Путин Украина билан ғалла келишувини узайтирмоқчи эмас
Россия президенти Владимир Путин ҳарбий ҳаракатлар давом этилишига ишора қилди. У пайшанба куни Украинага янги қуроллар етказиб берилиши жанг майдонида ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини, балки у ердаги можарони янада кучайтиради, деди.
Украинага бостириб киришнинг асосий сабаби "денацификация ва демилитаризация" ҳамда "Донбассдаги русларни ҳимоя қилиш" эканини айтиб келган Россия президенти Украинага бостириб киришнинг бошка бир баҳонасини ҳам овоза қилди.
"Украинанинг НАТОга аъзолигига келсак, биз бу ҳақда бир неча бор гапирганмиз: бу Россия хавфсизлигига таҳдид туғдириши аниқ. Ва "махсус операция" сабабларидан бири Украинанинг НАТОга қўшилиш таҳдидидир. Ишончим комилки, бу Бу Украинанинг ўзи хавфсизлигини яхшиламайди, умуман олганда, бу дунёни янада заифлаштиради ва халқаро майдонда қўшимча кескинликка олиб келади”, деди Россия президенти.
Путин Ғарб талабларини бажармас экан, Россия келаси душанба куни муддати тугайдиган Украина билан Қора денгиз бўйича келишувни узайтирмаслигини билдирди. Телевидение орқали журналистлар билан суҳбатда Путин “Агар улар бизга берилган ваъдаларни бажарсин. Шундагина биз дарҳол келишувга қайтамиз" деди.
Путин Ғарб санкицяларига учраган Россельхозбанкка SWIFT тўлов тизимидан фойдаланишга рухсат бериш шартлардан бири эканини қўшимча қилиб, Москва Россия қишлоқ хўжалиги экспортига тўсқинлик қилаётган юк ташиш ва суғуртага қўйилган чекловларни ҳам бекор қилишни талаб қилишини таъкидлади.
Туркия ва БМТ ўтган ёзда глобал озиқ-овқат инқирозини юмшатиш бўйича музокаралар олиб боришди, шунингдек, Россия билан озиқ-овқат ва ўғитларни Украинадан етказиб беришни осонлаштириш бўйича алоҳида келишувга эришганди.
Бироқ, Москва Россия озиқ-овқат ва ўғитларни етказиб беришни осонлаштириш бўйича БМТ ва Россия ўртасидаги алоҳида меморандум ҳали ҳам жиддий тўсиқларга дуч келаётганидан шикоят қилиб келади.
Россия яна Украинага ракета зарбаларини амалга оширди
14 июлга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украина президенти Владимир Зеленскийнинг она шаҳри – Кривой Рог шаҳрига Эроннинг Шаҳед камикадзе-дронлари билан зарба берди. Украина ҳукумати коммунал хизмат кўрсатувчи компанияга зарар етказилгани ва унга тегишли маъмурий бино вайрон қилингани ҳақида хабар бермоқда.
Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Сергей Лисак минтақа узра олтита учувчисиз учоқ уриб туширилганини, бироқ барча нишонларни уриб тушира олмаганини айтди. Расмий маълумотларга кўра, 56 ёшли маҳаллий фуқаро жароҳатланган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълум қилишича, Россия армияси жануби-шарқий ё‘налишдан 17 та камикадзе учувчисиз учирилган, улардан 16 таси уриб туширилган.
Воронеж ва Курск вилоятларида портлашлар содир бўлди
Портлашлар эса Россияда ҳам содир бўлмоқда.
Воронеж чеккасида портлаш содир бўлгани - "Мэш" ва "База" телеграм-каналлари у ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлагани ҳақида ёзмоқда.
Портлаш ҳақида Курск вилоятининг Курск атом электр стансияси жойлашган Курчатов шаҳри аҳолиси ҳам хабар беришган - ҳодиса тафсилотлари очиқланганича йўқ.
Москва вилоятида мобилизация қилинган жангчи ўлдирилди
Москва яқинидаги Калининец қишлоғидаги ҳарбий қисмда эса оммавий муштлашув юз берди, бир нафар мобилизация қилиган аскар ҳалок бўлди.
"ЧТД" Телеграм канали хабарига кўра, муштлашувга ҳарбий хизматчилардан бири дўконга боргани, шундан сўнг низомни бузгани учун Россия ҳарбий полицияси томонидан калтаклангани сабаб бўлган.
Ўлдирилган шахснинг ўртоқлари уни ҳимоя қилмоқчи бўлган, натижада кечқурун юзга яқин одам майдонга йиғилишган, уларнинг айримлари пичоқ билан қуролланган эди.
Номи ошкор этилмаган шахс муштлашувдан кейин касалхонага олиб кетилган ва ўша ерда жон берган.