Россия Харьков марказини ракеталар билан урди. Жабрланганлар бор
5 февраль тонгида Россия Харьков марказига ракеталар билан зарба бергани маълум қилинди. Ҳужум шаҳарнинг Киев туманига қаратилган.
Харьков мэри Игорь Тереховга кўра, ракеталардан бири турар-жой биносига келиб тушган. “Турар-жой биноларидан бирида ёнғин чиққани ва бир киши жабрлангани маълум”, деб ёзди Терехов.
"Биз ҳатто нима бўлганини тушунмадик, соат неча бўлганини ҳам билмадик. Қисқаси, кучли портлаш бўлди ва ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди. Устимизга қулаган мебел бизни қутқариб қолди, шунинг учун ҳозир тирикмиз. Дугонам мен билан бирга эди, уни тез ёрдам машинаси олиб кетди. У шиша синиқларидан жароҳат олган", деди Харков турғуни Людмила Крилова.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ҳужум иккита С-300 ракетаси билан амалга оширилганини тахмин қилмоқда.
У битта ракета турар-жой биносига тушганини тасдиқлади. Иккинчи зарбада эса маҳаллий ОТМ биноси вайрон бўлган. “Суспiльне” нашри бу А.Н.Бекетов номидаги Харьков миллий университети эканини хабар қилган.
"Тез ёрдам хизмати хабарига кўра, уч киши жароҳатланган. Бу дастлабки маълумотлар. Воқеа жойида тўққизта ўт ўчириш-қутқарув машинаси ҳамда 60 га яқин фавқулодда хизмат ходими ишламоқда”, деди фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Евгений Василенко.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Синегубов вилоят тез тиббий ёрдам марказига таянган ҳолда зарбалар натижасида тўрт киши – 54 яшар аёл, 51 ва 55 ёшли икки эркак ҳамда ОТМ қоровули жабрланганини қўшимча қилган.
Россия ва Украина асирлар билан алмашишди
Россия Мудофаа вазирлиги “қийин музокаралар”дан сўнг Украина 63 нафар россиялик ҳарбий асирни, жумладан, “нозик тоифадаги шахсларни” қайтариб берганини, маълум қилди.
Россия томонига кўра, “Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятининг воситачилик саъй-ҳаракатлари туфайли уларни алмашиш"га эришилган.
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак 116 украиналик асирликдан қайтганини маълум қилди: "Мариупол ҳимоячилари, Херсон партизанлари, Бахмут йўналишидаги снайперлар ва бошқалар" озод этилди деди Ермак.
Бундан ташқари, Ермакнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган хорижлик кўнгиллиларнинг жасадлари қайтарилган.
Одесса ва минтақанинг бир қисми "авария туфайли" электрсиз қолди
Одесса мерияси маълумотларига кўра, шанба куни эрталаб "Укрэнерго" подстанциясида рўй берган йирик авария туфайли бутун шаҳар ва Одесса вилоятининг бир қисми вақтинча энергиядан узилган.
"Энергетика мутахассислари муҳим инфратузилма объектларини электр билан таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. "Укрзнерго" мутахассислари аварияни бартараф этишмоқда. Электр таъминоти иш тугагандан сўнг дарҳол тикланади", - дейилади хабарда.
Ҳодисанинг сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Украина шарқида жанглар, Россия Кременная ҳудудида тобора шиддатли ҳужум операцияларини ўтказмоқда
Американинг Урушни ўрганиш институти таҳлилий марказининг кунлик ҳисоботига кўра, 4 февраль, шанба куни Россия қўшинлари Кременная ҳудудида тобора шиддатли ҳужум операцияларини ўтказмоқда.
Кременная ва Сватово Россиянинг Луганск вилоятидаги мудофаа таянчлари бўлиб, у ерларга Украина кучлари яқинлашмоқда, бироқ рус қўшинлари бу ҳудудда ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг жанубга, Донецк вилоятининг Бахмут туманига ҳужуми давом этаётгани ҳақида хабарлар бор. Украина Қуролли кучлари Бош штаби, шунингдек, Россия қўшинлари Кременная ва Бахмут минтақаларида, ва бошқа йўналишларда катта йўқотишлар билан олдинга силжиётгани ва ҳужумлар қайтарилганини даъво қилмоқда.