Халқаро Жиноят Суди Лукашенкони ҳибсга олиш ордерини берадими?
Европа суди 13 сентябрь куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят судини Беларусь диктатори Александр Лукашенкони ҳибсга олишга ордер бериш чақириғи акс этган резолюция учун овоз берди. Ҳисоботда Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан бир қаторда Украинага қарши урушга алоқадор экани айтилган. Бу ҳақда Европарламент сайти орқали маълум қилинган.
Резолюцияга кўра, Европарламент Лукашенко режимининг “Россиянинг Украинага қарши ноқонуний ва асоссиз уруши”даги иштирокини ҳамда “Москванинг жанговар риторикасини такрорлайдиган нафрат сўзлари, дезинформация ва ташвиқотни рағбатлантириши”ни қоралайди. Бундан ташқари, Европа парламенти Лукашенко режимини "Россия армиясига катта миқдордаги ўқ-дорилар ва ҳарбий техника етказиб бериш", Россия қўшинларини Белоруссияга жойлаштириш ва тайёрлаш, Россия томонидан ҳомийлик қилинган"Вагнер" "террорчи ташкилоти" фаолиятини рағбатлантириш учун қоралади.
Европа парламенти, шунингдек, Лукашенко режимини ишғол қилинган Украина ҳудудларидан 2150 нафар бола, жумладан, етим болаларни Беларусдаги соғломлаштириш лагерларига ноқонуний олиб чиқиб кетишга алоқадор , улар “руслаштириш” ва “мафкуравий босимга”га учрамоқда деб ҳисоблайди. Резолюцияда қайд этилишича, Рим статутига кўра, бу “депортация ёки аҳолини мажбуран кўчириш” сифатида баҳоланиши мумкин.
Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди жорий йилнинг март ойида Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Ордер берилишига Путин ва Львова-Белова Украинадан болаларни ноқонуний равишда депортация қилганликда гумонлангани асос бўлган.
Рус депутатининг сўзлари ўзбек мулозимлари норозилигини келтириб чиқарди
Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг бир қатор депутатлари Россия Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоровнинг собиқ совет республикалари СССРдан ноқонуний ажралиб чиққани ҳақидаги баёнотини қоралаб чиқишди.
7 сентябрь куни Телеграм каналларда тарқалган баёнотида Фёдоров ҳозирда мустақил собиқ совет республикалари, эртами-кечми, Россия билан урушишига тўғри келишини иддао қилган ва республикаларни тинч йўл билан Россияга қўшилишга даъват қилган эди. У собиқ Иттифоқ республикалари СССР таркибидан “ноқонуний тарзда чиқиб кетган”ини иддао қилди:
“Барча собиқ республикалар эртами кечми Россия билан тўқнаш келади ёки урушади. Бу назария масаласи. Улардан баъзилари ҳозир бўлмайди: бу Беларус. Грузия аллақачон жанг қилган, Украина урушяпти. Бу гап Арманистонга ҳам тўлиқ тааллуқлидир. Бу урушлар муқаррар, агарда биз уларнинг мақомини халқаро ҳуқуқ ва Совет Иттифоқи қонунлари доирасида қайта кўриб чиқмасак”, деди Россия Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоров.
Унинг иддаосича, агар республикалар дипломатик йўл билан қайтарилса, ҳарбий можароларнинг олдини олиш мумкин.
"Миллий тикланиш" партияси етакчиси, Олий мажлис депутати Алишер Қодиров россиялик депутатни аҳмоқ деб атади.
“Rossiyaning boshiga odatdagidek o’zining ahmoqlari yetadi shekilli… Bundan biz foyda ko’ramizmi, yo’qmi, vaqt ko’rsatadi. Yong’inga qarshi choralar ko’rib, sovuqqonlik bilan kuzatamiz…”
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Фёдоровнинг бу иддаоларини “соғлом фикр маҳсули эмас”лигини гапирсада, бундай баёнотларга жавоб бермаслик кераклиги, зеро Ўзбекистон Россия билан “иттифоқчи” эканини эслатди.
“Ўзбекистон мустаҳкам суверенитет ва кучли давлатчиликка эга мамлакатдир. Қолаверса, биз Россия билан иттифоқчи мамлакатлармиз, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган.”
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев СССР Конститутсиясининг 72-моддасида: “Ҳар бир иттифоқ республикаси СССР таркибидан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади”, дейилганини билдирди.
"..агар Федоров мантиғига амал қилинса, унда 32 йил давомида Россия Федерацияси президентлари Ельцин ва Путин тимсолида, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлатининг барча ҳокимият институтлари бу республикаларнинг барчаси билан НОҚОНУНИЙ иш олиб борган чиқади."
Тожиев, Федоров шу билан "Россия давлатидаги барча ҳокимият институтларини ноқонуний муносабатлари учун тарқатиб юборишга" чақиряптими, дея киноя қилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги россиялик депутатнинг баёнотига муносабат билдиргани йўқ.
Владимир Зеленский Вашингтонга боради
Украина президенти Владимир Зеленский келгуси ҳафтада Қўшма Штатларга ташриф буюришни режаламоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларига таянган ҳолда АҚШ ОАВлари хабар берди.
Чоршанба куни Украина раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида нутқ сўзлайди. Шундан сўнг Зеленский Вашингтонга йўл олади ва у ерда АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Конгресс аъзолари билан учрашади.
Мазкур ташриф Байден маъмуриятининг Киевга 20 млрд доллардан ортиқ қийматдаги навбатдаги ёрдам пакетини тақдим этиш учун Конгресс розилигини олишга уринишлари манзарасида кечади. Ушбу маблағлар Украинани қурол-аслаҳа, ўқ-дори билан таъминлаш, шунингдек йил охирига қадар молиявий қўллаб-қувватлаш учун зарур.
АҚШ матбуотига кўра, Байден маъмурияти Киевга ATACМS олисдан урар ракеталарини бериш ҳақида қарор қабул қилишга яқин турибди. Сўнгги пайтларда Украина вакиллари президент Байден бу борада тезроқ бир қарорга келишига умид билдиришмоқда эди.
Зеленский Вашингтонга охирги марта ўтган йилнинг декабрида келган. Ўшанда унинг Конгрессда сўзлаган нутқи конгрессмен ва сенаторларни жуда руҳлантирган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам кейинги ҳафтада Америка Қўшма Штатларига сафар қилиши кутилмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумотига кўра, Мирзиёев АҚШга сафар чоғида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлайди. Шунингдек, Ўзбекистон президенти ташриф давомида АҚШ президенти Жо Байден таклифига кўра ўтказиладиган “С5+1” форматидаги Қўшма Штатлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари етакчилари учрашувида ҳам иштирок этади.
Россия Ташқи ишлар вазири: Россия Украина билан музокараларга тайёр
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жума куни Москва Украина билан 18 ойдан бери давом этаётган можарога барҳам бериш бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтди, бироқ Киев ва унинг Ғарб иттифоқчиларини бу ҳаракатларга қаршилик кўрсатаётганликда айблади.
"Музокаралар деб аталмиш мавзу атрофида ҳақиқий фитна ва ҳамма нарсани псевдодипломатия билан остин-устун қилишга уринишлар пайдо бўлмоқда. Ташаббуслар, қандайдир маслаҳатлашувлар, музокаралар бошлаш ҳақидаги чақириқларга жавобан биз барчага жавоб беришимизни маълум қилдик ва биз шундай ҳаракат қиляпмиз ҳам. Биз бу ерда вакиллик қилган мамлакатлар делегатларининг кўплаб вакиллари билан учрашдик. Ватиканнинг саъй-ҳаракатлари давом этмоқда, унинг элчиси яна Москвага келади. Биз ҳамма билан учрашишга, ҳамма билан гаплашишга тайёрмиз," деди Сергей Лавров дипломатлар олдида қилган чиқишида.
Шунингдек, у Украина Россия билан музокараларни бошлаши кераклигини айтди.
Бош дипломат, шунингдек, Россия “Қора денгиз бўйича ушбу ташаббуснинг қайта тикланишини, шу жумладан пакетнинг Украина қисмини ҳам, пакетнинг Россия қисмини ҳам” қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда Киевни Россия экспортига қарши санксияларни сақлаб қолиш ва ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини юқори нархларда экспорт қилишга интилаётганликда айблади.