Хитой билан муносабат кескинлашмоқда
27 февраль куни Хитой Ташқи ишлар вазири, ўз давлати бу можарода барча томонлар, жумладан Киев билан ҳам алоқани сақлаб келмоқда, деб таъкидлади.
Айни пайтда Хитой, АҚШнинг хитой компанияларига нисбатан санкцияларига жавобан, қатъий чора кўришидан огоҳлантирди.
Хитой Россиянинг Украинадаги босқинида бевосита ёрдам кўрсатмаган бўлса ҳам, АҚШ Хитойни ёпиқ эшиклар ортида бундай ҳаракат жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.
Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
«Пекин қандай йўл тутиши борасида ҳарбий ёрдам кўрсатиш ёки кўрсатмаслик борасида бир қарорга келиши керак. Аммо, улар биринчи йўлни танласа, бу Хитойга чинакамига қимматга тушади”, деди Салливан.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бернс CBS News телеканалига берган интервьюсида Хитой Россияга қурол етказиб бериш масаласини ўрганаётгани, аммо якуний қарорга келмагани ҳақида гапирди.
Ўтган ҳафтада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон бундай шартномага қарши эканини ва Пекин бу ишни амалга оширса, муносиб жавоб қайтарилишидан огоҳлантирган.
Қозоғистон Хитой таклифини қувватлашини билдирди
Хитой яқиндагина Украина урушини тўхтатиш учун 12 банддан иборат тинчлик режасини таклиф қилган. Унда давлатларнинг ҳудудий яҳлитлигини сақлаш, тинчлик музокаралари бошланиши учун аваалдан қўйилган шартларни бекор қилиш, “қонсиз уруш” менталитетидан воз кечиш, россияга қарши санкцияларни қоралаш каби таклифлар бор. Бироқ урушни тўхтатиш учун конкрет чоралар кўрсатилмаган.
Ғарб давлатлари Хитойнинг бу таклифи фақат Россия манфаатларига хизмат қилишини айтиб, уни қўлламаётир.
Хусусан, Украина таклиф қилинган тинчлик режасида Россиянинг Украинадан қўшинларини олиб чиқиши назарда тутилмаганини айтиб, Хитойнинг таклифини рад этган. Бироқ, Киев режанинг айрим бандлари муҳокамасига очиқлигини ҳам истисно қилмади.
Хийтонинг ён қўшниси бўлган Марказий Осиё давлатларидан, ҳозирча Қозоғистон бу таклифга ўз муносабатини билдирди.
25 февраль куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Остона Хитой таклифини “бир давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига амал қилган ҳолда қон тўкилиши олдини олишга қаратилгани учун қўллашга арзийди” деб ҳисоблайди.
Айни пайтда, бу баёнотда Қозоғистон томони Россиянинг Украинага босқинини қораламаган, бироқ томонларни “яхши ният ифодаси” ўлароқ ҳарбий низони тўхтатиш ва музокаралар столига ўтиришга чақирган.
Жанг ҳаракатлари давом этмоқда
Томонлар бераётган баёнотларга кўра, Россия Украина ҳарбий нишонларини ўққа тутишда, Украина эса Россия ҳужумларини қайтаришда давом этмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Россия қўшинлари ўтган сутка мобайнида Донецк, Купянск ва Херсон йўналишларида украин армиясининг артиллериялари, ўқ-дори омборлари, ҳамда ҳарбий базасига зарба берганини билдирди.
Россия кучлари Николское ва Угледар яқинидаги украин бўлинмаларига зарба берди, шунингдек Украина кучларининг битта Ми-8 вертолётини ҳамда бир қанча дронларини уриб туширди, деди Россия Мудофаа вазирлиги расмийси.
Украина Бош штаби ҳам, Россия кучлари асосан Купянск, Красний Лиман (Украина назоратидаги) ва Баҳмут йўналишида ҳужум қилганини билдириб, Украина армияси рус қўшинларининг етти йўналишда 71 та ҳужумини қайтарди, деб маълум қилди.
Украина томонига кўра, Россия қўшинлари ўтган тунда Украина ҳудудига 14 маротаба Шаҳид дронлари билан ҳужум уюштирган. Бу дронлардан 11 таси уриб туширилган.
Хмелницк районига ташланган дрон ҳужумида бир одам ўлган, 4 маҳаллий аҳоли жароҳатланган. Киев шаҳар маъмурияти эса, шаҳар устида 9 та дрон уриб туширилганини билдирди. Запорожья областида ҳам дронлар қайд этилган.
Украина Бош штабига кўра, Украина ракета ва артиллерия бўлинмаси Россия қўмондонлик пунктлари, радар станциялари ва икки асосий ҳарбий нишонни йўқ қилган.
Уруш шароитида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконсиз бўлиб қолмоқда.
ISW:Россияда аскарлар сони чексиз эмас
Американинг Урушни ўрганиш институти: “Россияда аскарлар сони чексиз экани ҳақидаги тасаввурлар - афсона”, деб қайд этди навбатдаги ҳисоботида.
Таҳлилчиларнинг ҳисобича, ҳар йили Россия армиясига ўртача 260 минг киши чақирилади, 18 ёшга тўладиган фуқаролар сони эса йилига 800 минг атрофида.
Ўтган йилги қисман мобилизация пайтида, армия шахсий таркиби яна бир неча юз минг кишига ошди.
Лекин, аскарлар ўлими ҳукуматни янги мобилизация эълон қилишга турткилаши мумкин. Бунинг оқибатида, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган бўғиндаги ишчи кучи армияга жалб этилади ва бу мамлакатдаги инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.
"Россия яна кўпроқ аскарни сафарбар қилиш имконига эга ва афтидан Путин енгилмаслик учун шундай қилади ҳам. Лекин, Россия бунинг учун берадиган талафот кўлами ҳам катта тезлик билан орта бошлайди”, дейилади ҳисоботда.