Украина қарши ҳужумни жадаллаштирди
Ҳарбий мутахассислар эса Украина армияси аста секин бўлсада рус қўшинларини денгизга қарата сиқиб чиқараётганини эътироф этмоқда.
Украина армияси йил охиригача Россиянинг қолган мудофаа чизиғини ёриб ўтиши мумкин, - деган фикрни билдирди АҚШ разведка бошқармасининг таҳлилий бўлими директори Трент Моул.
Уч ойлик секин ўсишдан сўнг Украинанинг қарши ҳужуми жадал тус ола бошлади, деди у.
Зеленский: Умеров - “кучли” ва “тизимли” шахс
Украина президенти пайшанба куни янги тайинланган мудофаа вазири Рустем Умеровни Украина Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари Бош штаби раҳбариятига таништирди.
Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Умеровни “кучли” ва “тизимли” шахс деб атади ва “у Мудофаа вазирлиги ишини қайта йўлга солиши мумкин”, деди.
"Мамлакатимиз учун шундай тарихий даврда Мудофаа вазири бўлиш энг олий шарафдир. Мен Украина президентидан кўрсатган ишончи учун миннатдорман. Украина ўзига тегишлисини қайтариб олади, бу гал бизнинг ҳар бир метр ва сантиметр еримиз яна Украина байроғи остида бўлади”, деди Украинанинг янги мудофаа вазири.
Рустем Умеровнинг номзоди чоршанба куни Украина Радаси томонидан маъқулланди. Мухолифатдаги “Голос” партиясидан сиёсатчи, 41 ёшли асли самарқандлик Умеров 2022 йил сентябридан буён Украина Давлат мулки жамғармаси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.
Собиқ мудофаа вазири Алексей Резниковнинг истеъфога чиқиши Мудофаа вазирлигининг қиммат нархда ҳарбий кийим-кечак сотиб олиши билан боғлиқ жанжал ортидан содир бўлди.
Ҳиндистонда G20 саммити бошланди
Ҳиндистон раҳбари жума куни G20 раҳбарларининг баёноти гуруҳнинг ҳафта охири саммитида иштирокчиларга тақдим этишга деярли тайёр, деди жума куни ва бу баёнот глобал жануб ва ривожланаётган мамлакатларнинг "овози" бўлишини қўшимча қилди.
20 та энг йирик иқтисодиётлар гуруҳига (G20) навбат билан раислик қилаётган Ҳиндистон саммитга мезбонлик қилмоқда ва якуний ҳужжат унинг муваффақияти калитидир. Ҳиндистон саммитнинг якуний коммюникеси бўлмиш Лидерлар декларациясида Ғарб давлатларининг Россиянинг Украинадаги урушини кескин қоралашга уринишларига тўсқинлик қилган Россия ва Хитойнинг фикрлари инобатга олинишини истайди.
Аввалроқ Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Ҳиндистон Украинани 9-10 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилмасликка қарор қилганини тасдиқлаган эди. Айни пайтда Путин иштирокчилар рўйхатида.
АҚШ Украинага кам бойитилган снарядларни юбориш қарорини ҳимоя қилмоқда
"Бу ёрдам АҚШнинг 46 ёрдам пакети таркибида жўнатилмоқда", деди Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх.
"Бу танкларга қарши зенитли ўқ-дорилар. Улар танкларни тешиш учун мўлжалланган. Улар жанг майдонида жуда самаралидир. Булар аслида оддий снарядлар. Абрамс танклари айнан шу снарядлардан фойдаланади. Дунё бўйлаб кўплаб ҳарбийлар ўз танкларида кам бойитилган урандан фойдаланадилар. Шунинг учун биз улар рус танкларига қарши курашда энг самарали снаряд бўлади ва украиналикларга ўз жанг майдонини, ўз ҳудудларини ҳимоя қилишда ёрдам беради деб ўйлаймиз”, деди Сабрина Сингх, Пентагон матбуот котиби ўринбосари.
Пентагон вакиласи кам бойитилган уранли снарядларнинг саратон касаллигини келтириб чиқариши тўғрисидаги Кремл баёнотлари амалда ўз исботини топмаганини ҳам қўшимча қилиб, бу масаладаги Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти изланишлари борлигини айтди.
АҚШ Британиядан кейин Украинага танкларга қарши уранли ўқ-дориларини жўнатаётган иккинчи давлат бўлди.
120 мм снарядлар кузда Украинага етказиб берилиши режалаштирилаётган АҚШнинг 31 та М1А1 “Абрамс” танкларини қуроллантириш учун ишлатилади.
Бундай зирҳли тешувчи ўқлар АҚШ томонидан Совуқ уруш даврида Совет танкларини, шу жумладан Украина қарши жангларда дуч келаётган Т-72 танкларини йўқ қилишга ишлаб чиқилган.
Гарчи бойитилган урандан анча кучсиз ва ядровий реакцияга қодир бўлмаса-да, кам бойитилган ураннинг бу тури ҳатто қўрғошиндан кўра зичроқ бўлиб, уни снаряд сифатида ишлатиш жуда самарали натижалар бериши айтилади.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Украинага кам бойитилган уран ўқ-дориларини етказиб бериш қарорини "жуда ёмон хабар" деб атади.
Бир кун олдин АКС Украинага 1 млрд долларлик янги ёрдам пакетини элон қилди