Линклар

Шошилинч хабар
08 март 2026, Тошкент вақти: 01:35

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:54 4.9.2023

Украина Мудофаа вазирлиги Ми-8 вертолётида Украинага қочиб ўтган рус учувчисини кўрсатди

Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) “Россиянинг уриб туширилган учувчилари” номли ҳужжатли фильмда Россияга қарашли Ми-8 жанговар вертолётида экипаж билан бирга Украинага қочиб ўтган рус учувчисини кўрсатди.

Ушбу воқеа РББнинг олти ойлик махсус операцияси натижасидир. Украина ҳарбий разведкаси ходимлари учувчи билан алоқа боғлаб, уни вертолётда Украинага қочиб ўтишга кўндирганлар.

Ниҳоят, вертолёт бортдаги юки – Су-27 ва Су-30СМ қирувчи учоқлари учун бутловчи қисмлар билан Харьков вилоятига қўнган, кейинчалик у ердан Киевга жўнатилган. Учувчи эса аввалроқ махсус кучлар ходимлари томонидан Россиядан олиб чиқиб кетилган оиласи билан бирга ҳозирда Украина яшамоқда.

Ҳужжатли фильмда ушбу операция “Читтак” номи билан тилга олинади. Украина разведкасига кўра, вертолётни Россия ҚК капитани, Ми-8 вертолёти командири 28 ёшли Максим Кузьминов олиб қочган. У Приморье ўлкасидаги 319-махсус вертолёт полкида хизмат қилган.

Фильмда у Украина разведкаси вакилларига ўзи алоқага чиққанини айтади.

“Бир куни чегарага жуда яқин жойдалигимни билиб қолдим. Дарҳол хабар бердим. “Келинглар, уриниб кўрайлик, мен яқин жойдаман”, дедим. Ва узил-кесил қарор қабул қилиб, жуда паст учган ҳолда ва радиосукут режимида Украина ҳудудига ўтдим. Менга нима бўлганини, қаерда юрганимни ҳеч ким билмади. 3-4 кунгача тушунишмади. Мен эсон-омон учиб келдим, қўндим, кутиб олишди, гаплашдик, ҳаммаси жойида”, деди Украина тарафига ўтган учувчи Максим Кузминов.

Кузьминовга кўра, разведкачилар унга ва оиласига хавфсизлик кафолати, янги ҳужжатлар ва мукофот пули таклиф қилишган.

Фильмда айтилишича, операциянинг сўнгги палласида учувчи яраланган, бироқ унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган. Экипажнинг нима бўлаётганидан бехабар нариги икки аъзоси вертолёт қўнганидан сўнг қочишга уринганида ўлдирилган.

17:57 4.9.2023

Европа комиссияси: Илон Маск Россия пропагандасини ёйишга кўмаклашмоқда

Америкалик миллиардер Илон Маск Twitter (ҳозирги номи – Х) ижтимоий тармоғи раҳбари лавозимини эгаллаганидан сўнг ўз хатти-ҳаракатлари билан Россия пропагандасини ёйишга кўмаклашмоқда. Европа комиссияси ҳисоботида шундай хулосага келинган.

Ҳисоботга кўра, 2022 йилда Европада Кремль қўллаб-қувватлаётган аккаунтлар аудиторияси ва таъсири кенгайган. 2023 йил бошларида Маск контент модерациясини қисқартирувчи қоидаларни жорий этганидан сўнг Россия пропагандасини ташувчи аккаунтлар қамрови ва таъсири янада ортгани айтилмоқда.

25 август куни Европа иттифоқида рақамли хавфсизлик қоидаларига доир қонун кучга кирдики, унга кўра ижтимоий тармоқлар дезинформация пайдо бўлиши эҳтимолларини баҳолашга ва тавсиявий алгоритмлар ёрдамида унинг олдини олиш чораларини кўришга мажбур. Ҳисоботда айтилишича, қонун аввалроқ кучга кирганида Twitter унга мувофиқ бўла олмаган бўларди. Ҳужжатда Instagram ва Facebook каби ижтимоий тармоқлар ҳамда Telegram мессенжери ҳам танқид қилинган.

Маск Еврокомиссия ҳисоботига изоҳ берганича йўқ. У Twitter’ни сотиб олиши олдидан сервисни, ўз фикрича, сўз эркинлигини жиддий чекловчи модерация қоидалари учун танқид қилган эди.

Июнда эса у France 2 телеканалига берган интервьюсида Twitter ижтимоий тармоғи ЕИ талабларига бўйсунишини айтган.

18:32 4.9.2023

Украина мудофаа вазири Алексий Резников истеъфога чиққанини эълон қилди

“Мен Украина Олий Радаси раиси Руслан Стефанчукка истеъфога чиқиш ҳақида ариза бердим. Сўнгги 22 ой давомида, яъни Украина тарихининг энг оғир даврида Украина халқига ва Украина армияси манфаати учун хизмат қилиш мен учун шараф эди”, деб ёзди Резников твитида.

Forbes журналининг украин таҳририяти Резников истеъфога чиққанидан сўнг Украинанинг Британиядаги элчиси лавозимига тайинланиши ҳақида ёзди. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланган эмас.

18:36 4.9.2023

Зеленский жорий ҳафтада мудофаа вазири ўзгаришини маълум қилди

Президентга кўра, Алексей Резников ўрнига Давлат мулк фонди раиси Рустем Умеров тайинланади. Бу тайинлов парламент томонидан тасдиқлангач, Умеров лавозимга киришади.

"Мен Украина мудофаа вазирини алмаштиришга қарор қилдим. Алексей Резников уруш бошланганидан бери 550 кун бу лавозимни эгаллади. Менинг нуқтаи назаримча, вазирликка ҳарбийлар билан ҳам, жамоатчилик билан ҳам ҳамкорлик қилишда янгича шакллар ва ёндашувлар зарур. Энди вазирликка Рустем Умеров раҳбарлик қилиши керак. Украина Олий Радаси бу одамни яхши билади ва жаноб Умеровни ортиқча таништириш керак эмас. Мен парламент бу номзодни қўллаб-қувватлашини кутаман. Куз фасли - куч тўплаш вақти”

Умеров 41 ёшда. У 1982 йилда Самарқанднинг Булунғур туманида 1944 йилда Қримдан депортация қилинган қримтатар оиласида туғилган. Умеровлар оиласи 1980 йилларнинг охирларида Қримга қайтган.

Умеров Украинада қатор инвестиция фондларига раҳбарлик қилган. 2019 йилдан “Голос” фракциясининг Олий Рададаги депутати.

У қрим-татар сиёсатчиси асли ўзбекистонлик Мустафо Жемилевнинг ёрдамчиси ҳам бўлган.

Шунингдек, Умеров кенг кўламли босқиннинг бошида Россия билан музокаралар гуруҳининг таркибида бўлган. 2022 йил март ойида Агентлик Умеров заҳарланганини даъво қилган эди. Сиёсатчининг ўзи буни рад этди. Wall Street Journal ва Bellingcat маълумотларига кўра, бир неча музокарачилар, жумладан Роман Абрамович заҳарланган, кейинчалик буни тадбиркорнинг вакили тасдиқлаган.

У 2022 йилда Давлат мулк фонди раиси лавозимига тайинланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG