Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Вазир: Ўзбекистон Россия таклиф қилган "газ иттифоқи"га қўшилиш ниятида эмас


Ўзбекистон Россия билан газ бўйича тижорий шартномалар имзолашга тайёр, бироқ Москва таклиф қилган Россия ва Қозоғистон иштирокидаги уч томонлама газ иттифоқига қўшилиш ниятида эмас.

Бу ҳақда Reuters агентлиги Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов сўзларига таяниб хабар берди.

Вазир 7 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган.

Москва ва Тошкент Россия газини қўшни Қозоғистон орқали етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ “бу техник шартнома бўлади” ва “иттифоқ дегани эмас”, дея таъкидлаган Мирзамахмудов.

Айни пайтда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков уч томонлама газ иттифоқи ғояси фақат иштирокчиларнинг тижорат манфаатларини кўзлаб ишлаб чиқилаётгани ва бу борадаги ишлар давом этаётгани ҳақида баёнот берди.

"Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ ҳақида гапирмаяпти, бу иттифоқни яратиш ғояси контекстида ҳам муҳокама қилинмаган. Биз, албатта, тижорат ҳақида гапираяпмиз. Бу давлатлар манфаатларига қаратилган ҳаракатлар”, - деди Песков.

Қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистон ёқилғи тақчиллигини бошдан кечирмоқда ва ҳатто Хитойга кунига олти миллион кубометр газ экспортини тўхтатишга мажбур бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистон билан газ иттифоқини яратиш ташаббуси Россия ва Қозоғистон президентлари – Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан муҳокама қилинган эди. Бироқ экспертлар фикрича, иккиламчи санкциялар таҳдиди туфайли на Остона, на Тошкент бундай иттифоқдан манфаатдор эмас.

XS
SM
MD
LG