Журналистлар Украинада 30 минг рус аскари ҳалок бўлганини тасдиқлашди
11 август, июль ҳолатига кўра, Украина билан урушда ҳалок бўлган 30 003 россиялик ҳарбийнинг исмлари аниқланган. Йўқотишларни ҳисоблаш BBC рус хизмати ва Медиазона кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда амалга оширилади.
Рўйхатга фақат исмлари ва дафн этилган жойлари аниқ бўлган рус ҳарбийлари киради.
28 июлдаги олдинги хулосадан буён рўйхатга 1351 та янги ном қўшилган.
Тадқиқотчилар очиқ манбалар - маҳаллий маъмуриятлар, оммавий ахборот воситалари ва қурбонларнинг қариндошлари хабарлари, шунингдек, қабристонлардан олинган маълумотларга кўра ҳисоблашмоқда.
Йўқотишларнинг ҳақиқий кўрсаткичи, уларнинг фикрига кўра, уч баравар юқори бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, жорий йилнинг май ойи охирида Медиазона ва Медуза нашрларининг ҳисоб-китоби урушда ҳалок бўлганлар сони 47 минг кишини ташкил этганини кўрсатди. Бу рақам журналистлар томонидан жанговар ёшдаги эркакларнинг ортиқча ўлими ҳақидаги маълумотларга асосланиб олинган.
Олдинги ҳафталарда бўлгани каби, ракета ва артиллериядан ўлган ҳарбий хизматчилар сонида аввалгидан бироз каттароқ ўсиш қайд этилди.
Сўнгги икки ҳафта ичида подполковник ва ундан юқори унвондаги тўрт нафар офицернинг ўлими ҳақида маълум бўлди. Ҳаммаси бўлиб ҳалок бўлган юқори мартабали зобитлар рўйхатида 284 киши бор.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги урушдаги йўқотишлар ҳақида расмий маълумотларни эълон қилмай келади. Охирги марта Россия расмийлари эълон қилган ҳисоботда 2022 йил сентабрида жами ўлганлар сони 5937 кишини қайд этилган эди.
2023 йил июн ойида Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинанинг қарши ҳужуми давомида Россия қўшинларининг бирлашган гуруҳи 71 ҳарбий хизматчини йўқотгани, яна 210 нафари яраланганини маълум қилган эди.
Яна бир рус зобити Литвада бошпана сўради
Унинг исми Иван Королев, артиллерия қўшинларининг лейтенанти. Королевнинг айтишича, у "Россия бошлаган қонли урушда" қатнашишни истамагани учун ватанини тарк этган.
Лейтенантнинг ББC мухбирига айтишича, у тўғридан-тўғри Украинада эмас, балки унинг қисми рус қўшинларини ўқ-дорилар билан таъминлаш билан шуғулланган.
У Литва билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва 10 август куни Вилнюсдаги автовокзалда чегарачилар томонидан қўлга олинган. 11 август куни у миграция марказига жўнатилди, у бошпана ҳақидаги аризаси кўриб чиқилаётган вақтда у ерда қолади.
Июн ойида россиялик жанговар авиация учувчиси Дмитрий Мишов худди шундай йўл билан Литвага қочиб келганди.
У, шунингдек, Украина урушида қатнашишга рози эмаслигини маълум қилди. Ҳужжатлари кўриб чиқилаётган вақтда унга Литвада яшашга рухсат берилган.
Украинлар урушдан бир оз дам олишлари мумкин – Одесса пляжлари очилмоқда
Украинанинг Қора денгиз бўйидаги энг йирик шаҳри бўлмиш Одесса маъмурияти Россия босқини бошланганидан бери илк бор пляжлар очилишига рухсат берди. Аммо ҳаво тревогаси чоғида денгизда чўмилиш ман қилинди.
“Ниҳоят, маза қилиб чўмилишни ва урушдан бир оз чалғиб, бошқа нарсалар ҳақида ўйлашни истайман. Уруш ва ёмон нарсаларни ўйлашни хоҳламайман. Ахир булар ҳақида жуда кўп ўйладим”, дейди 20 яшар талаба Евгений.
Россия 2022 йил февралда Украинага бостириб кирганидан бери унинг энг йирик порти ва ҳарбий-денгиз базаси бўлмиш Одессага кўп марталаб ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Қора денгиздаги Украина ҳудудий сувларига юзлаб денгиз миналарини сочиб ташлади.
“Пирслар орасида миналарга қарши тўр тортдик. Тўлқин саёзлик миналарини сув бетига чиқариши мумкин, улар қалқиб чиқади. Мина ичида портловчи модда бор, лекин мина сузувчан бўлиб, бир жойда турмайди. Бизнинг тўримиз эса кемаларга ва қайиқларга қарши миналарни ҳам тутиб қолади. Ҳаво очиқ бўлганида улар қирғоқдан бемалол кўринади. Шу тариқа қутқарув хизматлариминаларни тезда зарарсизлантириши мумкин”, дейди қутқарувчи ва собиқ ғаввос Олександр.
Ўтган ёзда пляжларда бир неча марта миналар портлаганидан сўнг, аҳоли хавфсизлигини ўйлаб соҳил чўмилувчилар учун ёпиб қўйилган эди.
Одесса губернатори Олег Кипер пляжларни очиш қарори Одессанинг фуқаровий ва ҳарбий маъмуриятлари томонидан бирликда қабул қилишганини айтди.
Мулозимга кўра, пляжлар эрталаб 8 дан оқшом 8 гача очиқ бўлади.
Украина Каховка тўғони вайрон бўлганидан кейин сув таъминотини тиклаш учун қувурлар ётқизмоқда
Июнь ойида Каховка тўғони вайрон бўлгач, бир миллионга яқин аҳоли ичимлик суви ва оқова сувдан маҳрум бўлди. Мазкур лойиҳа қишлоқ аҳолиси, уларнинг чорва моллари ва асосан деҳқончиликка ихтисослашган ҳудудни сув билан таъминлаши айтилмоқда.
Бу сувдан овқат тайёрлаймиз, идишларни ювамиз, умуман ҳамма нарсада сувдан фойдаланамиз. Яхшиямки, бизда ҳозир сув бор. Икки кундан сув бўлмади. Сувсиз яшаш жуда қийин. Овқат пишириш учун дўкондан сув сотиб олишга тўғри келди», дейди маҳаллий турғун Надия.
Украина реставрация ва инфратузилмани ривожлантириш агентлиги раҳбари Мустафо Наимнинг сўзларига кўра, Кривой Рог ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини тоза сув билан таъминлаш учун 350 километр узунликдаги қувурлар ётқизилиши керак:
“Ингулетс дарёси ва Кривой Рогга туташадиган қисм тугалланди, ер устидаги ишлар деярли 100% бажарилди. 2 ҳафта ичида биринчи тармоқни ишга туширамиз ва Кривой Рогни қисман сув билан таъминлаймиз».
Икки ҳафта ичида янги қурилган сув тизими орқали Кривой Рогга сув етказиб берилиши режалаштирилмоқда.