Зеленский ҳамдардлик билдирди
Украина президенти Владимир Зеленский Украина шарқида ҳалок бўлган халқаро ёрдам гуруҳи ходимларининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Аввалроқ расмийлар Россия Донецк вилоятида гуманитар ташкилот ходимларининг машинасини нишонга олгани ҳақида хабар берган эди. Натижада Канада фуқароси Энтони Игнат ва Испания фуқароси 32 ёшли Эмма Игуал ҳалок бўлган ва яна икки киши оғир яраланган.
"Бугун Донецк вилоятининг Часив Яр шаҳри яқинида россиялик террорчилар кўнгиллилар машинасини нишонга олди. Канадалик Энтони Ихнат ва испаниялик Эмма Игуал исмли кўнгиллилар вафот этди. Уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираман. Яна икки нафар кўнгилли Днепр касалхонасига етказилди – улар Германия фуқароси Мавик Рубен ва Швеция фуқароси Ёхан Матиас. Ҳозирда уларга зарурий ёрдам кўрсатилмоқда. Россиянинг бу террори Украинага қарши уруш инсон ҳаётини қадрлайдиган ҳамда террор ва ёвузликни тўхтатишни инсониятнинг умумий ахлоқий бурчи деб биладиган ҳар бир киши учун қанчалик яқин эканлигини яна бир бор кўрсатмоқда," деди Владимир Зеленский.
Ёрдам гуруҳининг тўрт нафар кўнгиллиси ўққа тутилган микроавтобус ағдарилиб ёна бошлаганда канадалик Энтони Иҳнат ҳалок бўлган, германиялик кўнгилли Рубен Мавик ва швед кўнгиллиси Ёхан Матиас Тир эса оғир яраланган.
Кўнгиллилар Бахмут чеккасидаги тинч аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш учун кетаётган бўлган, дейилади Ёрдам сари йўл гуруҳининг хабарида.
Украина кучлари Бахмутнинг ғарбий чеккасини эгаллаган ва бу ҳудудда қарши ҳужум амалиётларини давом эттирмоқда.
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ўтган саммити якунланди
Ҳиндистон блок раислигини Бразилияга топширди. АҚШ ва Россия саммитда эришилган консенсусни олқишлади.
Шанба куни G20 раҳбарлари умумий декларацияни қабул қилди. Декларацияда Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операция»си тилга олинмаган, бироқ можаро натижасида юзага келган гуманитар фалокат таъкидланиб, барча давлатлар босқинчиликдан тийилишга чақирилган.
Германия ва Британия резолюцияни олқишлади. Франция президенти бу резолюция Россиянинг глобал миқёсда яккаланиб қолаётганини кўрсатади, дея таъкидлади:
«Ушбу G20 саммити Россиянинг яккаланиб қолганини кўрсатади. G20 аъзоларининг кўпчилиги Украинадаги уруш ва унинг оқибатларини қоралади».
Украинанинг эса G20 декларациясидан кўнгли тўлмади. Киев резолюцияда «фахрланадиган нарса йўқ» дея таъкидлади.
Умумий декларацияда Украина ва Россиядан ғалла, озиқ-овқат ва ўғитни хавфсиз экспорт қилиш назарда тутилган.
Туркия президенти Анқара, Москва ва Киев Россия ёзда бекор қилган дон келишувини янгилаш бўйича муҳокамани давом эттиришини билдирди.
Деҳлидаги саммитда, шунингдек, 55 давлатдан иборат Африка Иттифоқи ҳам G20 нинг доимий аъзолигига қабул қилинди.
Эрдўғон Россиянинг “ғалла битими”га доир талабларини қисман қондиришни сўрамоқда
Эрдўғон G20 лидерларидан Россиянинг “ғалла битими”га доир талабларини қисман қондиришни ва санкцияларни юмшатишни сўрамоқда
Гап Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлари экспортини суғурталаш ҳамда “Росселхозбанк”ни SWIFT тизимига улаш ҳақида бормоқда. Эслатиб ўтамиз, Эрдўғон ўтган ҳафтада Путин билан учрашган эди.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак бунга жавобан санкцияларни бекор қилмасликка чақирди. Мулозимга кўра, айни вазиятда муаммони муроса эмас, балки куч ҳал қилади.
Шунингдек, Туркия президенти Арманистон Бош вазири Никол Пашинянни Озарбайжоннинг бўлгинчи арманлар яшовчи Тоғли Қорабоғда президент cайловларини қоралашга чақиришини айтди.
Эрдўғон минтақани “хотиржамликка” чақирди ва овоз беришни қабул қилмаслигини айтди.
У Европа кенгаши президенти Чарлз Мишел билан учрашувдан сўнг Европа Иттифоқи ва ғарб давлатлари “бундай сайловни қабул қилмаслигини” қўшимча қилди.
Самвел Шахраманяннинг тан олинмаган Тоғли Қорабоғнинг янги президенти этиб сайланиши 1 сентябрда минтақа президенти лавозимини тарк этган Арайик Арутюнян истеъфога чиқиши ортидан содир бўлди — арманлар Тоғли Қорабоғни Арцах деб атайдилар. Бу Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги кескинлик кескинлашган пайтга тўғри келди.
Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда ўтказилган президент сайловларини тан олмайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик расмий вебсайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, "Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди".
Ўтган ой Озарбайжонга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган 950 ўринли мактаб очилишида иштирок этган эди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғдаги сайловларни тан олмаслигини айтган эди.