Қодиров шифохонада қолмоқда
Қодировнинг буйраги кўчириб ўтказилди, бироқ унинг организми трансплантация қилинган бўйракни қабул қилмади.
Бу ҳақда “Обозревател” чечен диаспорасидаги ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Такрорий трансплантация операцияси режалаштирилган.
"Эхо Москвы" нашрининг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ўз телеграм каналида буларни ёзди:
“Қодиров. Одатий оғир буйрак етишмовчилиги. Шунинг учун тез-тез гемодиализ керак. Билишимча, бунинг ҳаммаси Марказий клиник шифохонада содир бўлмоқда”
Алексей Венедиктов Қодиров 3 июлдан бери расман таътилга чиққанини билдириб, мана бу ҳужжатни илова қилди.
Бу вақтга Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи этиб Муслим Хучиев тайинланди.
Куни кеча РА-73417 рақамли Рамзан Қодировга тегишли бизнес-жет Москвадан 19:50 атрофида ҳавога кўтарилиб, жанубга Чеченистон томон учди. Рамзан Қодировнинг шахсий самолёти сентябрь бошидан бери уч маротаба Москвага учган. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри парвозларни кузатувчи иловалардан бирига таянган ҳолда хабар берди. Бу орада оммавий ахборот воситаларида Қодировнинг саломатлиги ёмонлашгани ва у Москвада президент иш бошқармасига қарашли Марказий клиникада даволанаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлмоқда.
Ўтган ҳафтада қатор чечен мухолифат каналлари Рамзан Қодиров оғир дардга чалингани тўғрисида ёзган эди. Бироқ якшанба куни Қодировнинг телеграм каналида видео эълон қилинди. Унда Қодиров ёмғир остида сайр қилиб юргани акс этган. Озодлик радиоси рус хизмати бу фактга эътибор қаратар экан, якшанба куни Москвада ҳаво очиқ бўлгани ва Қодиров акс этган видео қачон олингани номаълум эканини маълум қилган.
46 ёшдаги Рамзан Қодиров касал экани ҳақидаги хабарлар йил бошидан бери матбуотда пайдо бўлмоқда. Қодировнинг ўзи бу хабарларни инкор қилган.
Рамзан Қодиров Владимир Путинни Украинага босқинини жиддий равишда қўллаётган ва халқаро санкцияларга учраган сиёсатчилардан бири.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Россияга ташрифи 18 сентябрь куни якунланди
Ким Владивостокда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгудан совға сифатида мўйнали қалпоқ олди.
КРТ давлат телерадиокомпанияси мамлакат раҳбари Россиянинг ядровий бомбардимончи самолётларини, гипертовушли ракеталар билан жиҳозланган қирувчи самолётларни ҳамда ҳарбий кемани кўздан кечираётганини намойиш қилди. Приморск вилояти губернатори Олег Кожемяко Кимга ҳужум операциялари учун мўлжалланган замонавий, енгил зирҳли нимча совға қилди.
Кимга, шунингдек, бешта бир томонлама ҳужумкор дрон ва Украинадаги урушда кенг қўлланилаётган «Геран-25» разведкачи дронлар ҳам совға қилинди, дея хабар берди «ТАСС» агентлиги.
Бу БМТнинг Шимолий Корея ракета ва ядро фаолиятига қарши қабул қилинган камида иккита қоидасига зиддир. Россия ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Кореяга қарши резолюцияларини маъқуллаб овоз берган.
Тожик муҳожирлари террорчиликда айбланмоқда
Екатеринбург ҳарбий апелляция суди Тожикистондан меҳнат муҳожирларига нисбатан терроризм ва портловчи моддалар ишлаб чиқариш бўйича ишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда муҳожирларга ёрдам бераётган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг Озодликка билдиришича, айбланувчиларнинг ҳаммасини қийноқларга солинган, бошларига қоп кийдирилган, калтакланган ва қўрқитилган.
Гумонланувчи муҳожир йигитлар иш сохталаштирилганини айтмоқда. Улардан бирининг амакиси Азизмурод Азизовичнинг сўзларига кўра, терговчилар гумонланувчиларга уларнинг кўрсатмаларини бузиб кўрсатувчи таржимонини алмаштиришга рухсат бермаган, суд эса гувоҳларни чақиришни рад этади.
Иш материалларидан маълум бўлишича, Сангимурод Мусофиров, Абубакр Санжаров, Шахромжон Мусофиров, Нурали Дўстов ва Ашваршоҳ Авезовлар олдиндан тил бириктириб бир гуруҳ шахслар томонидан портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сақлаш, террорчилик жамиятида иштирок этиш ва террорчилик ҳужумини тайёрлашда айбланган. Жиноий иш турли ҳудудларда мигрантларга нисбатан тез-тез содир бўлаётган рейдлар фонида кўриб чиқилмоқда.
Россия расмийлари ҳозирда Украина жабҳасида кадрлар танқислигини тўлдириш учун мигрантлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Хизматлари учун уларга имтиёзлар ва фуқароликни соддалаштирилган тарзда олиш ваъда қилинган, армиядан қочиш учун эса Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилинган.
Маша ва унинг боғчаси
Бу қизалоқнинг исми Маша. У ўзининг рус босқинчилари ташрифидан кейин ўзининг вайрон бўлган боғчасини кўриб йиғламоқда.
У ота-онасидан машинани тўхтатиб, боғчасини кўриб кетишни сўрайди.