ва Украина ғалласининг Россия Федерациясидан экспорт қилинишини тўсиб қўйишдан аллақачон жабр кўрган”, — дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, йил бошида Россия армияси томонидан ўрнатилган Украина дон экспорти қамали туфайли дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.

Бироқ ёз ўрталарида БМТ, Украина, Россия ва Туркия Украинанинг Қора денгиз портларидан озиқ-овқат етказиб беришни қайта тиклаш бўйича келишувга эришдилар, бу эса нархларни пасайтиришга ва дон етишмовчилигини қисман тўлдиришга ёрдам берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG