Қўшма Штатлар норасмий мулоқот доирасида Эронни Россияга дронларни сотишни тўхтатишга ундамоқда
Қўшма Штатлар норасмий мулоқот доирасида Эронни Россияга Украинага қарши урушда қўлланиладиган дронларни сотишни тўхтатишга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида жорий йилда Қатар ва Уммонда бўлиб ўтган билвосита музокаралар жараёнидан хабардор манбаларга таяниб,Financial Times хабар бермоқда.
Газетанинг қайд этишича, Вашингтон Эронга қарши янги санксиялар киритмасликка, шунингдек, Эрон нефти атрофидаги чекловларни қатъий бажармасликка ваъда берган.
Ўз навбатида, Қўшма Штатлар Теҳрондан уранни 60 фоиздан ортиқ бойитишни тўхтатишини ҳам кутмоқда.
Эрон расмийсига кўра, Эрон Қўшма Штатларни Европа давлатларини Ислом Республикасига нисбатан санкциялар босимини юмшатишга кўмаклашишига умид қилмоқда.
Шойгу ва Алёша
Россияда “Армия-2023” форуми бўлиб ўтмоқда, Москванинг Патриот боғида Украина билан уруш ҳақидаги кенг кўламли кўргазма ҳам ишга тушган. Улар янги дронларни, артиллерия қурилмаларини, зирҳли транспорт воситаларини ва танкларни, шунингдек, тиббий зирҳли транспортёр ва Исо Масиҳ ҳамда Z ҳарфи тасвири туширилган пуфланадиган ҳарбий дала ибодатхонасини кўрсатдилар.
Мудофаа вазири Сергей Шойгуга эса “Армия-2023” кўргазмасида “робот Алёша” намойиш этилди. Аммо "Алёша"нинг уни эшитмагани вазирга ёқмади.
"Украина қишда ҳам Ғарбдаги иттифоқчиларидан F-16 қирувчи учоқларини ололмайди"
Украина ҚК Ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат украин ТВ ёйинида шу ҳақда сўзлаб берди.
Мулозимга кўра, Украина F-16 қирувчи учоқларга катта умид боғлаган эди, чунки улар мамлакат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини тўлдириб, Россия ракеталари ва дронларидан ҳимояланишга ёрдам берган бўлур эди.
Айни чоғда Игнат украин учувчилари ва техник ходимларини ўқитиш масаласида “ниҳоят, силжиш бўлган”ини урғулади. “Учувчиларимиз яқин орада тайёргарликни бошлаши тушунарли бўлди”, деди Ҳаво кучлари вакили.
Июлда Politico Дания ва Нидерландия бошлиқ 11 мамлакатдан иборат коалиция украин учувчиларини F-16 қирувчи учоқларини бошқаришга ўқитишни бошлашга тайёрлигини, бироқ АҚШнинг расмий рухсатисиз бу ишни қила олмаслигини хабар қилганди. Ўтган ҳафтада президент Жо Байден бунга рухсат берди.
Аммо, Politico маълумотига кўра, украин ҳарбийларини ўқитишга шайлигини билдирган 11 давлатдан ҳеч бири ҳозирча ўқув машғулотлари учун учоқлар ажратган эмас.
Украина Россия босқини бошидан бери жанговар авиациясининг катта қисмини йўқотди, шу боис Киев Ғарбдаги иттифоқчиларидан замонавий қирувчи учоқларни мумкин қадар тезроқ етказиб беришни сўрамоқда.
Imagine Dragons украиналикларга ёрдам бермоқда
Американинг Imagine Dragons гуруҳининг яқинда Варшавада бўлиб ўтган концертида украиналик ўсмир, гуруҳнинг сўнгги клипларидан бирининг қаҳрамони, 14 ёшли Александр Згурский саҳнага чиқди.
Николаев вилоятининг Новогригоревка қишлоғидаги Сашанинг уйи рус армияси томонидан вайрон қилинган. Айнан ўша ерда мусиқачилар Crushed қўшиғи клипини суратга олишганди.
Энди Imagine Dragons мусиқачилари United24 маблағ йиғиш платформаси орқали Сашага уйини қайта қуришда ёрдам беришмоқда. Йигитча эса йиғилган маблағ Новогригориевкадаги мактабини ҳам таъмирлашга етарли бўлишини орзу қилади