Украина ва Россия бир-бирини Запорожье тинч аҳолисини ўққа тутишда айблади
Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак Россия Запорожьедаги қишлоқни ўққа тутиши натижасида уч тинч фуқаро яраланганини ёзди.
Москва томонидан тайинланган минтақа расмийлари эса украин кучлари қишлоқдаги мактабни ўққа тутганини иддао қилди.
Украина жанубидаги фронтга яқин Запорожье вилоятида бир неча ойдирки жанглар давом этмоқда. Вилоят маркази Запорожье шаҳри Киев назорати остида қолмоқда.
Андрей Ермак руслар Степногирске қишлоғига бир нечта ракеталар билан зарба бергани ва маъмурий бинога зарар етказганини билдирди.
Рейтерс агентлиги бу хабарни мустақил равишда текшира олмади.
Россия Запорожье шаҳрини ҳам ўққа тутиб, камида 16 та бинога зарар етказди, деди шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртиев.
Запорожьенинг Россия назоратидаги ҳудуди раҳбари Владимир Рогов эса Украина кучлари Стулневе қишлоғидаги мактабни вайрон қилганини хабар қилди. Унинг қўшимча қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Токмак шаҳри устида бир дронни уриб туширган.
Рейтерс бу хабарларнинг ҳеч бирини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Россия аннексия қилинган Севастополга дронлар ҳужум қилганини билдирди
Россия аннексия қилинган Севастополга раҳбар этиб тайинлаган Михаил Развозжаев шаҳарга дронлар ҳужум қилганини маълум қилди. Украина томони ушбу маълумотни тасдиқлагани йўқ.
Развозжаевга кўра, 16 июль тонгида Херсонес бурни, Севастопол бухтаси, Балаклава ҳамда Манганари бурнида еттита дрон йўқ қилинган.
Улардан иккитаси Қора денгиз устида, “соҳилдан анча узоқда” ҲҲМ тизимлари ёрдамида уриб туширилди, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарномасида.
Айтилишича, яна бешта дрон радиэлектрон кураш (РЭК) воситалари ёрдамида ишдан чиқарилган ва улар нишонга етмасдан қулаган. Кейинроқ Развозжаев денгиз устида яна бир дрон РЭК воситалари ёрдамида қулатилганини билдирди.
“Ҳаводаги вазият назорат қилинмоқда. Барча тезкор хизматлар шай ҳолатда”, деб ёзди Развозжаев.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Қора денгизнинг шимолий қисмида “иккита экипажсиз катер” аниқланиб, йўқ қилинган.
Мулозим “кенг кўламли ва давомли ҳужум чоғида шаҳардаги ва акваториядаги ҳеч бир объектга шикаст етмаган”инини иддао қилмоқда.
Аннексия қилинган Қримга Россия томонидан тайинланган маъмурият тез-тез дронлар ҳужуми ҳақида хабар қилиб туради ва бунда Украинани айблайди.
Киев эса бунақа ҳужумларга алоқадорлигини инкор этади.
Путин: “Россияда кассетали бомбалар етарли ва зарур бўлганда уларни қўллаймиз”
Президент Владимир Путин пайшанба (13 июль) куни Россияда кассетали бомбалар “етарлича захира қилинган”ини ва Украинада Россия қўшинларига қарши шунақа ўқ-дорилар қўлланган тақдирда Москва уларни ишга солишини айтди.
“Россия Федерациясида кассетали ўқ-дорилардан етарлича мавжуд. Ҳар туридан бор. Биз шу пайтгача уларни қўлламадик, ҳатто муайян вақтларда ўқ-доридан қийналиб қолган бўлсак ҳам. Биз бу ишни қилмадик. Бироқ, улар бизга қарши кассетали снарядлардан фойдалангудек бўлсалар, биз жавоб чорасини кўриш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз”, деди Путин давлат телевидениесига берган интервьюсида.
Украина кассетали бомбаларни АҚШдан олди, бунақа ўқ-дорилар дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатида тақиқланган.
Киев уларни фақат душман аскарларига қарши қўллашга ваъда бермоқда.
Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл кутилмаган ташриф билан Киевга келди
Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл кеча Киевда Владимир Зеленский билан учрашди.
Юн Сук Ёл Литвада бўлиб ўтган НАТО саммитидан сўнг, Полшага борди ва шундан сўнг олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Украинага келди.
Жанубий Корея раҳбари Украина билан бирдамлигини билдирар экан, Россия босқинига қарши курашда Украинани қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилди.
“Жанубий Корея Республикасининг глобал тинчлик саммитидаги иштироки муҳим. Мен Корея Республикасига озиқ-овқат, энергия ва глобал хавфсизлик соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги учун миннатдорлик билдираман”, деди Украина президенти Владимир Зеленский.
“Жанубий Корея Украинага зарур бўлган ҳарбий юкларни етказиб беришда давом этади. Ўтган йил Украинага зирҳли нимча ва каскалар етказиб берган бўлсак, бу йил ҳарбий таъминотни янада кенгайтирамиз”, деди Жанубий Корея Президенти Юн Сук Ёл.
Жанубий Корея раҳбари руслар оммавий қирғин содир этган Буча шаҳрига ва Ирпинга борди .
Юн Сук Ёл Украинага 150 миллион доллар гуманитар ёрдам ажратишга ҳамда ҳарбий юкларни етказиб беришни давом эттиришга ваъда берди.
Йирик қурол экспортчиси бўлган Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериш бўйича босимга учраяпти.
Россиянинг Шимолий Кореяга таъсири билан боғлиқ хавотирлар фонида Жанубий Корея ҳукумати Украинага гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатишда қаршиликка дуч келмоқда.