Суриштирув: Россиянинг 10 минг ҳарбий хизматчиси ўлган
Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россиянинг 10 минг ҳарбий хизматчиси ўлгани, шундан 430 нафари сафарбар қилинганлар экани аниқланган.
ВВС ҳамда “Медиазона” қўшма суриштирувида шундай рақам берилди. Журналистлар очиқ манбалар - маҳаллий ОАВлар хабарлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва мулозимларнинг баёнотларидаги рақамларни тўплади.
Суриштирувга кўра, 9 декабрь ҳолатига, ўлими тасдиқланган ҳарбийлар сони бўйича Краснодар ўлкаси биринчи ўринда - 428 та ўлим қайд этилган. Буларнинг 40 фоизи ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хабар берилмаган, балки уларнинг ўлими маҳаллий қабристонлардаги янги қабрлардан аниқланган.
Инсон талафотлари бўйича иккинчи ўринда Доғистон - 363 киши, учинчи ўринда эса Бурятия -356 киши ўлган. Ҳалок бўлганлардан 1509 киши, яъни 15 фоизи офицер бўлган. Энг кўп талафот пиёда аскарлар ҳиссасига тўғри келиши айтилмоқда.
Энг консерватив ҳисоб-китобга кўра, Россия армияси ва Росгвардиянинг Украинадаги йўқотишлари 20 минг кишидан ортиқ бўлиши мумкин. Аммо, жароҳат, ўлим туфайли бутунлай сафдан чиққанлар ҳамда бедарак йўқолганлар сони 90 минг кишидан кам эмас, дейилади суриштирувда.
Қримда Россия ҳукуматига қарши норозилик кайфияти кучаймоқда
Аннексия қилинган Қримда Россия ҳукуматига қарши норозилик кайфияти кучаймоқда, айни чоғда маҳаллий аҳолига, жумладан оккупациядан қочиб келган Украина фуқароларига нисбатан қўзғатилган маъмурий ва жиноят ишлари сони ҳам ортиб боряпти.
Уларни асосан терроризм ва экстремизмда, шунингдек Россия қуролли кучларини “обрўсизлантириш”да айблашади. Украина президентининг аннексия қилинган Қрим бўйича доимий вакили Камила Ташевага кўра, бугунги кунда яриморолда 155 нафар сиёсий тутқун бўлиб, улардан 109 нафари қрим-татар мансубларидир:
“Кимдир Саша Тарапонга ўхшаб деворга ёпиштирилган варақаларни юлиб ташлайди. Кимдир маъмурий биноларга қизил бўёқ сепиб кетади, яна кимдир сариқ-кўкка бўяниб юради, бошқаси эса Z рамзли машинани пачоқлайди. Хуллас, норозилик билдириш шакллари кўп. Бу норозилик очиқ эмас, лекин бу ҳам норозиликнинг бир кўриниши. Ва биз бу одамлардан миннатдормиз. Уларни таъқиб қилишмоқда. Ва улар мустабид давлатда бунинг оқибати нима бўлишини яхши тушунишади”.
2014 йилнинг мартида Россия Украинага қарашли Қрим яриморолини аннексия қилган эди. Халқаро ташкилотлар Қрим аннексиясини ноқонуний деб топиб, Россиянинг хатти-ҳаракатларини қоралаганлар, Ғарб мамлакатлари эса унга қарши иқтисодий санкциялар жорий этган.
Кремль Қримни аннексия қилганини инкор этаркан, яриморолни ўз таркибига қўшиб олганини “тарихий адолат тикланиши” деб атайди.