Украина Олий Радаси Михаил Саакашвилини афв этишга чақирди
Грузиянинг учинчи президенти (2004-2013) Украина фуқароси Михаил Николозович Саакашвилини гуманитар актни амалга ошириш ва афв этиш зарурлиги тўғрисидаги мурожаатни қабул қилиш учун 285 нафар халқ депутати овоз берди”
Депутатлар Грузия президенти Саломе Зурабишвилини Раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарига Саакашвилини “оғир жисмоний ҳолатини ҳисобга олган ҳолда” афв этишига рухсат беришга чақирди.
“Биз Европа Иттифоқига аъзо давлатлар парламентларига Грузия президенти Саакашвилини афв этиш зарурлиги тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилишни сўраб, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга риоя қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда мурожаат қиламиз”
Михаил Саакашвилининг аҳволи оғирлиги 3 июл куни унинг иши бўйича суд мажлисига видео ҳавола орқали уланганидан сўнг маълум бўлди. Эълон қилинган кадрларда у ниҳоятда озиб кетган кўринади.
Владимир Зеленский Грузия ҳукуматидан Саакашвилини даволаниш учун Украинага юборишни талаб қилди. Бир кун аввал полшалик шифокорлар гуруҳи Саакашвилини кенг қамровли текширишни бошлади. Бироқ Грузия ҳукумати бу таклифларни рад этиб келмоқда.
Қуролланган омончилар Дзержинскдаги масжидга бостириб кирди
Россияда эса “Нелегал-2023” мигрантларга қарши оммавий рейдлар давом этмоқда. Бу кадрлар Россиянинг Дзержинск шаҳридаги масжидда олинган. Жума намози пайтида ибодатхонада бостириб кирган қуролли ОМОНчилар мусулмонларни ташқарига чиқишга ундамоқда.
“Сенлар оёқларингни бет ювадиган раковинада ювасанлар!” дея эътироз билдиряпти полиция ходими.
Муҳожир ови Россиянинг бошқа масжид, бозор ва кўчаларида ҳам олиб борилмоқда.
Жанг майдонида рус аскарларининг янги оммавий қабрлари топилмоқда
Украиналик аскарларнинг айтишича, босқинчилардан озод қилинган ерларда оммавий кўмилган россиялик ҳарбийларнинг қабрлари топилмоқда.
“Плацдарм” қидирув бўлинмасининг мутахассислари ўтган беш сутка давомида 75та жасад топишди.
“Қаранг қанча жасад ётибди, ёлки-палки. Мана шундай биродарлик қабрлари. Қанақа ақлсизлик, қанча одам қурбон бўлган”, дейди мутахассис.
Қидирувчиларнинг айтишларича, 75 жасад бу ҳали охирги рақамлар эмас. Чунки бир қанча жасад қолдиқларини фронтнинг олдинги чизиқларидан олишга тўғри келди. Улар Россия артиллерияси зарбалари етадиган ҳудудда ишлашган.
Қидирувчиларга кўра Бахмут йўналишида ўлган аскарларнинг аксарияти “Вагнер” ширкати билан шартнома тузган Россия қамоқхоналаридаги собиқ маҳкумлар.
“Мана бу “Вагнер”нинг шеврони. Хусусий ҳарбий ширкат. Турмалардан йиғиб келинган вагнерчилар, Иккинчи жаҳон урушидаги штрафбатальонлар каби “гўшт”га юборилган “зек”лар. Чўнтакларида мана бундай соатлар бор, буниси ҳали ҳам юриб турибди. Ҳаммаларида шундай соат бор, чўнтагида, қўлида ёки ёнида синган ҳолда ётарди”, дейди мутахассис.
Бир қисм жасадлар ҳали ҳам окоп ва блиндажларда ва ҳали очилмаган биродарлик қабрларида қолиб кетмоқда. Топилаётган жасадларнинг аскарияти россиялик ҳарбийлар эканлигини уларнинг шевронлари ва шахсий буюмлари тасдиқлайди.
“Алексей Юров Иккинчи жаҳон урушида ҳам худди шундай оммавий қабрлар бўлгани ҳақида гапириб берган эди. Биз буларни кўрганимизда бу ҳолатларга тайёр эдик. Улар бу ерда ётибди, ҳеч кимга керак эмас, шуниси ачинарли. Бу даҳшат, 5 кунда 75 жасад! Бу жуда катта натижа. Энди бу жасадларнинг ҳар бирини улардаги жангчиларимизга алмаштирсак бўлади”, дейди мутахассис.
2023 йилнинг июль ойигача журналистлар Украинада ўлган 27 минг нафар россиялик ҳарбийнинг ўлганини тасдиқлади. Улардан камида 240 нафари Украина қарши ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.
Россия Украина ҳужумларини қайтармоқда, Украина Россия ҳарбийларига ва техникасига зарбалар бермоқда
Шанба куни Россия ўз армияси бир неча фронтда Украина ҳужумларини қайтарганини маълум қилди, айни чоғда Украина кучлари Россия ҳарбий хизматчилари ва техникасига қатор зарбалар берганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги кундалик брифингида ўз кучлари Донецк, Красний Лиман, Купянск ва яна баъзи йўналишларда Украинанинг кўплаб ҳужумларини қайтарганини, Украина зирҳли техникаси, автомобиллари, ўзиюрар зарбараклари ва бошқа техникаларини йўқ қилганини маълум қилди.
Шунингдек, Россия ҲҲМ тизимлари Украинага қарашли дронларни ва бир нечта HIMARS ракеталарини уриб туширгани айтилди.
Ўша куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби ёйинлаган хабарномада эса ўтган суткаларда Россия ҳарбийлари асосий кучларини Купянск ва Марьинка йўналишларида тўплаб, ўнлаб жанглар ўтказгани ҳақида гап боради.
Хабарномага кўра, Украина авиацияси Россия армияси шахсий таркиби ва техникалари жойлашган ҳудудларга зарбалар берган. Украина реактив артиллерияси эса душман артиллерия қуролларини йўқ қилгани қўшимча қилинган.
Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Washington Post нашрига берган интервьюсида украин қўшинлари Россия чегарасига ҳужум қилганини илк бор тан олди.
Генералга кўра, ҳарбий ҳаракатлар Украинанинг ўзи ишлаб чиқарилган қуроллар билан амалга оширилган, Ғарб томонидан берилган ҳарбий техника қўлланмаган.
Аввалроқ Ғарб мамлакатлари Украинадан етказиб берилган қуроллардан Россия ҳудудига ҳужумларда фойдаланмасликни талаб қилган эди.
Бош қўмондон интервьюда Ғарбдан қанотли ракеталар ва F-16 қирувчи учоқларини беришни яна бир карра сўради.