Путин Вагнер жангчиларига қасамёд қилишга буйруқ берди
Москва марказида Россиянинг «Вагнер» гуруҳи раҳбари Пригожин хотирасига бағишланган маросим давом этмоқда.
Евгений Пригожин ва Дмитрий Уткин хотирланар экан, Владимир Путин хусусий ҳарбий гуруҳлар устидан давлат назоратини кучайтиришга интилмоқда.
Путин «Вагнер» жангчилари Россияга содиқлик қасамёд қилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
Кремль веб-сайтида эълон қилинган фармонда ҳарбийлар номидан иш олиб бораётган ёки Москванинг Украинадаги «махсус ҳарбий операция»сини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай шахс расмий содиқлик қасамёдини имзолашга мажбур эканлиги кўрсатилган.
Мазкур фармон, Россия мудофаасининг маънавий ва ахлоқий асосларини шакллантиришга қаратилган қадам, дея изоҳланган.
Ушбу фармон Кремль Ғарбнинг Пригожин қасддан ўлдирилгани ҳақидаги иддаоларини «мутлақо ёлғон» деб атаганидан кейин пайдо бўлди.
Пригожин муваффақиятсиз ўтган қуролли исёнидан роппа-роса икки ой ўтиб, авиаҳалокатда қурбон бўлди.
Ғарб Путин Пригожиндан қасос олганини таъкидламоқда.
The Guardian: Қуролли кучлар НАТО ҳарбийлари билан учрашувдан кейин тактикани ўзгартирди
Украина қуролли кучлари август ойи ўрталарида Полша-Украина чегарасида бўлиб ўтган АҚШ ва Британия ҳарбийлари билан учрашувдан сўнг Запороже вилоятидаги вазиятга эътибор қаратиб, тактикани ўзгартирди. Бу ҳақда The Guardian газетаси манбаларга таяниб хабар бермоқда.
“Ўйлайманки, улар қандай қилиб Запороже фронтида жамланганини кўряпсиз”, деди газетага учрашув натижаларини шарҳлар экан манба.
Учрашувда Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони генерал Валерий Залужний, НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучлари олий қўмондони америкалик генерал Кристофер Каволи ва Буюк Британия Мудофаа штаби раҳбари Энтони Радакин иштирок этди.
Учрашув Полша-Украина чегарасидаги махфий жойда бўлиб ўтди ва беш соат давом этди. Ҳарбийлар Украинанинг қарши ҳужуми, келгуси қиш учун жанговар режалари ва 2024 йилги режаларини муҳокама қилишди.
Газетанинг ёзишича, Радакин аввалроқ Киевга борган ва у ерда Украина стратегияси ва Ғарб қандай ёрдам бериши мумкинлигини яхшироқ тушуниш учун Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган.
Украина жанубий фронтда юришни тезлаштиради
Украина кучлари Россиянинг жанубий фронтдаги энг қийин мудофаа чизиғини ёриб ўтгани ва эндиликда тезроқ олдинга силжиши мумкинлигини айтмоқда.
Бу ҳақда Рейтерс украиналик қўмондон билан суҳбатлашди.
«Россия назоратида қолган иккита уйни айтмаганда ҳозирча, Роботина бизники, десам муболаға бўлмайди. Биз иккита уйни қайтариб олиш учун курашяпмиз. Шундан кейин «Роботинанинг жанубий қисми назорати тўлиқ бизга ўтади. Бошқа муваффақиятлар ҳам кўп, (жанубда) Новопрокопивкага қадар олға юрдик. У ерда тўхтаб қолмаймиз. Унда кейин Бердянск шаҳри ва яна кўп жойларни озод қиламиз», дейди Украина ҳужум батальони қўмондони "Шкала".
Украина июнь ойида қарши ҳужумни бошлади, бироқ миналаштирилган далалар ва Россиянинг мустаҳкам мудофааси Азов денгизи томон юришни секинлаштирди.
«Мақсадимиз Азов денгизига чиқиш. Йигитларим хотиржамликка берилишларни истамайман. Биз барча ҳудудларимизни озод қилиш учун кетаётганимизни улар яхши билишади», дейди Украина ҳужум батальони қўмондони "Шкала".
Украина кучлари 23 август куни Запороже вилоятидаги Роботина аҳоли пунктида Украина байроқғини ўърнатганини маълум қилди.
Роботина Азов денгизи соҳилидаги Бердянск портидан 100 км, стратегик Мелитопол шаҳридан эса 85 км узоқликда жойлашган.
Ҳар икки шаҳар ўтган йилнинг февралида кенг кўламли босқинда руслар томонидан ишғол қилинган.
Киевда авиаҳалокат оқибатида 3 нафар украиналик учувчи ҳалок бўлди
Жума куни Киев ғарбида иккита L-39 жанговар ўқув самолёти тўқнашиб кетиши оқибатида уч нафар украиналик ҳарбий учувчи ҳалок бўлди, деб хабар берди Украина ҳарбий ҳаво кучлари.
Қурбонлардан бири Ф-16 самолётида учиш орзусидаги истеъдодли учувчи зобит экани айтилган.
Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида ҳалок бўлган учувчилардан бири Андрей Пилшиков Украина учун кўп хизмат қилганини эътироф этди:
«Кеча Житомир вилояти осмонида фалокат юз берди. Уч учувчи ҳаётдан кўз юмди. Улар орасида Андрей Пилшиков ҳам бор эди. Бу украин зобити мамлакатимиз учун кўп хизмат қилган. Уларнинг оиласи ва яқинларига, йигитларни таниган барчага ҳамдардлик билдираман. Воқеа юзасидан тергов давом этмоқда. Тафсилотларни муҳокама қилишга ҳали эрта. Барча ҳолатларга албатта ойдинлик киритилади. Украина эркин осмонини ҳимоя қилганларни ҳеч қачон унутмайди».
Украина ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат ўтган йили Рейтерс агентлигига интервью берган Пилшиковни «мега истеъдод» соҳиби ва ташкилотчи деб таърифлади.
Зеленский қурбон бўлган учувчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва «Украина осмонини ҳимоя қилганлар унутилмайди», дея қўшимча қилди.