Линклар

Шошилинч хабар
23 март 2023, Тошкент вақти: 00:48

Зеленский Бахмут жабҳасида. Россия украин шаҳарларини яна дрон ҳужумига тутди. Уруш хроникаси

Урушнинг 392-куни

Зеленский Бахмут жабҳасида.

Россия украин шаҳарларини яна дрон ҳужумига тутди.

Русларнинг иккита Ту-95МС стратегик ракета ташувчиси Япон денгизи узра парвоз қилди.

Аннексия қилинган Қримнинг Жанкой шаҳрида 20 март оқшомида бир нечта кучли портлашлар содир бўлди.

Қўшма Штатлар ўзининг навбатдаги 350 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.

Россия президенти матбуот котиби Владимир Путиннинг Хитой етакчиси Си Цзинпин билан 4,5 соатлик учрашувини шарҳлади.

Москвадаги “Мемориал”да навбатдаги тинтувлар кетмоқда, фаоллар ҳибсда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина учун 522 млн долларга 155 мм снарядлар ишлаб чиқаришга буюртма берди.

БМТ: уруш бошидан буён Украинада 8 мингдан ортиқ тинч аҳоли нобуд бўлди. Бу якуний рақамлар эмас.

Украина Қуролли кучлари фронтда бир марталик картон дронлардан фойдаланмоқда.

17:02 18.3.2023

Шольц: Ҳеч ким ҳуқуқ ва қонундан устун бўлолмайди

Германия Канцлери Олаф Шольц Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришини олқишлади.

"Ҳеч ким ҳуқуқ ва қонундан устун бўлолмайди. Бу халқаро ҳуқуқнинг муҳим тамоили", - деди Шольц Токиога ташрифи чоғида.

12:51 18.3.2023

Байден: Путин ҳарбий жиноятлар содир этган, ХЖС уни ҳибсга олиш учун ордер беришга ҳақли

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин ҳарбий жиноятлар содир этгани ва Халқаро жиноят судининг уни ҳибсга олиш учун ордер беришга ҳақли эканини айтди.

"Лекин масала шундаки, суд халқаро миқёсда етарли тан олинмаган, жумладан биз тарафдан ҳам. Лекин менимча, бу жуда кучли мужда", деди Байден жума куни журналистлар саволларига жавоб бераётиб.

Британия бош вазири ўринбосари Доминик Рааб Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришини “тарихий воқеа” деб атади.

“Ўйлайманки, қисқа муддатда президент Путиннинг бутун дунё бўйлаб ҳаракатланиши жуда қийинлашади, чунки ХЖС аъзоси бўлган ва уни ҳибсга олишга мажбур бўлган жуда кўп давлатлар бор”, деди Рааб.

"Мустақил фаолият юритувчи Халқаро Жиноят Суди президент Путин ва Болалар Омбудсманининг даҳшатли жиноятлари учун айблов хулосаси чиқарди. Суд мустақил фаолият олиб боришига қарамай, халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами жуда муҳим", деди Рааб.

Халқаро Жиноят суди Путинни ҳарбий жиноятда, юзлаб болаларни Украинадан ноқонуний равишда депортация қилишда айблади.

Ҳозирда ХЖСга 123 давлат аъзо. Бу мамлакатлар ҳибсга олишга ордер берилган шахслар ўз ҳудудига қадам босиши билан Ҳаага судига топшириш мажбуриятини олган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича масъул Жозеп Боррел Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганини халқаро адолат учун муҳим қарор деб атади.

Боррелнинг айтишича, бу ҳаракат "Россияни Украинадаги жиноятлари ва ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш"нинг ибтидоси холос.

"Бу халқаро адолат ва Украина халқи учун муҳим қарор. Биз ҳар доим Европа Иттифоқида Украинага қарши ноқонуний тажовузда айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини очиқ айтиб келганмиз. Ва бу бошланиши. Россия ва унинг раҳбарини Украинада содир этаётган жиноятлари ва ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш ва жавобгарликка тортиш жараёни бошида турибмиз", деди Боррел.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги журналистлар БМТ Бош котибининг воизи Стефан Дюжаррикни Халқаро жиноий суднинг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ордери БМТ дипломатиясига таъсири ҳақидаги саволларга кўмишди.

"Бош котиб ҳали ҳам президент Путин билан гаплашадими ёки учрашадими?", - деб сўради журналистлардан бири.

"Бош котиб бизнинг ишимизни ривожлантириш учун ким билан гаплашиши керак бўлса, ҳар доим гаплашади", деб жавоб берди Дюжаррик.

Халқаро жиноий суд жума куни Россия президенти Владимир Путинни болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилиш бўйича ҳарбий жиноятда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди.

Москва ўз кучлари қўшнисига бир йиллик бостириб кириши чоғида ваҳшийлик қилгани ҳақидаги айбловларни қайта-қайта рад этиб келади ва Кремл суд қарорини Россияга нисбатан “яроқсиз” деб баҳолади.

Россия ҳам, Украина ҳам ХЖС аъзоси эмас, бироқ Киев унга ўз ҳудудида содир этилган жиноятларни таъқиб қилиш ҳуқуқини берган.

123 давлат аъзо бўлган трибуналнинг ўзига хос полиция кучлари йўқ ва гумондорларни ҳибсга олиш ва суд муҳокамаси учун Ҳаагага топшириш учун аъзо давлатларга таянади.

12:27 18.3.2023

Тарихий қарори - Зеленский Халқаро жиноят судининг қарори ҳақида

Украина президенти Владимир Зеленский Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги қарори тарихий эканини айтди ва минглаб украиналик болаларнинг депортациясида Путинни айблади.

"Халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу халқаро жиноятчиларни жавлбгарликка тортиш йўлидаги муҳим тарихий қарор. Террористик давлат раҳбари ва бошқа бир россиялик амалдор ҳарбий жиноятда расман гумон қилинмоқда. Украиналик болаларни депортация қилишда – минглаб болаларимизни террористик давлат ҳудудига ноқонуний равишда кўчиришда гумон қилинмоқда”, - деди Зеленский.

Киев раҳбарига кўра, депортация қилинган болаларнинг ҳақиқий сони 16 000 дан кўп бўлиши мумкин.

Халқаро жиноят суди жума куни Путинни болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилишда ҳарбий жиноятда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди. Шунингдек, суд Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Мария Львова-Беловага ҳам худди шу айбловлар бўйича ордер берди.

20:31 17.3.2023

Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди

Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди.

Халқаро жиноят суди (ХЖС) Путинни ҳарбий жиноятларни содир этганликда – Украинанинг ишғол этилган ҳудудларидан аҳолини (шу жумладан болаларни) куч билан депортация қилганлик ва кўчирганликда гумонламоқда. Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра геноцид ўлароқ баҳоланиши мумкин.

Суд сайтида Путин одамларнинг мажбуран кўчирилиши учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашга асослар бор экани қайд этилган.

Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди. Москва 2016 йилдан буён ХЖС фаолиятини белгиловчи Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди. Ўз навбатида, суд ҳам, агар гап ҳарбий жиноятлар тергови ва бу каби жиноятлар учун таъқиб ҳақида борган пайтда, давлат раҳбарлари дахлсизлигини тан олмайди.

Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.

Ўзбекистон Рим статутини 2000 йилнинг 29 декабрида имзолаган, бироқ ратификация қилган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG