Путин ва Ким Чен Ин нимани муҳокама қилади?
Бу ҳақда корейс олими, Сеулнинг Кунминг университети етакчи тадқиқотчиси Фёдор Тертицкий гапирди:
- Россия Шимолий Кореяга расмий равишда космик тадқиқотлар билан боғлиқ технологияларни бериши мумкин, лекин амалда замонавий континентал баллистик ракеталарни бериши мумкин. Бу ерда аниқ дейиш қийин, лекин умуман Шимолий Кореяда жуда катта снарядлар захираси мавжуд. Артиллерия - Корея халқ армиясининг жуда муҳим қисмидир. Россия эса снарядларга эҳтиёж сезмоқда. Бунинг эвазига Шимолий Корея озиқ-овқат ва энергия олиши мумкин. Эҳтимол, руслар шунчаки пул билан тўлайди, чунки Шимолий Корея нақд пул олса, у қора бозорда бирор нарса сотиб олиши мумкин.
Россияга ишга жўнатилган ўзбекистонликлар сони 12 баробарга кўпайди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижга кетганларнинг деярли 20,5 мингги Россияда ишлаётганини маълум қилди. Бу эса баҳордан бери Россияга ишга жўнатилганлар сони 12 баробарга кўпайганини англатади.
Расман билдирилишича, январь-август ойларида 28,2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик чет элга ишлашга кетган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5 фоизга кўпдир.
Агентлик маълумотларида қайд этилишича, бугунги кунда Жанубий Кореяда 3180, Буюк Британияда 1800, Қозоғистонда 812, Германияда 387 ва Туркияда 194 ўзбекистонлик ишламоқда.
Россия ҳукумати томонидан 2021 йил октябр ойидан бошлаб Ўзбекистон ватандошларини Россияда қурилиш соҳасига, 2022 йилнинг қишидан эса қишлоқ хўжалиги ишларига уюшган ҳолда ёллашни бошлаганди.
2022 йил ёзида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги меҳнат муҳожирларини Украинадаги урушни якунлаш хавфи туфайли диққат билан иш танлашга чақирган эди. Бу, хусусан, Вагнер ХҲШ сафига мигрантларнинг фаол ёлланиши билан боғлиқ эди.
Бундан ташқари, Россия босиб олинган Украина ҳудудларида вайрон қилинган инфратузилмани тиклаш учун Марказий Осиё давлатларидан мигрантларни фаол жалб қилмоқда. Хусусан, вайрон қилинган Мариуполни қайта тиклашга.
Бошқарманинг эслатишича, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154-моддаси (“Ёлланмачилик”) моддаси бўйича шахс беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Севастополда иккита рус кемаси ёниб кетди
Россия мудофаа вазирлиги Севастопол кемасозлик заводида бугун эрта тонгда ёнғин чиққанини хабар қилди. Украина портга 10 та ракета ва портловчи модда ўрнатилган учта катер билан ҳужум уюштирган.
Натижада иккита кемага шикаст етган. Россия оммавий ахборот воситаларида Севастополга қилинган ҳужум натижасида “Ростов-Дон” дизел-електр сув ости кемаси ва “Минск” йирик десант кемаси шикастлангани хабари чиқди.
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари еттита ракетани уриб туширган, шунингдек, учта камикадзе катерлар ҳам патруль кемаси томонидан йўқ қилинган, дейилади мудофаа вазирлиги хабарида.
"Душманнинг қанотли ракеталари портлаши натижасида таъмирланаётган иккита кемага зарар етди", — дейилади вазирлик хабарида.
Москва томонидан тайинланган Севастопол губернатори Михаил Развожаев 24 киши жароҳатланганини маълум қилди.
Қрим ярим оролидаги стратегик аҳамиятга эга кемасозлик заводида Россия Қора денгиз флотининг сувусти ҳамда сувости кемалари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади. Россия Қора денгиз флотидан Украинага кўплаб дрон ва ракета ҳужумларини амалга оширган.
Киев ҳозирча ҳодисага изоҳ бермади.
Украин болалари Россиядан қайтарилди
Украина Россияга ноқонуний олиб кетилган болаларни қайтариш ишларини давом эттирмоқда. Бугун Херсон, Луганск ва Запороже вилоятларининг босиб олинган қисмларидан яна 13 нафар бола Украина назорати остидаги ҳудудларга қайтарилди. Бу ҳақда Украинани қутқариш ташкилоти хабар берди.
Жами 11 қутқарув миссияси доирасида 176 нафар бола аллақачон ота-онасига қайтарилди.