АҚШ, Германия, Франция ва Британия раҳбарлари вазиятни муҳокама қилди
АҚШ президенти Жо Байден Франция, Германия ва Буюк Британия раҳбарлари билан Россиядаги вазиятни муҳокама қилди.
“Президент Байден Франция президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан гаплашди. Лидерлар Россидаги вазиятни муҳокама қилди. Шунингдек, улар Украинани қўллаб қувватлашини яна бир бор таъкидлашди”, дейилади Оқ Уй баёнотида.
“Вагнер”чилар жавобгарликка тортилмайди
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, қуролли исёнда қатнашган “Вагнер” жангчилари “фронтдаги хизматлари инобатга олинган ҳолда” жавобгарликка тортилмайди.
Россия нашрлари, жумладан “Ридовка” нашрининг ёзишича, бир кунлик исён давомида 15 ҳарбий ўлган. Булар асосан учувчилардир: Ил-18 учоғи бортида бўлган камида 8 киши ҳамда Ка-52 вертолёти экипажидир.
Зеленский: “Вагнер”чилар исёни Россия мутлақ хаос ичида қолганини кўрсатди
Украина президенти Владимир Зеленский, 23 июнь куни “Вагнер”чилар кўтарган “қуролли исён” Россия мутлақ хаос ичида қолганини кўрсатди, деб таъкидлади. Одатий оқшомги мурожаатида президент: “Россия босслари аслида ҳеч нарсани назорат қилолмаётганини кўрсатди”, деди.
"Бу вазиятда биз украиналиклар нима қиламиз? Биз ўз давлатимизни ҳимоя қиламиз. Биз ўз озодлигимизни ҳимоя қиламиз. Биз жим турмаймиз ва ҳаракатдан тўхтамаймиз. Биз қандай ғалаба қозонишни биламиз ва ғалаба қозонамиз. Бу урушда биз албатта ғалаба қозонамиз. Сиз бу вазиятда нима қиласиз? Сизнинг қўшинларингиз Украина ҳудудида қолса, улар Россияга шу қадар кўп вайронгарчиликни олиб келади. Бу шахс Кремлда қанча узоқ қолса, шунча кўп фалокат бўлади”, деди Украина президенти.
Украина қўшинлари катта ҳужумни бошлади
Украина Мудофаа вазири Анна Малярга кўра, қўшинлар Донбасс минтақасида бирданига бир неча йўналишларда ҳужум бошлаган. Гап асосан Бахмут йўналиши ҳақида бормоқда.
Вазирга кўра, Орехово-Василёвка, Бахмут, Богдановка, Ягодний, Клещеевка, Курдюмовка йўналишларда қарши ҳужум бошланган.
"Барча йўналишларда илгарилаш бор”, деди Маляр. Аммо,бошқа тафсилот бермади. Россия томони бу баёнотга муносабат билдирмади.
Озодлик уруш шароитида бундай баёнотларни мустақил манбалар орқали тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.