Ивано-Франковскка яна бир ҳужум
Тонгда Россия Қуролли кучлари Ивано-Франковск шаҳрига ракета зарбаси бергани, 8 яшар бола нобуд бўлганини хабар қилди маҳаллий ҳарбий маъмурият.
Москвада яна бир дрон портлади
11 август, жума куни Москва осмонида яна бир учувчи аппарат уриб туширилди, деб ёзди шаҳар мери Сергей Собянин Телеграмда.
Дрон қолдиқлари шаҳар марказидан шимоли-ғарбга тушиб, жиддий зарар ва қурбонлар келтирмаган. Алоҳида баёнотда Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина учувчисиз учоғи Москвадаги нишон томон учаётганида махсус электрон воситалар ёрдамида тўхтатилиб, ерга туширилган.
Ҳодиса гувоҳлари Карамышевская қирғоғи яқинидаги ўрмон полиция томонидан ўраб олинганини айтмоқда.
Россия оммавий ахборот воситаларида 11 август, жума куни эълон қилинган видеода Россия пойтахти Москва ғарбида Украина учувчисиз учоғи уриб туширилгани акс этган.
Аввалроқ Москванинг “Внуково” аэропорти ва пойтахтдан 150 км жануби-ғарбда жойлашган Калуга аэропорти дронлар сабаб вақтинча ёпилган эди. Бу жанговар дронларнинг Россия пойтахтига биринчи ҳужуми эмас.
Купянск туманининг 37 аҳоли пункти мажбурий эвакуация қилинмоқда
Украина ҳукумати Харков вилояти Купянск туманининг 37 аҳоли масканида яшовчиларни мажбурий эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақдаги фармойиш Купянск шаҳри ҳарбий маъмурияти телеграм-каналида эълон қилинди. Сўнгги кунларда Россия армияси Купянск томонга ёриб ўтишга уринаётгани ва шаҳар қаттиқ ўққа тутилаётгани ҳақида хабар қилинаётган эди.
Аввалроқ Харьков вилояти раҳбари Олег Синегубов қарийб 11 минг киши эвакуация қилинишини айтган.
Босқиннинг дастлабки кунларидаёқ Россия томонидан босиб олинган Купянск шаҳри ва Купянск туманининг катта қисми ўтган йили сентябрда Украина армиясининг шиддатли ҳужуми натижасида озод этилган эди. Сўнгги ҳафталарда Россия ўтган куздан бери фронт чизиғи деярли ўзгармаган Лиман ва Купянск йўналишларида катта куч тўплаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Россия ҳарбийлари ҳужумга ўтган ва, мустақил манбаларга кўра, Новосёловское қишлоғини эгаллаган. Яна бир нечта кичик қишлоқлар босиб олгани айтилмоқда. Фронтдан олинаётган хабарларга кўра, мудофаа чизиғи ёриб ўтилгани йўқ, бироқ томонларнинг жанговар тўқнашув чизиғи ғарбга силжиган.
Фронтдан Купянск шаҳригача тахминан 10 километр масофа бор. Украина Қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Александр Сирский вазиятга изоҳ бераркан: “Душманнинг мақсади – қўшинларимиз мудофаасини ёриб ўтиб, тўғри Купянскка чиқиш”, деб айтди.
Полша Беларус билан чегарага қўшимча 10 минг аскар жойлаштиради
Бу ҳақида Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак маълум қилди.
Вазир Полски радиосига берган интервьюсида, 4000 аскар бевосита Чегара қўшинларига қўшилишини, 6000 аскар эса захирада туришини билдирди.
Полша Россиянинг Вагнер ташкилоти ёлланма аскарлари Беларусга жойлашганидан бери Беларус билан чегарани кучайтирмоқда. Беларус бу ҳафта ҳам чегара яқинида ҳарбий машғулотларини давом эттирмоқда. Александр Лукашенко Вагнер жангчиларини Полшага ҳужум қилишдан тўхтатиб турганини бир неча бор таъкидлаган.
Полша ҳар йили 15 август куни 1920 йилда Совет Иттифоқи устидан қозонган ғалабаси ва Қуролли кучлар кунини нишонлайди. Бу йилги байрамда 22 мингдан ортиқ аскар ва юзлаб танклар, қирувчи самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар Варшава бўйлаб парадда қатнашиши кутилмоқда.