Москвада дронлар ҳужуми туфайли яна аэропортлар вақтинчалик ёпилди
5 сентябрь тонгида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Москва томонга учаётган учта дронни уриб туширди, дея маълум қилди Россия пойтахти мэри Сергей Собянин. Мулозимга кўра, учувчи аппаратлар Москва, Калуга ва Твер вилоятларида йўқ қилинган. Москва аэропортларида ўнлаб рейслар кечиктирилган.
Мэр дрон парчалари тушган жойларда ҳеч ким жабрланмаганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги буни “Киев режимининг учоқсимон дронлар ёрдамида Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга террорчилик ҳужумларини амалга оширишга уриниши” деб атади. Дронлар ҳужуми муносабати билан пойтахт аэропортларида бешинчи сентябрь куни эрталаб 42 та рейс кечиктирилди: Внуковода 25 та, Домодедовода 2 та ва Шереметьевода 15 та.
Доғистонда 20 нафар ҳарбий Украинага қарши урушга боришдан бош тортди
Доғистоннинг Буйнакск шаҳрида жойлашган 63354-сонли ҳарбий қисмнинг қарийб 20 нафар ҳарбий хизматчиси Украинага қарши урушга боришдан бош тортди, уларга нисбатан сафарбарлик даврида буйруқни бажаришдан бўйин товлаш (Россия ЖКнинг 332-моддаси 2.1-қисми)га доир жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Бу ҳақда Кавказ.Реалии хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, урушга боришдан бош тортган ҳарбийлар тушунтириш хати ёзишга мажбурланган, қисм командири эса ҳолатни текшириш ва улар устидан жиноят иши очишни сўраб ҳарбий тергов бўлимига мурожаат қилган.
Нашр суҳбатдошларига кўра, ҳарбийлар соғлиғи ёмонлиги важидан Украинага жўнаш буйруғини бажаришдан бўйин товлаганлар, аммо уларга ташхисни тасдиқлатиш учун ҳарбий-тиббиёт комиссиясидан ўтишга рухсат берилмаяпти. “Ҳеч кимга “Д” тоифа (ҳарбий хизматга яроқсизлик) берилмасин, деган ички ҳужжат бор, деб йигитларга рўй-рост айтишибди”, дейди Кавказ.Реалии манбаси.
Сибирь.Реалии ҳамда “Система” суриштирув лойиҳаси Россия Украинага қарши тўлақонли уруш бошлаганидан бери Россия судларига урушга жўнашдан бош тортган ҳарбийларга доир 200 та иш келиб тушганини аниқлаган. “Буйруқни бажаришдан бўйин товлаш” моддаси бўйича энг кўп Приморьедаги ҳарбий қисмлар хизматчилари суд қилинган (27 та иш).
Россия асирлигидан 22 украин зобити қайтарилди
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак 22 нафар украиналик ҳарбийлар Россия асирлигидан қайтганини маълум қилди.
Ермак ўз Телеграм каналида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар акс этган этган видеони жойлади.
"Булар Украина Қуролли Кучлари аскарлари: икки офицер ва турли даражадаги ҳарбий хизматчилар. Улар фронтнинг турли қисмларидаги жангларда қатнашган, озод этилганлар орасида ярадорлар ҳам бор. Аскарларимиз орасида энг кексаси 54 ёшда, энг кичиги эса 23 ёшда. Барча озод қилинганлар тиббий мутахассислар кўмагида жисмоний ва руҳий реабилитация, реинтеграция курсидан ўтказилади ва зарурий тиббий ёрдам олади. Мен ҳарбий асирлар билан шуғулланадиган мувофиқлаштирувчи штабга ва бутун жамоамизга миннатдорлик билдираман. Бизда Президентнинг барча асирларимизни қайтариш вазифаси бор", - дея қўшимча қилди Ермак.
Путин ва Эрдўғон "ғалла битими" бўйича келишолмади
Владимир Путин ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сочидаги учрашув чоғида Россия иштирокида “ғалла битими”ни давом эттириш масаласида тил топиша олмади, деб ёзмоқда Би-би-си рус хизмати.
Путин қарийб уч соатга чўзилган музокаралардан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Россия ўз агроэкспортига доир барча келишувлар бажарилгани заҳоти “ғалла битими”ни қайта тиклаш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр бўлишини айтди.
- Мен принципиал позициямизни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман: биз ғалла битимини қайта тиклаш имкониятини кўриб чиқишга тайёрмиз, мен бугун Туркия президентига ҳам бу ҳақда яна бир бор айтдим. Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга қўйилган чекловлар бекор қилиниши билан, тез орада буни амалга оширамиз," деди Россия президенти.
Путин Россия июль ойида келишувдан чиқишида яна Ғарбни сабабчи қилиб кўрсатди.
Айни чоғда у Украинани “гуманитар йўлаклардан террорчилик ҳужумларини амалга оширишда фойдаланиш”да айблаб, Россия “ғалла йўлаги хавфсизлигини таъминлаган”ини иддао қилди.
Путинга кўра, Ғарб мамлакатлари “ғалла битими гуманитар мақсадларни кўзлаган, дея уни алдашган”, чунки “юкларнинг 70 фоизи ўзига тўқ мамлакатларга, хусусан Европа иттифоқига ташилган” эмиш. У шунингдек, Қатар молиявий ёрдами билан Туркия орқали Африкага бир миллион тонна ғалла етказиб бериш таклифи дон келишувига муқобил вариант сифатида режалаштирилмаганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида Эрдўғон Туркия “ғалла битими” бўйича БМТ билан янги туркум маслаҳатлашувларга тайёрланаётганини ва битим аввалги форматда ва Россия иштирокида тикланиши учун имкон борича ҳаракат қилишини урғулади.
Россия “ғалла битими”дан чиққанини 17 июль куни эълон қилган эди. Шундан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги Украина портларига йўл олган савдо кемаларига ҳарбий нишонлар деб қаралиши ҳақида огоҳлантирган