Урожайное учун жанглар
Куни кеча Россияга оид ҳарбий блогларда Россия армияси Донецк вилоятидаги Урожайное қишлоғини бой бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Мазкур қишлоқ Россия мудофаасининг Украина ҳужум қилаётган асосий йўналишлардан биридаги таянч пункти ҳисобланади. Украинага оид манбалар қишлоқ озод этилгани ҳақида маълум қилгани йўқ.
Ҳужум жанубда, Великая Новосёлка посёлкасидан Мокрие Яли дарёсининг иккала соҳили бўйлаб Бердянск ва Мариуполга томон олиб борилмоқда.
Украина кучлари бутун фронт бўйлаб чўзилган Россия мудофааси оралаб секин-аста илгарилаб, Урожайное қишлоғидан бир неча километр жанубдаги Старомлиновка аҳоли пункти ҳудудидан ўтган асосий мудофаа чизиғига яқинлашди.
Украина армияси фронтнинг турли қисмларидан ҳужум қилиб, афтидан, Россия армиясини захира кучларни урушга ташлаб, фронт ичкарисини бўш қолдиришга мажбур этмоқда – бу мудофаани ёриб ўтиш учун потенциал имконият яратади.
Урожайное учун оғир жанглар бир неча кун давом этди, Украина кучлари қишлоқнинг шимолий қисмини эгаллади, Россия қўшинлари эса жанубий қисмида мудофаага ўтган.
Россия ва Украина кундалик жанглар натижаси ҳақида маълумот берди
Шанба куни Россия ўз кучлари Украина ҳарбий аэродромига зарба бериб, бир неча йўналишда ҳужумларни қайтарганини маълум қилди, айни чоғда Украина томони расмий брифингда ўз қўшинлари Россия позицияларига ҳаводан зарба берганини ва қатор нишонларни ўққа тутганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги шанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, Россия армияси Купянск, Красний Лиман ва Донецк йўналишларида Украина ҳужумларини қайтарган, шунингдек Украинага оид нишонлар, жумладан танклар ва контрбатарея радарларига зарба берган.
Россия ҲҲМ тизимлари эса Украина ҳудудидан учирилган бир нечта дронни уриб туширгани айтилади.
Ўша куни Украина ҚК Бош штаби ўтган суткада Украина армияси Мелитопол ва Бердянск йўналишларида Россия қўшинлари ҳужумларини қайтаргани, Россия армияси позицияларига, хусусан, шахсий таркиб ва техникалар ҳамда зенит-ракета комплексларига ҳаводан зарба берганини билдирди.
Украина дрони Днепр дарёсида Россия катерини ғарқ қилди (ВИДЕО)
Херсон вилоятида суратга олинган видеони Германиянинг BILD нашри эълон қилди.
Тасвирда Россия катери Днепрнинг Украина назоратидаги ўнг соҳилига яқинлашишга уринганида Украина ҚК 126-артиллерия бригадасига қарашли разведка дрони уни пайқаб қолади.
Катер катта тезликда воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилади. Бироқ бир дақиқа ўтар-ўтмас зарбдор дрон унга етиб олиб, қайиқни яксон қилади.
Украина Қора денгиздаги Змеиний оролини Россиядан қайтариб олди
Украина чегарачилари Змеиний оролига Украина рамзларини ўрнатганини маълум қилди.
«Бугун 12 августда Украина армияси ҳарбий хизматчилари ва чегарачилари тарихий адолатни тикладилар. Змеиний оролида яна Украина байроғини ўрнатдик. Босқинчилар ишғол вақтида миллий рамзларимизни шафқатсизларча вайрон қилган эди. Навбатдаги байроқни босқинчилардан озод қилгандан сўнг Қримга ўрнатамиз”, деди ҳарбий Сергей Дейнеко.
Змеиний ороли урушнинг илк кунида Украина қаршилиги рамзига айланган эди.
Ўшанда Россиянинг Москва флагмани оролга яқинлашиб украиналик ҳарбийларга таслим бўлиш ёки жанг қилиб ўлишни таклиф қилган.
Мазкур стратегик орол Украинанинг Қора денгиздаги асосий порти Одессага борадиган денгиз йўлларига қарайди.