Тарихий қарори - Зеленский Халқаро жиноят судининг қарори ҳақида
Украина президенти Владимир Зеленский Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги қарори тарихий эканини айтди ва минглаб украиналик болаларнинг депортациясида Путинни айблади.
"Халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу халқаро жиноятчиларни жавлбгарликка тортиш йўлидаги муҳим тарихий қарор. Террористик давлат раҳбари ва бошқа бир россиялик амалдор ҳарбий жиноятда расман гумон қилинмоқда. Украиналик болаларни депортация қилишда – минглаб болаларимизни террористик давлат ҳудудига ноқонуний равишда кўчиришда гумон қилинмоқда”, - деди Зеленский.
Киев раҳбарига кўра, депортация қилинган болаларнинг ҳақиқий сони 16 000 дан кўп бўлиши мумкин.
Халқаро жиноят суди жума куни Путинни болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилишда ҳарбий жиноятда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди. Шунингдек, суд Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Мария Львова-Беловага ҳам худди шу айбловлар бўйича ордер берди.
Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди
Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди.
Халқаро жиноят суди (ХЖС) Путинни ҳарбий жиноятларни содир этганликда – Украинанинг ишғол этилган ҳудудларидан аҳолини (шу жумладан болаларни) куч билан депортация қилганлик ва кўчирганликда гумонламоқда. Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра геноцид ўлароқ баҳоланиши мумкин.
Суд сайтида Путин одамларнинг мажбуран кўчирилиши учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашга асослар бор экани қайд этилган.
Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди. Москва 2016 йилдан буён ХЖС фаолиятини белгиловчи Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди. Ўз навбатида, суд ҳам, агар гап ҳарбий жиноятлар тергови ва бу каби жиноятлар учун таъқиб ҳақида борган пайтда, давлат раҳбарлари дахлсизлигини тан олмайди.
Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.
Ўзбекистон Рим статутини 2000 йилнинг 29 декабрида имзолаган, бироқ ратификация қилган эмас.
Бахмутга зенит ракеталари ёғдирилди
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Россия қўшинлари сўнгги кеча кундуз давомида шарқий фронт чизиғи бўйлаб 70 дан ортиқ ҳужум уюштиргани, асосий ҳужумлар ҳали ҳам Бахмутга қаратилганини билдирди.
Донецк вилоятида ўтган суткада Россия қўшинлари ҳужумида 2 киши ўлган, саккиз киши яраланган.
Бу ҳақда Донецк маъмурияти раҳбари ўзининг Телеграм саҳифасида ёзди. Украина Қуролли Кучлари Бош штабига кўра, зенит ракета тизимларидан ўнлаб зарбалар берилган.
Херсон шаҳрида эса, 24 соат ичида 13 марта ҳужум бўлди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий губернатори Александр Прокудин. Прокудиннинг сўзларига кўра, Херсон вилоятига асосан оғир Град ракеталаридан 76 марта ҳужум қилинган, 1 киши яраланган.
Украина кучлари ноябрь ойида Херсон шаҳрини озод қилиб, рус қўшинларини чекинишга мажбур қилган эди. Ўшандан бери рус қўшинлари Херсон шаҳри ва Украина назорати остидаги бошқа ҳудудларни доимий равишда ўққа тутиб келади.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган бундай маълумотларни мустақил манбалардан текшириш имконига эга эмас.
Си Цзиньпин Россияга боради
ХХР раиси ва иқтидордаги Хитой Компартияси лидери Си Цзиньпин 20-22 март кунлари расмий ташриф билан Россияга келади. Бу ҳақда 17 март куни Кремль матбуот хизмати ва Хитой ТИВ маълум қилди.
Кремлга кўра, томонлар “Россия ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик алоқаларни янада ривожлантириш масалалари”ни муҳокама қиладилар.
Хитой ТИВ эса “халқаро ва минтақавий масалалар бўйича чуқурлаштирилган фикр алмашув” бўлишини ҳам билдирди. Бу Си Цзиньпиннинг ўтган йили февралда Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россияга илк ташрифидир.
Шунингдек, ХХР раислигига учинчи муддатга сайланганидан кейин биринчи марта хорижга чиқишидир. Путин эса сўнгги бор ўтган йили, уруш бошлашидан олдинроқ Олимпиада ўйинлари очилиши муносабати билан Пекинга борган эди.
Аввалроқ, қатор Ғарб нашрлари Хитой Россияга қурол-аслаҳа, хусусан жанговар дронлар, артиллерия ва ўқ-дори бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди.
Жума куни Politico нашри, Хитой ширкатлари Россияга мингта милтиқ, асбоб-ускуналар, жумладан дронлар учун зарур эҳтиёт қисмлар ва зирҳли нимчалар сотганини хабар қилди. Бироқ бу ҳали кенг кўламли ёрдамни билдирмайди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Россияга қурол-аслаҳа етказиб бериш оқибатларидан огоҳлантирган. Хитой эса бунақа режаси борлигини инкор этган.