Запороже вилоятидаги Павловка қишлоғи қандай қилиб сув ва электр токисиз ўқлар остида яшайди?
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг бошиданоқ, Запороже вилоятидаги Павловка қишлоғи аҳолиси деярли фронт чизиғида бўлди. Сергейнинг айтишича, уларнинг уйлари Россия позициясидан бир неча километр масофада жойлашган.
Павловкада деярли соғ уйнинг ўзи йўқ. Россия ҳарбийлари қишлоқни артиллерия ва миномётлардан ўққа тутмоқда.
Аммо ўлим хавфи борлиги, элетр токи йўқлиги ва сув таъминотининг узилишига қарамай, қишлоқда йигирмага яқин киши истиқомат қилади.
Бомбалар остида яшашга ўрганиб қолган Сергей улардан бири. Ёввойи ўтлар ўсиб, ярми ёниб кетган боғнинг ўртасида портламай қолган рус Смерч ракетаси турибди.
«Бизга икки ҳафта мана шундай ракеталар отишди», дейди Сергей.
Унинг уйи омон қолган, бироқ хўжалик иншоотлари ва қўшниларининг уйи вайрон бўлган. Павловкадан бир неча ўнлаб вайронага айланган бинолар қолган эди. Аммо рус қўшинлари, дейди Сергей, турли ўқ-дорилардан фойдаланиб, қишлоқни текислашда давом этмоқда.
Қишлоқ турғуни Ларисанинг сўзларига кўра, бир вақтлар Павловкада юздан ортиқ одам яшаган. Энди – жуда нари борса йигирма киши қолган. Уларнинг аксарияти фақат инсонпарварлик ёрдами туфайли яшаб турибди:
"Улар бизга инсонпарварлик ёрдамини олиб келишди, банкаларни очишди, овқатландик - ва тамом. Шундай жон сақлаяпмиз".
Қўшни кўчада эри билан яшайдиган Валентина ҳам ҳеч қаерга кетишни истамайди. Болалари келинглар деб қўнғироқ қилишмоқда, лекин улар уйни ташлаб кетгилари йўқ.
«Қаерга ҳам борардик, уй ҳовлини кимга ҳам ташлаб кетардик. Биз ҳеч қаерга кетмаймиз. Бу бизнинг еримиз!», дейди қишлоқ турғуни.
Павловкада электр ва сув деярли йўқ: осколкалар деярли ҳар куни симларни узади. Аммо одамлар ўз қишлоғида қолишни афзал кўришади.
Нафақат Павловкада, балки Запороже вилоятидаги ўттизга яқин фронт чизиғидаги қишлоқларда юзлаб одам ана шундай бомба ва ракеталар ёмғири остида яшашга мажбур.
Украина Бош штаби: Россия қуролли кучлари сўнгги 24 соат ичида 57 та ҳаво ҳужумини амалга оширди
Охирги 24 соат ичида 20 дан ортиқ ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди, Россия кучлари бешта ракета ва 57 та ҳаво ҳужумини амалга оширди. Шунингдек, Украина ҳудуди 38 марта бир нечта ракета тизимларидан ўққа тутилган. Дронларининг давомли ҳужумлари ҳам қайд этилган: охирги 24 соат ичида 15 тадан 14 таси уриб туширилган.
Запороже вилоятида бир киши ҳалок бўлди, ярадорлар бор.
Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисакнинг сўзларига кўра, Никополнинг артиллериядан ўққа тутилиши натижасида 25 ёшли йигит оғир яраланган. У осколка жароҳати олган ва касалхонага ётқизилган.
Маҳаллий ҳукумат 24-сентябрга ўтар кечаси Россия дрон ва артиллериядан фойдаланган ҳолда бир неча ҳужум содир этилганини маълум қилди. Тўртта хусусий уй, универмаг биноси, болалар боғчаси қисман вайрон бўлган, электр тармоқлари узилган. Портлашлар Мировое ва Покровское қишлоқларида ҳам қайд этилган.
Украина Бахмут яқинидаги рус позицияларига артиллериядан зарба берди
Бахмут чеккасида давом этаётган шиддатли жангларда Ғарб томонидан етказиб берилган оғир қуроллар душманга жиддий зарар етказмоқда, дейди украиналик қўмондонлар Рейтер агентлигига берган интервьюсида.
Ўтган ҳафта Клишивка қишлоғи қўлга киритилганидан сўнг, украин қўшинлари иттифоқчилар томонидан етказилган гаубицаларни мақтади.
Олександр Бахмут жанубидаги қўлга киритилган Клишивка қишлоғи руслар қаттиқ ўрнашиб олган ҳудудлардан бири эканлигини айтади.
«Қуролли кучларимиз 155 ммли артиллерияларга таянмоқда. Ҳатто битта қурол ҳам вазиятни тескари йўналишга бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳужумни том маънода битта қурол билан тўхтатиш мумкин. Асосийси, қуролни керакли жойда ишлатиш. Руслар бизнинг қуролларимиздан нафратланишади. Биз эгалланган ҳудудлардам ҳам ўқ-дориларни қўлга киритяпмиз. Айтишларича, руслар бизда қанча ўқ-дори қолди деб ҳайрон қолаётган экан», дейди ҳарбий Олександр.
Украина қўмондонлари Клишивка ва Андривканинг қўлга олинишини Бахмутни қайтариб олиш учун муҳим қадам эканини айтмоқда.
“Биз ғалаба қозонишимизга шубҳа йўқ, бу вақт масаласи. Тез орада Бахмут, Донецк ва Қримни қайтариб оламиз. Умуман олганда, уруш бошламаган яхши эди, лекин қўшниларимиз, афсуски, бундай фикрдамас. Шундай экан, биз ҳам шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз", дейди бўлинма командири Ярослав.
Клишивка ва Андривканинг қўлга киритилиши Украинанинг июнь ойида бошланган қарши ҳужумидаги энг муҳим ютуқларидан бўлди. Украин қўшинлари Россиянинг мустаҳкам чегараларини ёриб ўтиши қийин кечмоқда.
Москва аэропортларида яна чекловлар жорий этилди
Якшанба оқшомида Москва аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилди. Бунга Россия ҳарбийлари Украина дронлари ҳужумини кутгани сабаб бўлган, дея тахмин қилинмоқда.
Учоқларни қабул қилиш ва жўнатишга муваққат чекловлар Внуково аэропортида маҳаллий вақт билан соат 22:26 да амалга киритилди, дейилади “Москва” агентлиги хабарида. Тахминан шу вақтда Домодедово аэропорти ҳам парвозларни чеклаган, сўнгра тўхтатган. Шереметьево аэропортида бир қанча рейслар кечиктирилгани айтилмоқда. 25 сентябр кечаси аэропортлар фаолияти тикланган.
Чекловлар жорий қилиниши сабаби расман эълон қилинмаяпти. Бироқ одатда бунақа чоралар Россия пойтахтига Украина тарафдан камикадзе дронлар учиб келаётган пайтларда қўлланади.
Аввалроқ Тула, Брянск вилоятлари ҳамда Севастополь шаҳри расмийлари дронлар уриб туширилгани ҳақида маълум қилган эди.