Зеленский: Жабҳада вазият ўта кескин
Украина кучлари шарқдаги бир неча қайноқ нуқталарда рус қўшинлари билан шиддатли жанглар олиб бормоқда. Ғарб Киевга замонавий танклар етказиб бериши ҳақида хабарлар ўртага чиқаётган бир пайтда Россия шошилинч равишда жабҳада босимни кучайтирмоқда.
Президент Владимир Зеленский жума оқшомида қилган видеомурожаатида Донецк вилоятида вазият “ўта кескин” эканини таъкидлади. У ерда Донецк вилояти жануби-ғарбидаги Угледар ва шимоли-шарқидаги Бахмут шаҳарлари учун қақшатгич жанглар кетаётганини айтди.
Россия артиллериясининг тинимсиз бомбардимонлари оқибатида бу шаҳарлар вайрон бўлган.
Зеленский тунги видеомурожаатида Украинага Россиянинг кучайиб бораётган босимига қарши курашиш учун зудлик билан кўпроқ қуролга эҳтиёж борлигини айтди.
"Жабҳада ва айниқса Донецк вилоятида, Бахмут ва Угледар яқинида вазият ўта кескинлигича қолмоқда. Босқинчилар бизнинг позицияларимизга шунчаки бостириб киришмаяпти, улар ўз атрофидаги шаҳар ва қишлоқларни артиллерия, ҳаводан атайлаб ва тизимли тарзда вайрон қилмоқда. Россия армиясини фақат куч билан тўхтатиш мумкин. Донецк вилоятида шаҳарларимизни ҳимоя қилаётган жангчиларимиз ҳақиқий қаҳрамонлардир”.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби 28 январь куни эрталаб ўзининг кундалик ҳисоботида Россия қўшинлари Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида ҳужумни давом эттираётганини билдирди.
“Душман Бахмут, Авдиивка ва Новопавловка йўналишларида ҳужум ҳаракатларини давом эттирмоқда”, — дейилади Бош штаб хабарида.
“Купянск, Лиман, Запорож ва Херсон йўналишларида душман мудофаа ҳолатида”.
Украина армияси матбуот котиби Сергей Череватий маҳаллий ОАВга Угледарда "қақшатгич жанглар кетаётганини" айтди.
“Кўп ойлар давомида Россия Федерацияси ҳарбийлари. у ерда сезиларли силжиш қилишга уриняпти, лекин уддасидан чиқа олмаяпти”, деди Череватий.
Босқиндан олдин 15 мингга яқин аҳолисига эга бўлган Угледар шаҳри Донецк жанубидаги алоқа тугуни сифатида муҳим стратегик аҳамиятга эга.
Украина Хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов Озодлик билан суҳбатда Москва Россия босқинининг бир йиллиги муносабати билан 24 февраль куни янги ҳужумга тайёргарлик кўраётганини айтди.
"Энди улар максимал фаоллашишга тайёргарлик кўрмоқда. . . ва улар юбилейга қадар қандайдир ютуқларга эришишлари керак, деб ҳисоблашади", дейди Данилов.
Украинанинг Ғарб иттифоқчилари Киев мудофаасини мустаҳкамлаш учун ҳарбий техника ва ёрдам ваъда қилишда давом этмоқда.
АҚШ Миллий хавфсизлик вакили Жон Кирби Вашингтон яқин ойларда “жангларнинг шиддатли даврини” кутаётганини айтди ва уруш тўхтаб қолганидан “ҳеч қандай аломат” йўқлигини билдирди.
Зеленский Украинага 500 тагача танк кераклигини айтмоқда.
"Бизга ҳозир 300 ёки 500 та танк керак. Ҳудудимизни, тупроғимизни ҳимоя қилиш учун танклар керак. Халқимизни ҳимоя қилиш учун зирҳли машиналар лозим", деди Зеленский Sky News телеканалига берган интервьюсида.
Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омельченко 27 январь Ғарб ҳозирга қадар Украинага жами 321 дона оғир танк ваъда қилганини айтди.
Польша айни пайтда мудофаани мустаҳкамлаш учун Украинага қўшимча 60 та танк жўнатишини эълон қилди.
Варшаванинг бу баёноти НАТО аъзолари Германияда ишлаб чиқарилган 100 га яқин “Леопард 2” танкларини Украинага беришга шайланган бир пайтда янгради.
Алоҳида-алоҳида, Қўшма Штатлар ва Буюк Британия мос равишда 31 та “Абрамс” ва 14 та “Чэлленжер 2” танкларини тақдим этишга ваъда беришди.
Украина АҚШдан F16 қирувчи самолётларини ҳам сўраган. Кирби, Вашингтоннинг Украина сўровидан хабардор эканини айтди, лекин “Бугун гаплашадиган қўшимча қурол тизимларимиз йўқ”, деди.
Словакия Украинага МиГ-29 қирувчи учоқларини бермоқчи
Мамлакат мудофаа вазири Ярослав Над шундай баёнот берди.
“Словакия ҳукуматининг қарори аввало Украина ҳукуматининг қарорига, шунингдек иттифоқчиларнинг ушбу масала бўйича розилигига боғлиқ”, деди мулозим.
Қирувчи учоқлар Словакиядаги ҳарбий-ҳаво кучлари базаларидан бирида сақланмоқда.
Baykar ширкати Украинага иккита Bayraktar ТB2 зарбдор дронини текинга берди
Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Аввал ҳам мазкур ширкат шу русумдаги дронлардан бир нечтасини Украина армиясига совға қилган.
Хусусан, 2022 йилнинг май ойи охирларида Литвада Украина ҚК учун Bayraktar дронини сотиб олиш учун пул йиғилган эди.
Украинанинг Литвадаги элчиси одамлар қўшни давлат армиясига дрон олиб бериш учун пул йиғиши тарихда биринчи марта бўлганини таъкидлаган.
Бироқ “Байрактар”ларни ишлаб чиқарувчи турк ширкати литваликлар пул тўплаганидан хабар топгач, битта дронни Украина учун Литвага бепул тақдим этишини маълум қилган.
Литваликлар эса йиғилган пулни бомба ва ракеталар, дронга қарши милтиқлар, кичик разведка дронлари сотиб олишга, шунингдек украин ҳарбийларининг даволанишига сарфлашга қарор қилганлар.
Норвегия ҳам "танк коалицияси"га қўшилди
Норвегия “танк коалицияси” доирасида Украинага Leopard 2 жанговар танкларини йўллайди, дея эълон қилди мамлакат мудофаа вазири Борн Арил Грамм.
Бу ҳақда NRK нашри хабар бермоқда.
“Норвегия ва унинг ҳукумати Украинага жанговар танклар беришни қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз бу ташаббусга қўшилади”, деган вазир.
Аммо мулозим Киевга жўнатилажак танкларнинг аниқ сонини очиқламаган.