Польша ҳукумати сешанба куни Украина билан чегара яқинидаги ҳудудига иккита ракета тушгани ҳақидаги хабар ортидан фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Варшава портлашларда Польшанинг икки фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади, бироқ ҳодисага айнан нима сабаб бўлгани ва ракеталар қаердан келган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча баёнот бермади.
Учрашувдан сўнг Польша ҳукумати вакили Пётр Мюллернинг айтишича, Варшава НАТО низомининг 4-моддаси, яъни альянс доирасида ўз аъзоларидан бирини хавотирга солаётган таҳдид бўйича маслаҳатлашувларни бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Мюллер воқеа юзасидан қўшимча изоҳ беришдан бош тортди. Польшанинг Radio ZET радиостанцияси биринчи бўлиб ракета ҳодисаси ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берди ва ракеталар Россияники эканлигига аниқлик киритмади.
Бироқ кейинроқ Associated Press агентлиги Америка разведкасининг номи ошкор этилмаган юқори мартабали амалдорларига таяниб, ракеталар Россияга тегишли эканлиги ҳақида ёзди.
Кечқурун Польша ҳукумати қўшинларни шай ҳолатга келтираётганини эълон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Россия ракеталарининг Пшеводува ҳудудига қулагани ҳақидаги хабарларни "вазиятни кучайтириш учун атайлаб қилинган провокация" деб атади.
Украина президенти Владимир Зеленский кечки баёнотида Россия ракеталари Польшада портлаганини айтди.
"Бугун Россия ракеталари Польша ҳудудига урилди, одамлар ҳалок бўлди. Барча украиналик биродарларнинг ҳамдардликларини қабул қилинг " деди Зеленский