Владивостокда қабристонда "Вагнер" байроқлари кесиб кетилди
Владивостокдаги денгиз ҳарбийлари қабристонида номаълум шахслар Украина билан урушда ҳалок бўлганлар қабридаги Россия байроқларини кесиб ташлади. Бу ҳақда мана бу тармоқларда тарқаган видеосида хабар берилди.
Видео муаллифига кўра, қабрларда Вагнер байроқлари ҳам бўлган, бироқ Евгений Пригожин исёнидан кейин улар Россия байроқлари билан алмаштирилган. Кейинчалик номаълум шахслар Россия байроқларини ҳам кесиб ташлашган, аммо денгиз пиёдалари ва ҳарбий разведка рамзларига тегишмаган. СЎзловчи қабристонда "Вагнер" рамзлари туширилган бирорта ҳам байроқ қолмаганлигини таъкидлайди.
Видеога кўра, "Вагнер" байроғи кесилган қабрлардан бири қотил Никита Кокирцага тегишли.
2011 йилда у нафақахўр кампирни ўлдиргани учун 15 йил жазо олган эди. Суд маълумотларига кўра, у шериги билан бирга кампирнинг квартирасини эгаллаб олишга уринган.
Италия Алишер Усмонов активларини музлатди
Италия Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан россиялик олигархларнинг тахминан 2 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақида Италия марказий банки хабар берди.
Италия ҳукумати Европа Иттифоқининг Россия ва унинг тарафдорларига қарши санкциялари доирасида рус олигархларига тегишли банк ҳисоблари, ҳашаматли виллалар, яхталар ва машиналарни мусодара қилди.
Улар орасида асли ўзбекистонлик металлургия ва телекоммуникация магнати Алишер Усмонов ҳам бор.
Италия суди апрель ойида Алишер Усмоновнинг 80 миллион евродан ортиқ активларини музлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Путин ШҲТ саммитида Хитой ва Ҳиндистон раҳбарлари билан онлайн учрашди
Бу йилги саммитга ташкилотга 2017 йилда қўшилган Ҳиндистон мезбонлик қилмоқда. Бу Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди учун мамлакатнинг ўсиб бораётган глобал нуфузини намойиш этиш учун яна бир имконият.
Вилсон марказининг Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелманнинг айтишича, мазкур саммит Путин кам сонли иттифоқчилари билан учрашиши учун майдон бўлади:
“Путин учун ШҲТ саммити ҳатто онлайн кўринишда ўтганда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки у халқаро майдонда кам сонли дўстлари билан учрашиш имконига эга бўлади. Шундай экан, Путин нафақат ШҲТ давлатларига балки бутун дунёга мурожаат қилиш учун бу саммитдан фойдаланишга ҳаракат қилади”.
Ўтган ой Ҳиндистонда ўтган ташқи ишлар вазирлари учрашувида, Россиянинг Украинадаги уруши деярли тилга олинмади.
Бироқ таҳлилчиларга кўра, озиқ-овқат ва ёқилғи инқирозининг ривожланаётган мамлакатларга таъсири ШҲТни ташвишга солмоқда.
Ташкилотга Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Россия мазкур минтақада кучли таъсирга эга.
Шунингдек, Покистон ҳам 2017 йилда аъзо бўлган. Саммитда Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кирди. Беларус ҳам ташкилотга аъзолик учун ариза берган.
Брукингс институтининг катта илмий ходими Танви Маданнинг айтишича, Москва Ғарб уни изоляция қила олмаганини кўрсатишни хоҳламоқда.
ШҲТга аъзо давлатлардан ҳеч бири БМТ резолюцияларида Россияга қарши овоз бермади, аксинча бетараф қолди.
Хитой Россия ва Украина ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳиндистон эса бир неча бор можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.
Саммитнинг яна бир жиҳатдан Путин учун аҳамияти шундаки, бу Путинга Евгений Пригожиннинг қуролли исёнидан сўнг назорат яна ўз қўлида эканлигини кўрсатишга имкон беради.
Зеленский Саакашвилини озод қилишга чақирди
Украина президенти Владимир Зеленский душанба куни яна Грузия ҳукуматини қамоқдаги собиқ президент Михаил Саакашвилини озод этишга чақирди ва Грузия элчисига маслаҳатлашув учун Тбилисига қайтишни буюрди.
Грузия ва Украина фуқароси бўлмиш Михаил Саакашвили ўша куни масофадан суд мажлисида иштирок этганди. Ёйинланган кадрлар собиқ президентнинг ҳибсда ниҳоятда озиб, ҳолдан тойганини кўрсатади.
“Кремль ҳозирги Грузия ҳукумати қўли билан Украина фуқароси Михаил Саакашвилини ўлдираётганига бугун дунё аҳли яна бир карра гувоҳ бўлди. Инсон ҳаёти – энг олий қадрият ва биз Михаилни шунчаки ўлдириб юборишларига йўл қўймаймиз. Украина бир неча марта Грузия ҳукуматини ушбу намойишкорона қотилликни тўхтатишга чақирган. Биз ҳам, ҳамкорларимиз ҳам Михаилни қутқариб қолишнинг турли йўлларини таклиф қилганмиз”, деди Зеленский тунги мурожаатида.
Зеленский Грузия ҳукуматини Саакашвилини даволаш ва соғлиғини тиклаш учун Украинага беришга чақирди.