АҚШ Туркияга Ф-16 қирувчиларини беради
АҚШ президенти Жо Байден, АҚШ Конгресси билан маслаҳатлашган ҳолда Туркияни Ф-16 қирувчи самолётлари дастурига қўшади. Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан маълум қилди.
Жейк Салливанга кўра, президент Жо Байден бу қарорни қўллаб-қувватлашини аниқ айтган
“Байден бу масалада қандайдир чекловлар қўймади. У бу қарор билан олдинга қадам ташлаш ниятида”, деди Салливан.
Краснодарда сафарбарлик бўлими бошлиғининг ўринбосари Станислав Ржицкий ўлдирилди
ОАВлар хабар қилишича, уни эрталаб югуришга чиққанида номаълум киши отиб кетган. Тўртта ўқ еган Ржицкий воқеа жойида ўлган.
Станислав Ржицкий 42 ёшда эди. У илгари флотда хизмат қилган ва “Калибр” қанотли ракеталари билан қуролланган “Краснодар” сувости кемаси командири бўлган.
Украина ОАВлари ушбу сувости кемаси ўтган йилнинг июлида Қора денгиздан туриб Винница шаҳрига “Калибр”лар билан зарба берганини урғулашмоқда.
Шунингдек, айнан шунақа исм-фамилияли одам Украинанинг Россия армияси ҳарбий жиноятларига доир маълумотлар тўпловчи “Миротворец” сайти базасига ҳам киритилган.
Унда Ржицкий “Алроса” сувости кемасига командирлик қилгани айтилади.
Киев ва Одессага “Шаҳид”лар ҳужуми: пойтахт устида барча нишонлар уриб туширилган
Киев маъмурияти Россия ҳарбийлари 11 июлга ўтар кечаси Украина пойтахтига Эрон дронлари билан ҳужум қилганини маълум қилди. Айтилишича, барча “Шаҳид”лар ҲҲМ тизимлари ёрдамида уриб туширилган.
“Душман шу ойда иккинчи марта Киевга ҳаводан ҳужум қилди. Июль ойи бошларида бўлгани каби, душман яна “Шаҳид”лардан фойдаланган. Эрон дронлари жанубий йўналишдан, эҳтимолки Краснодар ўлкасидан учирилган”, деб ёзди Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.
Киев вилояти аҳоли масканларидан бирида дрон парчалари қулаши натижасида хусусий уйга қарашли иморат шикастлангани ва ёнғин чиққани хабар қилинмоқда.
“Вилоят аҳоли масканларидан бирида “Шаҳид” бўлаклари топилди. Хусусий уй деразалари ва хўжалик иморатлари шикастланган, похол тўшама ёниб кетган”, дейилади Украина ИИВ хабарномасида.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Руслан Кравченко аниқлик киритишича, дрон бўлаклари вилоятнинг икки туманига қулаб, 12 та хусусий уй ва битта кўпқаватли турар-жой биносига зарар етказган.
Муҳтамал жабрдийдалар бўйича маълумот йўқ. Воқеа жойида полиция ва қутқарув хизматлари ишламоқда.
Одесса вилоятига дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирилгани ҳақида вилоят раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
Мулозимга кўра, Россия қўшинлари дон терминалларидан бирига бир неча туркум “Шаҳид” дронларини йўллаган.
Украина Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, 11 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага 28 та камикадзе дрони билан ҳужум қилган, улардан 26 таси уриб туширилган.
Лавров: Россия НАТОнинг кенгайишига “муносиб” жавоб қайтаради
Россия Швеция ва Украинанинг НАТО ҳарбий иттифоқига қўшилиши эҳтимолига ўз вақтида “муносиб” жавоб чораларини кўрмоқда, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
"Хелcинки ва Стокголм АҚШ билан иттифоқ инфратузилмасини Россия чегаралари яқинида ва Швеция ҳақида гап кетганда эса бизнинг чегараларимиздан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқда. Сизни ишонтириб айтаманки, Россиянижг барча қонуний хавфсизлик манфаатлари ҳимоя қилинади. Биз амалда қандай чоралар кўришни биламиз".
Лавров Россия қандай жавоб чоралари тайёрлаётгани ҳақида батафсил тўхталмади.