Чулаковка - иккинчи Макеевка
Украина Қуролли кучлари Бош штаби 31 декабрь куни Украина қўшинларининг Херсон вилояти Чулаковка қишлоғи яқинида россиялик ҳарбийлар жамланган жойга берган зарбаси натижасида 500 га яқин россиялик ҳалок бўлгани ёки яралангани ҳақида хабар берди.
Операция тафсилотлари келтирилмаган. Ушбу маълумотлар бошқа манбалардан ҳозирча тасдиқланмаган. Агар Украина қуролли кучлари штаби маълумотига ишонилса бу Россия кучлари кўрган энг катта талафотлардан бири бўлиши мумкин.
Бундан олдин Донецк вилоятининг Макеевка шаҳрида Украина кучларининг HIMARS ракета зарбаси оқибатида кўп сонли россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани маълум қилинганди.
Россия Мудофаа вазирлиги 63 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тан олди, Украина томони ва бир қатор россияпараст манбалар, жумладан Донбассдаги айирмачи кучларнинг собиқ қўмондони Игорь Стрелков (Гиркин), қурбонлар сони “юзлаб” эканини маълум қилган.
Зарба ҳарбийлар жойлашган Макеевкадаги касб-ҳунар мактаби биносига берилди.
Воқеа жойидан олинган видеода касб-ҳунар мактаби биноси ер билан яксон бўлганини кўриш мумкин.
Россия аскарлари президент Владимир Путиннинг янги йил табриги эфирда берилаётган пайтда ҳужумга тутилди.
Украинанинг янги йил арафасида Россиянинг Макеевкадаги базасига HIMARS тизимидан берган юқори аниқликдаги зарбаси Россия ҳарбий раҳбариятига қарши янги танқидлар тўлқинига сабаб бўлди, деб ёзди Америка урушни ўрганиш институти.
Украина Бош штаби ракета зарбаси натижасида Россиянинг 10 тагача техникаси йўқ қилинганини маълум қилди, бироқ қурбонларнинг тахминий сонини келтирмади.
Украина Қуролли кучларининг стратегик алоқа департаменти аввалроқ россиялик ҳарбийлар жойлашган касб-ҳунар мактаби биносига уюштирилган зарба натижасида 400 киши ҳалок бўлган ва 300 киши жароҳатланганини маълум қилган эди.
Америка урушни ўрганиш институти экспертлари фикрича, Россия Мудофаа вазирлиги хавфсизлик чораларининг ёмон ташкил этилгани учун айбни ўзларини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган айирмачилар раҳбарлари ва сафарбар қилинганларнинг ўзларига юклашга уринмоқда.
Айирмачи гуруҳ вакилларига кўра, янги йил оқшомида “ҳарбий хизматчилар уяли телефондан фаол фойдалангани” сабабли уларнинг жойлашув жойи фош бўлганини айтишмоқда.
"Ҳарбий хизматчиларнинг мобил телефонлардан фаол фойдаланиши сабаб бўлган. Душман Eshelon разведка мажмуасидан фойдаланган ҳолда уяли алоқа фаоллиги ва абонентларнинг жойлашувини аниқлаган", - деб билдирган ўзларини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган айирмачилар раҳбарларидан бири ТАСС агентлигига.
Кремлпараст нашрлар россиялик ҳарбийлар Украина имкониятларини паст баҳоламасликлари кераклигини таъкидлаб, ҳарбийлар томонидан мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича қатъий қоидаларни жорий этишга чақирди.
Ахборот майдонида, шунингдек, касб-ҳунар мактаби биносидан базани жойлаштириш учун фойдаланишга қарор қилганларни жазолаш чақириқлари, шунингдек, ўзларини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган айирмачилар раҳбари Денис Пушилиннинг истеъфога чиқиши талаблари янграган.
Россия ҳарбий департаменти айбни атайлаб "Донецк халқ республикаси" расмийларига тўнкашга уринмоқда, дея хулоса қилади Америка урушни ўрганиш институти экспертлари.
Дружковкада "Алтаир" муз саройи Россия ракета ҳужумидан вайрон бўлди
Донецк вилоятининг Дружковка шаҳридаги "Алтаир" муз саройи Россия ракета ҳужумидан вайрон бўлди. Жароҳатланганлар бор. Арена илгари Украинанинг энг номдор хоккей клуби - "Донбасс" нинг базаси бўлган.
Россия 2022 йилнинг иккинчи ярмида жанг майдонида шармандали мағлубиятга учраганидан бери Украина шаҳарларига қарши оммавий ҳаво ҳужумлари уюштириб келади.
Россия томонига кўра, қишда миллионлаб одамларни иссиқлик ва электрдан маҳрум қилган ҳужумлари Киевнинг жанговар қобилиятини пасайтиришга қаратилган.
Украина эса Россия ҳужумларидан мақсад тинч аҳолига зарар етказиш, бу эса уруш жинояти эканини айтади.
Краматорск, Днепропетровск ва Херсон ҳужумлар остида
3 январь эрталаб Донецк вилоятининг Краматорск шаҳри ва Днепропетровск вилоятининг Никополь тумани Россия ҳужумларига тутилди.
20 га яқин ракета келиб тушган. Турар-жой ва маъмурий объектлар вайрон бўлган. Қурбонлар йўқ.
Херсон вилоятига ҳам ҳужумлар тўхтамаяпти. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, ўтган 24 соат ичида Россия ҳужумларидан у ерда икки киши ҳалок бўлган, камида тўққиз киши жароҳатланган.
Макеевкага ҳужумда 63 рус ҳарбийси ўлди
Янги йил кечаси Донецк шаҳри яқинидаги Макеевкада техника билим юрти биноси ўққа тутилди – у ерда Украинага урушга сафарбар қилинган россияликлар бўлгани айтилмоқда. Ҳужум ҳақида Россия ҳарбий мухбирларининг телеграм-каналлари ҳамда тан олинмаган “ДХР” ахборот вазири ўринбосари Безсоновга оид канал хабар тарқатди.
Россия Мудофаа вазирлиги Макеевкадаги ҳужумни орадан бир ярим кун ўтиб тасдиқлади ва ушбу ҳужумда 63 нафар ҳарбий ўлганини билдирди.
Украина ҳарбийлари эса ушбу ҳужумда “400 нафарга яқин босқинчи” йўқ қилингани, ярадорлар ҳам кўплигини таъкидламоқда.
Макеевкада техника билим юртига Ҳаймарс ракета тизими орқали зарба берилгани айтилмоқда.