Зеленский Украина дони экспорти масаласини НАТО-Украина кенгашида муҳокама қилмоқчи
Украина президенти Владимир Зеленский НАТОдан Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш хусусан Украина донини хавфсиз экспорт қилиш масаласида НАТО-Украина кенгашини чақиришни сўради. Бу ҳақида унинг ўзи тунги видеомурожаатида маълум қилди:
"Бугун биз НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатлашдик. Вилнюсда бўлиб ўтган саммитда эришган келишувларимизни амалга оширишни гаплашиб олдик. Устувор вазифа - хавфсизлик кафолатларини олиш, имкон бўлганида эса тезроқ НАТОга аъзо бўлиш. Фақат шу йўлгина бутун Европада хавфсизлик ва тинчликнинг ишончли кафолати бўла олади".
Россия шу ҳафтада Ғарб давлатлари Москванинг озиқ-овқат ва ўғит экспорти бўйича талабларини бажармаганини важ қилиб, БМТ воситачилигидаги дон келишувидан чиқди. Россия Украинанинг Қора денгиздаги портларига кетаётган кемалар ҳарбий нишон сифатида кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 26 июл куни янги ташкил этилган НАТО-Украина кенгаши йиғилиши чақирилишини эълон қилди. Бундай қарор Украина президенти Владимир Зеленскийнинг илтимосига жавобан қабул қилинди.
Кенгаш йиғилишининг мавзуси Қора денгиздаги вазиятни муҳокама қилиш ва Украина донини ташиш бўйича маслаҳатлашувлар бўлади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянси матбуот котиби Оана Луганеску маълум қилди, дея хабар беради “Дойче Велле” Украина хизмати ДПА агентлигига таяниб.
Украина фронт чизиғи яқинида россиялик журналист ҳалок бўлди
Украинанинг Запорожье ҳудудидаги фронт чизиғи яқинида Россиянинг РИА ахборот агентлиги уруш мухбири ҳалок бўлди, яна уч нафар россиялик журналист яраланди, деб хабар берди Россия мудофаа вазирлиги.
Вазирликнинг билдиришича, журналистлар Украинанинг артиллерия ҳужуми натижасида яраланган. Шундан сўнг улар жанг майдонидан эвакуация қилинган. Бироқ РИА мухбири Ростислав Журавлёв эвакуация пайтида вафот этган.
Қолганларнинг аҳволи оғир, аммо барқарор. "Уларга барча зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда" — дея хабар берди Россия мудофаа вазирлиги.
РИА агентлиги ўз мухбири фронтдаги Пятикхатки қишлоғидан репортаж тайёрлаётганда ҳалок бўлгани ҳамда операторларидан бири яраланганини тасдиқлади.
Россия мудофаа вазирлиги Украина мазкур ҳужумда кассетали ўқлардан фойдаланганини иддао қилди, бироқ бунга бирон бир далил келтирмади. Рейтерс эса бу иддаоларни мустақил равишда текшира олмади
Украина АҚШдан фақат жанг майдонида қўллаш мажбурияти билан кассетали бомбалар олди.
Украина Россия тинч аҳоли ҳудудида кассетали бомбаларни қўллаб келганини даъво қилди
Украина шу ҳафта Қўшма Штатлардан кассетали бомбалар қабул қилиб олар экан, кассетали бомбалардан фақат жанг майдонида фойдаланишга ваъда берди.
Украина расмийлари бир неча бор Россия Харков вилоятидаги турар-жойларда кассетали бомбалардан фойдаланганини билдирган.
"Бу ерга Ураган ракеталари билан ҳужум қилинган. Шаҳар маркази кассетали бомбалардан ўққа тутилди", деди ҳарбий муҳандис Никола Тимошенко.
Россия махсус ҳарбий операцияда тинч аҳолини нишонга олганини рад этади.
"Бугун душман Харков шаҳрининг Нови Будинки туманидаги турар-жой мавзеларидан бирини яна ўққа тутди. Улар болалар майдончаси ва турар-жой ҳудудидаги биноларга кассетали бомбалар билан зарба берди", деди Харков ФВБ матбуот котиби Евгений Василенко.
Кассетали бомбалар 100 дан ортиқ мамлакатларда тақиқланган. Бундай қуроллар одатда кўп сонли кичик гранаталардан иборат бўлади. Кассетали бомбалар тўлиқ портламай қолган тақдирда ўнлаб йиллар давомида хавф туғдириши мумкин.
Россия, Украина ва АҚШ кассетали бомбаларни ишлаб чиқариш, тўплаш, фойдаланиш ва тарқатишни тақиқловчи конвенцияни имзоламаган.
Аввалроқ Украина мудофаа вазири Олексий Резников украин ҳарбийлари шаҳарларда кассетали бомбаларни қўлламаслигини ва фақатгина “душман мудофаа чизиғини ёриб ўтишда” фойдаланишини билдирган.
Россиянинг дрон ҳужумлари давом этмоқда
Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучларининг хабар беришича, 25 июлга ўтар кечаси Украинанинг бир қанча ҳудудлари, жумладан Киев вилояти ҳам Россиянинг камикадзе дронлари томонидан зарбага учраган.
Пойтахтда ва яна 10 та вилоятда: Донецк, Чернигов, Суми, Полтава, Запороже, Одесса, Херсон, Кировоград, Черкаси ва Киев вилоятларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш эълон қилинди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Ровне, Хмелницкий, Винница, Житомир ва Николаев вилоятларида дронлардан фойдаланиш таҳдиди ҳақида маълумот тарқатди.
Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Попко тунги 2 ларда “минтақада, Киев чеккасида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлаяпти”, дея хабар қолдирди.
Эрталаб Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси раҳбари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киевга кетаётган Россия учувчисиз учоқларини муваффақиятли йўқ қилганини маълум қилди.