Киев икки кундирки дрон ҳужумлари остида
Россия ҳарбийлари кетма-кет иккинчи кеча Киевга дронлар билан ҳужум қилди. Маҳаллий маъмурлар барча нишонлар ҲҲМ кучлари томонидан уриб туширилганини айтмоқда. Ҳаво тревогаси Украинанинг барча вилоятларида янгради ва салкам беш соат давом этди.
“Душман дронлари ҳаракати қайд этилди! Вилоятда ҲҲМ тизимлари ишламоқда. Ахборот гигиенасига риоя қилинг – бизнинг мудофаачиларимиз ишини тасвирга олманг. Хавфсизлик қоидаларига бепарво бўлманг”, дейилади Киев вилояти ҳарбий маъмуриятининг телеграмдаги хабарномасида.
Киев шаҳри маъмурияти бошлиғи Сергей Попко ҳам аҳолини ҳаво тревогаси бекор қилингунча панажойларда қолишга чақирди. Пойтахтда тревога икки соатдан зиёд давом этди. Дастлабки маълумотга кўра, душман “Шаҳед” камикадзе дронларини қўллаган. Украинанинг Черкас вилояти ҳам дронлар ҳужумига учради.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурецга кўра, улардан биттаси Черкас туманидаги нотурар-жой инфратузилмаси объектига тушиб, ёнғин чиқарган. Ўт зудликда ўчирилгани ва ҳужум чоғида жабрланган икки киши куйиш жароҳатлари билан маҳаллий касалхонага ётқизилгани айтилмоқда.
Дрон ҳужуми оқибатида Черкас вилоятидаги инфратузилма объектида ёнғин чиқиб, икки киши куйиш жароҳатини олди, деб хабар берди вилоят губернатори Игор Табурец. Украинанинг шарқий ҳарбий округи матбуот котиби Сергей Череватий Украина қўшинлари Бахмут яқинида “бир маромда” олға ҳаракат қилиб, ташаббусни ушлаб турибди, дея баён қилди.
Украина ҚК Бош штаби Бахмутда украин ва рус кучлари ўртасида 29 га яқин тўқнашув бўлганини айтди. “Мудофаачиларимиз Бахмут ҳудудида душман ҳужумларини муваффақиятли қайтарди. Авдивка йўналишида рус қўшинларининг олдинга силжишига имкон бермаяпти. Душман кучлари “қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда”, деди Сергей Череватий.
"Вагнер" ёлланма жангарилари Россиянинг мунтазам йқуролли кучларига қурол-яроғ топширишни якунламоқда
12-июн, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, гуруҳ қисқа муддатли қуролли исён уюштирганидан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб жанг майдонини деярли тарк этган.
Вазирлик танклар, ракеталар ва бошқа оғир қуроллар акс этган видео билан бирга берган баёнотида, Вагнер 2000 дан ортиқ техника ва 2500 тоннадан ортиқ ўқ-дориларни топширганини билдирди.
Бу дегани Россиянинг Украинадаги урушидаги энг шиддатли ва қонли жангларни ўтказган “Вагнер”нинг бошқа урушишдан бош тортаётганининг энг аниқ белгисидир. Олдинроқ Озодлик Вагнер учун Беларусда махсус чодир шаҳарча қурилганини маълум қилганди.
Вилнюсда ўтган НАТО саммити Украина масаласи бўйича баҳс мунозаралар билан якунига етди
Украина президенти саммит натижаларини яхши деб баҳолади, бироқ агар Украина НАТОга аъзоликка таклиф қилинса, натижалар идеал бўлишини қўшимча қилди.
Владимир Зеленский Литва пойтахти Вилнюсдаги НАТО саммитидан уйига “яхши натижа” билан қайтаётганини айтди. Чоршанба куни кечқурун халққа қилган мурожаатида Зеленский “саммитнинг икки куни давомида биз Украинанинг НАТОда бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги барча шубҳа ва ноаниқликларни бартараф қилдик”, деди.
"Ватанимиз учун ва энг муҳими, аскарларимиз учун яхши натижа билан қайтмоқдамиз. Қурол билан яхши мустаҳкамлаш. Бунга ҳаво ҳужумидан мудофаа, ракеталар, зирҳли техника ва артиллерия киради. Бу жуда муҳим: биринчи марта. Мустақиллик йилларида биз Украинанинг НАТОга кириши учун хавфсизлик пойдеворини шакллантирдик. Бу дунёнинг етти етакчи демократик давлати томонидан тасдиқланган ўзига хос хавфсизлик кафолатлари. Бизда ҳали бундай хавфсизлик пойдевори бўлмаган ва бу G7 даражаси деганидир. Ушбу асосда биз энг қудратли давлатлар билан икки томонлама хавфсизлик шартномаларининг янги, қонуний мажбурий архитектурасини қурамиз. Саммитнинг икки куни давомида Украинанинг НАТОга кириши ҳақидаги шубҳа ва ноаниқликларни йўққа чиқарганимиз жуда муҳимдир. Киради!"
Украина раҳбари, шунингдек,янада кўпроқ қуролга эга бўлиш муҳимлигини таъкидлади, чунки уларнинг аксарияти Ғарбдан етказиб берилади.
Бироқ альянс етакчилари Украинанинг альянсга аъзо бўлиш аниқ вақтини белгилай олмади. Зеленский бунга “ўта кетган беъманилик” дея муносабат билдирди.
Борис Жонсон: АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинадан “чарчаб қолмаслиги” керак
Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон Украинадаги урушдан ва бу мамлакатга Россия агрессиясига қарши курашишда ёрдам беришдан “чарчаш ҳисси” АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун Владимир Путин режимининг ўзидан ҳам жиддийроқ "душман" эканига эътибор қаратди. Бу ҳақда Жонсон Американинг CНН телекомпаниясига берган интервюсида маълум қилди.
Британиялик сиёсатчи Украинага алянсга қўшилиш учун тўғридан-тўғри таклиф юбормаган НАТО аъзоларининг қарорсизлигини танқид қилди. Жонсоннинг сўзларига кўра, "Украинанинг НАТОга киришига қарши асосий аргумент - Путинни ғазабини қўзғатишни истамагани бўлди. Натижада Европада сўнгги 80 йилдаги энг қонли уруш қўзғатилди". Жонсон Украинанинг урушдаги ғалабаси “дунёдаги демократия ва эркинлик учун жуда муҳим” эканини таъкидлади.
Борис Жонсон Буюк Британия ҳукуматини 2019 йилнинг июлидан 2022 йилнинг сентябригача бошқарган.