Украина Россиянинг 50 кишилик сара бўлинмасини йўқ қилди
АҚШда жойлашган ISW таҳлил маркази Украина кучлари Донецкда фронт чизиғини мустаҳкамлаш учун жойлаштирилган Россиянинг сара аскарларини йўқ қилишга муваффақ бўлди, дея хабар берди.
Урушни ўрганиш институтининг (ISW) россиялик ҳарбий блогерга таяниб ёзишича, Старомайорское қишлоғи яқинида бир куннинг ўзида 7-дивизиясининг 49 нафар аскари ҳалок бўлган, рус қўмондонлари жасадларни ташлаб кетган.
Москва ҳарбий бўлинмаларини Украина энг мустаҳкам рус мудофаасидан ўтиб бораётган Запорожье вилоятига кўчиришга ҳаракат қилмоқда.
"Украинанинг Донецк-Запорожье чегарасидаги қарши ҳужум операциялари рус армиясининг 7- ҳаво-десант бўлинмасини Запороже вилояти ғарбидаги фронтнинг муҳим ҳудудларига жойлашишини олдини олди", деб ёзади Урушни ўрганиш институти.
Бўлинманинг баъзи полклари Роботин ҳудудига етиб боргани ҳам қўшимча қилинган. Рус расмийлари Роботинони “қисман тарк этганини” гапирмоқда.
Тоқаев: Қозоғистон гибрид урушга тайёргарлик кўриши керак
Россиянинг урушни давом эттириш иштиёқи сўнмаётгани ва мамлакатни ҳарбийлаштириш бўйича ҳаракатлари ошаётгани қўшни давлатларни хавотирга солмоқда.
Қозоғистон қурол-аслаҳа, зирҳли техника ва дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши керак
Бу ҳақда мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаота вилоятида ўтказилган “Батил тойтарис-2023” ҳарбий машқлари чоғида баёнот берди.
“Қозоғистон Қуролли кучлари ҳар қандай хавф-хатарга тайёр турмоғи лозим. Бу замонавий профессионал армияга қўйиладиган энг биринчи талабдир. Мен яқинда Қозоғистон халқига мурожаатимда юқори маҳаллийлаштириш даражаси билан ишлаб чиқаришни ташкил этишни устивор вазифа сифатида белгилаган эдим. Зирҳли техника, учувчисиз учоқлар, замонавий ўқотар қуроллар – биз буларнинг барини ўзимизда ишлаб чиқара оламиз, ишлаб чиқаришимиз керак.
Мудофаа саноати комплекси жанговар армия яратишимиз учун замин ҳозирламоғи лозим”, деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Тоқаев урғулашича, жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг замонавий усуллари, хусусан урушнинг гибрид турлари оммалашаётгани ҳам мудофаа корхоналарини кучайтиришни тақазо этади.
Россия Константинoвкадаги бозорни бомбардимон қилди
Одамлар вайроналар орасидан ўз яқинларини қидирмоқда.
Украина расмийлари Константинивка шаҳрига қилинган ҳужумда 17 киши ҳалок бўлгани ва камида 32 киши яраланганини маълум қилди.
Бозор буткул вайрон бўлган, атрофда жасадлар сочилиб ётибди. Қутқарувчилар вайроналар орасидан фуқаро кийимидаги, боши қонга беланган аёлни топди.
Украина ички ишлар вазири Игор Клименконинг маълум қилишича, фавқулодда вазиятлар ходимлари 300 квадрат метр майдонни эгаллаган ёнғинни ўчирган. Бозордаги 8 та объект ва бир қанча вайрон бўлган.
Украина бош прокуратураси берган маълумотларга кўра, 30 га яқин павильон, 20 та дўкон, маъмурий бино,автомобиллар, битта кўп қаватли уй ва баъзи электр тармоқлари зарар кўрган.
Украина Қуролли Кучлари ҳужумни давом эттирмоқда
Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўз ҳисоботида Украина қўшинлари Работинадан Новопрокопивка йўналишида олдинга силжигани ва Бахмут ҳамда Мелитополда ҳужум операциясини давом эттирганини маълум қилди.
Ўтган сутка ичида Украина кучлари ва рус қўшинлари ўртасида ўнлабтўқнашув бўлиб ўтган. Украина ҳаво кучлари ва артиллерия қўшинлари Россия армияси шахсий таркиби ва техникаси тўпланган ҳудудларга шунингдек, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига қатор зарбалар берган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги кеча Украинага 175 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида уран бомбаларини етказишини эълон қилди.