Ўзбекистон фуқароси Петербургдаги "военкомат"га ўт қўйишга уринишда гумонланмоқда
Санкт-Петербургда 9 октябрь куни Ўзбекистон фуқароси Давронбек Йўлдошев “уюшган гуруҳ бўлиб террорчилик актини амалга оширишга қасд қилиш”га доир жиноят иши бўйича ушланди.
Тергов талқинига кўра, Йўлдошев 11 августга ўтар кечаси Большая Монетная кўчасида жойлашган ҳарбий комиссарлик биносини ёқиб юбормоқчи бўлганида қўлга олинган.
Давлатга қарашли РАПСИ агентлиги хабарича, Йўлдошевни ҳарбий комиссариатга ўт қўйишга Telegram'даги виртуал таниш қизи кўндирган.
Тергов органи у қиз аслида Украина махсус хизматлари ходими бўлган, деб ҳисобламоқда.
“Медуза” нашри ўтган ҳафталарда Россияда ҳарбий комиссариатларни ёқишга уриниш ҳолатлари камида 30 та бўлганини санаб чиқди.
Россия ҳарбий кемаси Қора денгизда ҳаракатланаётган юк кемасига огоҳлантирувчи ўқ узди
Июль ойида Россия дон шартномасидаги иштирокини тўхтатганидан сўнг, Украина портларига йўл олган барча кемаларни ҳарбий нишон деб билишидан огоҳлантирган эди.
Россия Палау байроғи остидаги «Сукру Окан» кемаси капитани текширув учун тўхташ талабига жавоб бермаганидан сўнг, «Василий Биков» патруль кемаси томонидан ўққа тутилганини билдирди.
Россиянинг баёнотида айтилишича, кема Украинанинг Измаил порти томон кетаётган бўлган. Кеманинг кейин Болгария қирғоқлари яқинида ва Руминиянинг Сулина портига қараб йўл олгани айтилди.
Польшада Россия жосуслари тармоғи иши бўйича 16-гумонланувчи ушланди
Қўлга олинган шахс Беларус фуқароси Михаил А., дея маълум қилди Польша ички ишлар вазири Мариуш Камински.
Мулозимга кўра, у ҳарбий объектлар ва портларга оид разведка маълумотларини тўплаган, шунингдек “Россия фойдасига пропаганда тадбирлари ўтказган”.
Бу – Россия жосуслари тармоғи иши доирасида ушланган ўн олтинчи киши. Июль ойи бошида Камински бир гумонланувчи қўлга олинганини билдирган эди – у Украина фуқароси экан.
Шунингдек, июлнинг охирида Польшада россиялик хоккейчи ҳам Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб, ушланган.
Россия Одесса ва Херсонни янгидан ҳужумга тутди
Ўт ўчирувчилар Одессада юзага келган йирик ёнғинни бартараф этган.
Украина жанубий округининг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Одессага учирилган 15 дрон ва саккизта «Калибр» ракеталарини уриб туширган.
Округ қўмондонлиги эълон қилган видеода ракета қолдиқлари тушиши натижасида ётоқхона ва супермаркетга зарар етгани, ўт ўчирувчилар йирик ёнғинни ўчираётганини кўриш мумкин. Рейтерс видеонинг ҳаққонийлигини текширишга муваффақ бўлди.
Одесса мэри Геннадий Труханов бу ҳужумни “навбатдаги теракт” деб қоралади.
Одесса Украинанинг энг йирик порти ва ҳарбий-денгиз базаси ҳисобланади. Россия ўтган ой ғалла келишуви бекор бўлганидан сўнг Одессага кетма-кет бир неча бор ҳужум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса тунги видеомурожаатида якшанба куни ўққа Херсонни ўққа тутишига ҳам муносабат билдирди.
"Бугун рус босқинчилари Херсон вилоятига шафқатсизларча зарба берди. Ярадор ва қурбонлар бор. Бугун эрталаб соат тўртда Велетенске қишлоғи ўққа тутилди. Бир уйда ёнғин чиққан. Ёш йигит оғир куйиш жароҳатини олган. Босқинчилар эрталаб соат тўққизда Широка Балка қишлоғини артиллериядан ўққа тутган. 5 киши ҳалок бўлган. Улар орасида эндигина 22 кунлик гўдак қизалоқ ҳам бор. Унинг 12 ёшли акаси дарҳол касалхонага етказилган, бироқ, афсуски, унинг ҳаётини сақлаб қолишолмади. Бола олган оғир жароҳатлар туфайли вафот этди. Бу икки боланинг онаси 39 ёшли Олеся исмли аёл ҳам ҳалок бўлди”,деди президент Зеленский.
Украин қўшинлари ўтган йил ноябрида Херсоннинг бир қисмини Россия қайтариб олганди. Бироқ руслар Днепр дарёсининг нариги қиргоғидан туриб вилоят маркази ва унинг атрофидаги ҳудудларни ўққа тутмоқда.
Якшанба куни кечқурун Россиянинг авиация ва артиллерия зарбалари натижасида Белозёрка шаҳарчасида 12 та уйга шикаст етди, бир эркак ва бир аёл яраланди. Бу ҳақда шаҳарча маъмурияти маълум қилган.
Днепрнинг сўл соҳилида, вилоятнинг оккупация қилинган қисмида Россия армияси позициялари жойлашган.
Херсон вилоятида душанба – қурбонларга мотам тутиш куни деб эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокурдин маълум қилди.