Одессага тунги ҳужум: бир киши ўлди, ўнлаб одам жабрланди, Преображенск кафедрал собори вайрон қилинди
23 июлга ўтар кечаси Россия Одессага ракеталар билан зарба бериши натижасида бир киши ўлиб, қарийб 20 киши яраланди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти.
Украина ҳарбийларига кўра, шаҳарга 19 та ракета отилган, улардан бир қисми ҲҲМ кучлари томонидан уриб туширилган.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов ҳужумни Россиянинг Одесса портидан ғалла олиб чиқишга қаршилик қилишга уриниши билан боғлади.
“Россиянинг Одесса шаҳри ва вилоятига ракета ҳужумлари уюштиришдан асосий мақсади – Украинани Қора денгиздан буткул тўсиб қўйиш ҳамда “ғалла йўлаги”ни тиклашга қаратилган халқаро ташаббусларни чиппакка чиқаришдир”, деб ёзди Данилов “Фейсбук”да.
Одесса шаҳри ва вилоятига ҳужумлар 17 июлда Россия украин ғалласи ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қора денгиз портлари орқали экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак очишни назарда тутувчи “ғалла битими”дан чиққанини эълон қилганидан сўнг кучайди.
Украина ОАВларига кўра, биргина Черноморск портида кемаларга юклашга тайёрлаб қўйилган 60 минг тонна дон йўқ қилинди. Кремль бу ҳужумларни 17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида юз берган портлашларга жавоб деб атамоқда.
Россия ракеталаридан бири Одессадаги Спасо-Преображенск кафедрал соборига тегди. Жоме биноси жиддий шикастланди.
Одессадаги Преображенск собори энг йирик православ ибодатхонаси ҳисобланади. Жоме қурилиши 1794 йилда, шаҳарга асос солинганидан бир йил ўтиб бошланган.
1939 йилда большевиклар томонидан вайрон қилинган ва 1999 йилда хайрия маблағлари ҳисобига қайта тикланган.
Украина снарядлар ишлаб чиқаришни ой сайин оширмоқда
Украина ўқ-дори билан ўзини ўзи мумкин қадар таъминлаш мақсадида снарядлар ишлаб чиқаришни ой сайин кўпайтирмоқда.
Ҳозирда “НАТО калибри”даги 155 мм.ли снарядлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёргарлик кўриляпти.
Бу ҳақда телемарафон ёйинида Олий Раданинг миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси раисининг ўринбосари Егор Чернов маълум қилди, дея хабар бермоқда РБК-Украина.
“Снаряд дастури ўтган йили ишга туширилган эди, бир йил ичида 82, 120 ва 122 мм калибрли снарядлар ишлаб чиқаришни бирмунча оширдик. Эндиликда 155 мм.ли снарядларни ҳам Украинанинг ўзида ишлаб чиқармоқчимиз. Ишлаб чиқариш ойдан ойга ўсаётгани яққол кўзга ташланяпти”, дея таъкидлаган Чернов.
Мулозимга кўра, снарядлар ишлаб чиқариш билан нафақат давлат, балки хусусий пудратчилар ҳам шуғулланмоқда.
“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин Беларусда “Конкорд Менеджмент и Консалтинг” номли МЧЖ очди
Reform.by нашри хабарича, ширкатни 19 июль куни Могилёв вилояти ижроия қўмитаси рўйхатга олган.
Ширкат офиси Осипович туманининг Цель қишлоғида жойлашган – “Вагнер” ХҲШ ёлланма аскарлари Россиядаги қуролли исёндан сўнг Беларусга кўчиб келишгач, шу ерда дала лагери қуриб олганлар.
Ширкатнинг низом жамғармаси 200 беларус рубли ёки салкам 7 минг Россия рублига тенг. Ширкат бош директори – Пригожин, мулкдори эса Пригожиннинг ўзига қарашли Россиянинг “Конкорд” ширкатидир. Беларусдаги ширкатнинг ягона фаолият йўналиши “кўчмас мулкларни бошқариш” дея қайд этилган.
Вагнерчилар лагерининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари у ерга ҳарбий техникалар ҳануз келаётганини кўрсатмоқда.
Путин Лукашенкони қабул қилиб, Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учраганини айтди
Россия президенти Владимир Путин якшанба (23-июл) куни Санкт-Петербургда Беларус етакчиси Александр Лукашенкони музокаралар учун қабул қилганида Украинанинг қарши ҳужуми “муваффақиятсиз бўлганини” айтди.
"Ҳеч қандай қарши ҳужум йўқ", - дея Лукашенконинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия ахборот агентликлари.
Путин эса,"бўлди, лекин муваффақиятсиз", деб жавоб берди.
Украина ўтган ой узоқ кутилган қарши ҳужумни бошлади, аммо қарийб 17 ойлик урушдан сўнг ўз ҳудудининг олтидан бир қисмидан кўпроғини назорат қилаётган, мустаҳкам ўрнашиб олган Россия кучларига қарши ҳозирча унчалик муваффақиятга эриша олмади.
Лукашенкога боғлиқ Телеграм каналининг унинг ҳазилли иқтибосини келтиришича, Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи ҳозирда Беларус армиясини тайёрлаётган жангчилар НАТОга аъзо Полша чегарасини бузиб ўтишни ният қилишган.
"Вагнерчилар асабийлаша бошладилар..." Ғарбга боришга рухсат беринг. "Мен айтаман:" Сизга нега керак, ғарбга бориш? Биз нима бўлаётганини индамай кузатамиз”. Улар Варшава ва Жешувга экскурсияга борайлик дейишди." Жешувни улар ёқтиришмайди. Албатта мен уларни, келишганимиздек, Беларус марказида ушлаб турибман. Лекин мен уларни ўша ёққа кўчиришни истамасдим”, деди Лукашенко.
Лукашенко бу ғояни жиддий қабул қилганидан дарак йўқ эди.
Полша ўтган ой вагнерчиларнинг қисқа муддатли исёни ва Беларусга келганидан Беларус чегарасига қўшимча кучлар юбормоқда.