Москва мэри: Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва вилоятида иккита дронни уриб туширди
Москва мэри Сергей Собянин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва вилоятида иккита дронни уриб туширганини билдирди.
“Иккита жанговар дрон шаҳар ҳудудига учиб киришга уринди. Иккиси ҳам ҲҲМ тизими ёрдамида уриб туширилди. Бири – Домодедово ҳудудида, иккинчиси эса Минск шоссеси яқинида”, дейилади расмий хабарда .
Собянинга кўра, дронлар қулашидан бирон киши жабрланганига доир маълумот йўқ. Россия телеграм-каналлари эълон қилаётган видеоларда дронлардан бирининг Одинцово туманида, Минск шоссеси ҳудудида йўқ қилиниши акс этгани айтилади.
Москва яқинидаги Сергиев Посад шаҳрида портлаш юз берди
Портлаш лаҳзалари акс этган видеолар турли тармоқларда тарқалди.
Портлаш чоршанба куни эрталаб Загорск оптик-механика заводида юз берди. Ён атрофдаги турар жой биноларининг деразалари синган.
Портлаш ҳақидаги маълумотни фавқулодда хизматлар тасдиқлади. Портлашга “инсон фактори” сабаб бўлгани айтилмоқда. “ТАСС”нинг манбаларга таяниб хабар беришича, у ерда пиротехника воситалари солинган ангар портлаган. Завод ҳудудида пиротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган Пиро-Росс компаниясининг омбори жойлашган.
Телеграм каналлари, хусусан, “База”, Маш ва “112” маълумотларига кўра, қурбонлар бор – уларнинг сони 20 дан ортиқ, бу якуний рақам эмас. Расман 16 киши зарар кўргани тўғрисида хабар чиқди.
Загорск оптик-механика заводи, жумладан, ҳарбий маҳсулотлар, хусусан, танклар учун тунги оптик мосламаларни ишлаб чиқаради.
Грозний ва Мариупол қардош шаҳарлар деб эълон қилинди
Чеченистон пойтахти Грозний ва Украинанинг босиб олинган Мариупол шаҳарлари қардош шаҳарлар деб эълон қилинди.
Тегишли келишувни Грозний мери Хас-Магомед Қодиров ва Мариупол оккупация бошқарувчиси Олег Моргун имзолади.
Қизиғи, иккала шаҳар ҳам - 1995 йилда Грозний ва 2022 йилда Мариупол - руслар томонидан тўлиқ вайрон қилингани рамзий маънога эга.
Буюк Британиядан Россияга нисбатан янги санкциялар
8 август куни Буюк Британия Россия мудофаа саноатини чеклаш ҳамда унинг чет эл ҳарбий жиҳозларидан фойдаланишига барҳам бериш мақсадида санкциялар рўйхати кенгайтирилганини эълон қилди.
Янги чекловлар Беларус, Эрон, Туркия, Дубай, Словакия ва Швейцариядаги жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланди. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ушбу санкцияларни янги босқич деб атаб, улар Россия арсеналини янада қисқартиришини ва Владимир Путиннинг ҳарбий саноатига кўмаклашувчи таъминот занжирларига путур етказишини урғулади.
Қарорда жами 25 та янги санкция чоралари белгиланган бўлиб, улар, жумладан, Россиянинг жанг майдонида қўлланаётган ҳарбий техникалар учун электрон компонентларни импорт қилувчи уч ширкатига нисбатан жорий этилди.
Британиянинг “қора рўйхати”га тушганлар орасида Эроннинг дронлар ишлаб чиқарувчи Paravar Pars ширкати ва унинг етти нафар топ-менежери, шунингдек Туркиянинг микроэлектроника экспортига ихтисослашган икки ширкати мавжуд