Германия Украинага яна 45 та Gepard зенит қурилмаларини беради
15 та зенит қурилмаси яқин ҳафталарда, қолган 30 таси эса йил охирига қадар етказиб берилади. Бу ҳақда Германиянинг Украина бўйича оператив маркази директори, бригада генерали Кристиан Фройдинг Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Бундан ташқари, Германия ҳукумати йил якунига қадар Украинага 2 та IRIS-T зенит-ракета мажмуаларини беради, келаси йилда эса ушбу ҲҲМ тизимларидан яна тўртта етказиб бериш режаланган.
АҚШ Украинага 500 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам ажратди
АҚШ Мудофаа вазирлиги сайтида Украинага 500 миллион доллар қийматли янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилгани тўғрисида хабарнома пайдо бўлди.
Айтилишича, Украина “хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ўта муҳим эҳтиёжларини қондириши” ва “қарши ҳужум амалиётларини қўллаб-қувватлаши учун” қуйидагиларни олади:
- Patriot ЗРКлари ва HIMARS реактив ўт очиш тизимлари учун қўшимча снарядлар;
- Stinger кўчма зенит-ракета комплекслари (КЗРК);
- 30 та Bradley пиёдалар жанговар машиналари;
- 25 та Stryker бронетранспортёри;
- Ўқотар қуроллар ва улар учун 22 миллион донадан ортиқ патрон.
Лукашенко Пригожинни Путин қаҳридан қутқариб қолганини айтди
Беларус президенти Александр Лукашенко, “Вагнер” ва унинг етакчиси Пригожинни президент Путиннинг қаҳридан қутқариб қолганини айтди. Лукашенко “мочить”, яъни бутунлай йўқ қилиш жумласини қўллади.
"Мочить, деди. Мен Путинга шошмасликни таклиф қилдим. Приножин ва унинг командирлари билан гаплашайлик, дедим. Бунга жавобан у: Саша, бу бефойда. У ҳатто телефонни олмайди, у ҳеч билан гаплашишни истамаяпти, деди”.
"Тинимисиз Вагнер, Вагнер Вагнер дейишади. Одамлар бизнинг бу масалага ёндошувимизни тушунмаяпти, бизнинг ёндашувимиз прагматик. Уларнинг командирлари келиб, ўзининг фронтда, ҳужум қилишдаги таржибалари билан бизга ёрдам беради”.
Шунингдек, расмий телевидение Беларус Мудофаа вазирининг Лукашенкога ядровий бомба тимсолидаги кичик макетни топширганини намойиш қилди.
Лукашенко: Бомба олиб келдингми?
Хренин: Аффирматив бомба, ўртоқ президент. Бу совет иттифоқи пайтида 1949 йилда чиқарилган илк ядровий бомба нусхаси.
Лукашенко: Душманларимиз бизни бу ерда символизм билан шуғулланяпти ёки ядровий қуролдан фойдаланишдан хурсанд булар, деб ўйлашмасин. Бу фақатгина рамзий нусха.
Лукашенко ўз вазири билан бу намойишкорона томошани нега айнан ҳозир уюштираётганини изоҳламади.
АҚШ “Вагнер” ва Пригожинга алоқадор 4 ширкатга санкция қўллади
АҚШ “Вагнер” ХҲШ ва унинг асосчиси Евгений Пригожин билан алоқада бўлган тўртта юридик шахс ва бир нафар жисмоний шахсни санкция рўйхатига киритди.
АҚШ Молия вазирлиги санкциялари рўйхатига қароргоҳи Жанубий Африка Республикасида бўлган Diamville Sau ва Midas Ressources ширкатлари, Бирлашган Араб Амирликларидаги Industrial Resources General Trading ва Россиядаги “ДМ” ширкатлари ҳам киритилган.
Бу ташкилотлар “Вагнер” ХҲШни дастаклаш ва унинг қуролли кучларини кенгайтириш мақсадида ширкатни молиялаштириш учун ноқонуний олтин олди-соттисида иштирок этишган, дейилган вазирлик хабарномасида.
“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати Россиянинг Мудофаа вазирлиги ёки бошқа давлат ташкилотларига боғлиқ бўлмаган норасмий қуролли бўлинма бўлиб ҳисобланади. “Вагнер” ХҲШ жангчилари Сурия, Африкадаги амалиётлар ва Украинадаги урушда иштирок этишяпти.
Генерал Сергей Суровикин “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожиннинг Россий олий ҳарбий қўмондонлигига қарши бош кўтаришни режалаганидан хабардор бўлган. The New York Times разведка маълумотлари билан таниш АҚШ расмийларига таянган ҳолда шундай хабар бермоқда.
Хабарга кўра, мавжуд маълумотлар Суровикин тезкор юриш ташкил қилишда Пригожин жангариларига ёрдам берган-бермаганини узил-кесил тасдиқламайди.
Ўша юриш чоғида “Вагнер” ХҲШ Жанубий ҳарбий округ штаби жойлашган Ростов-Дон шаҳрини эгаллаб, мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни лавозимдан бўшатишни талаб қилган эди.